Улуғбек Бақоев: "Охирида дарвозабонимизни ҳужумга ўтказдик, унга ишонгандик ва гол урди"

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги охирги турда “Бухоро” клуби сафарда ОКМК меҳмони бўлди. 4 та гол урилган баҳсда томонлар 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этдилар.

ОКМК гуруҳда қолиб кетди, “Бухоро” эса кейинги босқичга чиқди. Ушбу учрашувда Улуғбек Бақоев жамоасига дуранг керак эди ва бунга эришди. ОКМК ютсагина кейинги босқич масаласини ҳал қиларди. Бироқ улар бу ишни уддалай олмадилар.

“Бухоро” майдонда 10 киши қолиб бўлса ҳам учрашувнинг охирги сонияларда дарвозабон мезбон жамоа дарвозасини ишғол қилди ва бухороликлар ўз мақсадига эришдидлар. “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев эса қуйидагиларни айтди:

“Ҳаммамиз турнир жадвалидаги ҳолатни билардик. ОКМКни қанчалик кучлилигини ҳам билардик. Ижрода, ўйин тартиби  билан ва ҳар тарафлама ажойиб жамоалиги барчага маълум. Суперлигада жиддий кураш олиб боряпти. Ўзбекистон Кубогида ҳам мақсади борлигини билиб тургандик. Шунга яраша биз футболчиларимизни учрашувга яхши тайёрладик.

Албатта, йигитларга қийин ўйин бўлишини тушунтирганмиз. Учрашувни яхши бошладик. Лекин ҳаяжон туфайли қўпол хатоларга йўл қўйдик. Биринчи бўлимда тезкор қатор қарши ҳужумлар уюштирдик. Лекин имкониятлардан фойдалана олмадик.

Иккинчи таймда ОКМКда мотивацияси кўпроқ эканлигини кўрдик ва гол ўтказиб юбордик. Аммо биз мувозанатни тикладик. Кейин бир ўйинчимизни қўпол хатоси билан майдонда 10 киши бўлиб қолдик. Футболчимиз пас бериш керак эди, аммо буни қилмади ва дарвозамиздан гол ўтказдик.

Футбол драматик бўлишини яна бир бор кўрдик. Охирида дарвозабонимизни ҳужумга ўтказдик ва биз унга ишонгандик, у гол урди. Футболчилардан жон-жаҳди билан ўйнаганлари учун миннатдорман. Ўзимизга ишониб ўйнаганимиз учун дуранг ўйнадик ва керакли натижага эришганимиз учун Кубокнинг кейинги босқичига чиқа олдик. ОКМК клубига кейинги учрашувларда омад тилайман. Умид қиламанки, улар ўз олдига қўйилган мақсадига эриша оладилар”, - дейди Бақоев. 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию