Шомуродов навбатдаги учрашувда антиқа рекорд ўрнатади

Италия футболини ёритаётган www.tuttocagliari.net сайти эксперти Мартин Мусу статистикага ихтисослашган Opta маркази тарқатган маълумотларига асосланиб, А Сериянинг навбатдаги турида юз бериши кутилаётган эътиборга молик кўрсаткичлар ва рекордлар ҳақида маълумот берди.

Элдор Шомуродов ўйнаётган “Кальяри” жамоаси А Сериядаги жойини сақлаб қолиш учун муҳим ўйинда “Лечче” билан куч синашади. Сардинияликлар майдонида ўтказиладиган учрашувда кейинги пайтда бош мураббий Клаудио Раньерининг асосий ҳужумчисига айланиб қолган легионеримиз бошланғич таркибда ўйнаши кутилмоқда.

35-турнинг бўлажак беллашуви Элдор Шомуродов учун алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур баҳс тажрибали ҳамюртимиз учун А Сериядаги юбилей – 100-учрашув сифатида қайд этилади.

Шу тариқа, Элдор кучли бешлик чемпионатларида юзта ўйинда қатнашган биринчи ўзбекистонлик футболчи сифатида номини тарихга муҳрлайди.

Шомуродов 2020 йилнинг октябрида “Женоа” сафига қўшилган эди. Ҳужумчимиз илк мавсумда А Серияда 31 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига саккизта гол ҳамда битта ассист ёздириб ўтган.

Келаси мавсумни гранд клуб – “Рома” сафида бошлаган легионеримиз “бўрилар” сафида бир ярим йил давомида миллий чемпионатда жами 34 та баҳсда иштирок этган ва рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилиб, тўртта голли пас узатган.

Элдор Италиядаги учинчи жамоаси – “Специя” таркибида А Серияда 15 та ўйинда битта дан гол ва ассист қайд этган.

Жорий мавсумни “Кальяри”да давом эттираётган 28 ёшли форвард ҳозирча 19 та беллашувда учтадан гол ва ассист муаллифи бўлди. “Лечче”га қарши бўладиган баҳс чемпионатдаги 100-ўйин ҳисобланади.

Бундан ташқари Элдор Шомуродов Италия кубоги доирасида “Женоа”да битта ўйинда битта ассист узатган. “Рома” сафида ягона учрашувида тўп киритган. “Кальяри” ҳужумчи сифатида кубок мусобақасида икки марта майдонга тушган.

Элдор Италиядаги фаолияти давомида ҳозирча ягона бўлиб турган совринига “Рома” футболчиси сифатида УЕФА Конференциялар лигасида сазовор бўлган. Ҳужумчимиз Конференция лигаси саралаш турнирида иккита баҳсда битта гол урган эди. Нуфузли мусобақанинг асосий босқичда эса, тўққизда тўқнашувда иштирок этиб, жамоадошларига бир жуфт голли пас берган.

Элдор римликлар ҳужумчиси сифатида яна бир халқаро мусобақа – Европа Лигасида ҳам икки бор майдонга тушиб, бу турнирдаги голлари ҳисобини ҳам очиб қўйганди.

А Сериянинг навбатдаги турида яна қуйидаги рекорд ва кўрсаткичлар қайд этилиши кутилмоқда:

“Салернитана”га қарши учрашув Жан Пьеро Гасперини учун “Аталанта” бош  мураббийи сифатида 300-ўйин бўлади.  

“Фрозиноне” ҳужумчиси М'Байе Ньянг майдонга тушиши билан Европанинг кучли бешлик чемпионатларидаги учрашувлари сонини 300 тага етказиб олади.

Муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритган “Интер” навбатдаги баҳсда ғалаба қозонса, А Серия тарихида умумий тўплаган очколари сони 4600 тага етади.

“Интер” ҳозиргача А Серияда 5298 та гол урган ва бўлажак баҳсда бу кўрсаткични 5300 тага етказиши мумкин.

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию