Сабр, меҳнат ва омад

Яқинда Тибо Куртуага қачон майдонга қайтасиз, деган саволга бунга ҳозир унчалик ҳожат йўқ, деб жавоб қайтарди. Унинг бундай дейишига асосий сабабчи Анрдей Лунин ҳисобланади. "Реал"нинг айни пайтдаги тезкор қарши ҳужумлари, ҳимояси ва жуда ҳам кучайиб кетган ярим ҳимояси билан бирга дарвоза чизиғи ҳам ўз ишини аъло даражада уддаламоқда. 

"The Athletic" нашрининг хабар беришича, "Реал"нинг айни пайтдаги асосий посбони хисобланмиш Андрей Лунин билан шартнома 2028 йилгача узайтирилади. Тез орада янги битим борасидаги расмий янгилик ҳам пайдо бўлиши мумкин. 19 ёшлигида мадридликлар сафига келиб қўшилган, Испаниянинг турли хил клубларига ижарага берилган ва асосий вақтини захирада ўтказган украиналик посбон учун умуман кутилмаган мавсум бўлди. Келаси йил шартнома муддати тугаган вақтда жамоани тарк этиши кутилаётган бир пайтда унинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетди. 

Renovación inminente de Lunin con el Real Madrid - AS.com

"Реал"га ўтиши

Футболчилик фаолиятини Украинанинг "Днепр" клубида бошлаган. 2017 йилда клуб молиявий қонунларни бузганликда топилиб, иккинчи дивизионга тушиб кетади. Таркибдаги ўйинчиларга эса кетиш учун имконият тақдим этилади. Шу пайтда Лунин жамоани тарк этади ва "Заря Луганск" клубига бориб қўшилади. У ерда ўзини кўрсатиб, скаутларнинг эътиборини тортади ва 2018 йилнинг ёзида "Реал" уни сотиб олади. Шу билан бирга, "Леганес"га ижарага берилади. 

Ижарадаги фаолияти

"Реал" Лунинни кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун "Леганес"да ижара асосида ўйнашини истайди, лекин Мадриднинг бошқа бир клуби унга бир мавсумда атиги 7 та ўйин беради. Орадан бир йил ўтиб, Андрей "Реал Вальядолид"га ўтади ва 2 та учрашувда иштирок этади. Бундан норози бўлган "қаймоқранглилар" қишнинг ўзидаёқ дарвозабонни қайтариб олиб, "Реал Овьедо"га ижарага беради. Ваниҳоят клуб ўзи кўзлаган мақсадга эришди. Астурияликлар таркибида Лунин ярим мавсум ичида 20 та ўйинда майдонга тушди. Аммо у 2020 йилнинг ёзида "Реал"га қайтади. Умуман олганда, Испаниядаги дастлабки йиллар футболчи учун фаолиятидаги ортга қадамдек кўринди. 

Lunin, Jugador 5 Estrellas del mes de enero | Real Oviedo | Web Oficial

Омад

2020 йилда "Реал"ни Кейлор Навас ва Альфонс Ареолалар тарк этганидан кейин Лунинда иккинчи рақамли дарвозабон бўлиш имконияти туғилди. Тибо Куртуа ҳам ўз даражасига қайтганди, яъни раҳбарият янги посбон сотиб олиш ҳақида ўйламаётганди. Анрдей эсе ўз навбатини кутишига тўғри келди. Орадан деярли 4 йил ўтиб, унинг даври келди. 

Мавсум бошида Куртуа жиддий жароҳат олиб, сафдан чиққанидан кейин мураббийлар Лунинга унчалик ҳам ишонишгани йўқ. Улар "Челси"дан Кепа Аррисабалагани ижарага олишни маъқул кўришди. Андрейга эса ҳаёт иккинчи марта кулиб боқди. Чемпионлар лигаси доирасида "Брага"га қарши ўйин олдидан асосий таркибда майдонга тушиши керак бўлган испаниялик посбон сон мушакларида оғриқ сезиб ва унинг ўрнига Лунин бошланғич таркибга киритилди. Мазкур баҳсдан кейин 25 ёшли дарвозабон деярли барча учрашувларда иштирок этиб келмоқда. Айниқса, Чемпионлар лигасининг чорак финалида "Манчестер Сити"га қарши ўйинда унга ишонч билдирилгани, Кепани захира аъзосига айланганидан далолат берарди. 

Lunin: “I'm not the hero, everyone did a great job” - Managing Madrid

Лунин ўша баҳсда ҳам ишончни оқлади. У 8 та сейф билан жамоасини голлардан қутқариб қолган бўлса, пенальтилар сериясида Бернарду Силва ва Матео Ковачичларнинг зарбаларини қайтарди. 

Анрдей "Реал"ни тарк этган тақдирда ҳам ишсиз қолиб кетмайди. Уни ўз сафига қўшиб олишга тайёр бўлган АПЛ клублари бор. Аммо у қолишга қарор қилди. Лунин шунча вақт асосий дарвозабон бўлиш учун сабр билан меҳнат қилди ва бунга эришди. Энди курашиш навбати Тибо Куртуага. 

Суҳроб Холбеков ёзди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!