Триатлон. Самарқанддаги жаҳон кубогида дунёнинг энг кучли 100 нафар спортчиси иштирок этади

Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Самарқанд шаҳрида триатлон ва пара триатлон бўйича “World Triathlon Cup Samarkand-2024” ҳамда “World Triathlon Para Cup Samarkand-2024” халқаро мусобаси бўлиб ўтади.  Бугун "Samarqand Hilton” конференц-залида ушбу нуфузлу спорт тадбирига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Халқаро триатлон иттифоқи мутасаддилари, Ўзбекистон триатлон федерацияси раҳбарияти, мусобақада иштирок этадиган таниқли атлетлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Вазир сўнгги йилларда барча йўналишлар қатори триатлон ҳам улкан ўсишга эришаётгани, терма жамоа учун барча шароитлар яратиб берилаётгани, юртимизда йирик мусобақаларни ўтказиш орқали ушбу спорт оммавийлиги оширилаётгани ҳақида тўхталди. Ўз навбатида, халқаро мутахассислар Ўзбекистон триатлон федерацияси бир неча йил аввал ташкил топганига қарамасдан жуда катта ўсишга эришганини алоҳида таъкидлашди.

Экспертлар мамлакатимизнинг сўнгги йилларда Осиё кубоги ва бошқа турли мусобақаларни юқори савияда ўтказгани Жаҳон кубогидек масъулиятли старт Ўзбекистонга ишониб топширилганига асос бўлганини билдиришди. Шунингдек, трасса қадимий обидаларга яқин ҳудудда ташкил этилгани хорижлик меҳмонларнинг янада катта қизиқишига сабаб бўлди. Анжуман давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олишди.

Мусобақада жаҳон элитасидаги 100 нафар кучли атлет иштирок этади. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатининг ғолиб ва совриндорларини учратиш мумкин. Дастурга кўра, баҳслар Олимпия масофасида ўтиб, спортчилар 1.5 км сузиш, 40 км велопойга ва 10 км югуриш бўйича рақобатлашадилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!