SPORTS.uz талқинидаги Европа топ-5 чемпионатлари рамзий терма жамоаси
Мураббий: Стефано Пиоли (4-5-1)
Келгуси мавсумда Ральф Рангник «россонерилар» мураббийи деб эълон қилиниши деярли аниқ бўлиб улгурди. Пиоли эса рестартдан сўнг жамоасини шундай кайфиятда майдонга бошлаб тушмоқдаки, беихтиёр «Милан»нинг Европани зир титратган даврлари кўз олдимизга келади.
Ҳар ҳолда, кўҳна тарихга эга бўлган ушбу клубнинг чемпионлик учун жиддий курашаётган «Лацио» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониши шунга умид бермоқда.
Пиоли шогирдлари 4-5-1 (4-2-3-1) тактик схемасида майдонга тушганди. Айнан шу схема жамоамизни тузишда асос бўлиб хизмат қилади.
Дарвозабон: Алекс Маккарти
Маккартининг «Сити» уюштирган ўнлаб ҳужумларда амалга оширган қаҳрамонликлари жамоасининг Чемпионшипга тушиб кетишининг сўнгги эҳтимолларини ҳам йўққа чиқарди. Чемпионатда иккинчи ўринни деярли нақд қилиб бўлган «шаҳарликлар»нинг ушбу натижаси учрашувни томоша қилмаган мухлис учун оддий ҳолдир. Аммо Гвардиола жамоасидан фақат ғалабани кутганди. Манчестерликлар эса қанча ҳаракат қилмасин, инглиз посбони дарвозасини забт эта олмади.
Чап қанот ҳимоячиси: Марсело
Чемпионлик томон яна бир оғир қадамни «Қироллик клуби» Рамоснинг пенальтидан киритган голи орқали ташлади. Кетма-кет икки марта рамзий жамоамиздан ўрин олган «Эль Капитано» ўрнига бу гал унинг жамоадоши Марселони киритишни маъқул топдик. Марсело пенальти ишлашдан ташқари, учрашув мобайнида бильбаоликлар қанотини безовта қилиб турди. Ҳимоядаги позициясида ҳам ўта ишончли футбол намойиш этди.
Марказий ҳимоячи: Алессио Романьоли
Римдан йирик ҳисоб билан қайтиш «Милан»га осон кечмади, албатта. «Лацио» тўпурари Чиро Иммобиленинг майдонда эмаслиги миланликларга қўл келди. Қолган футболчилар билан ҳужумга ташланган майдон эгаларининг ҳужумларини Романьоли бошлиқ ҳимоя чизиғи бартараф этиб турди.
Марказий ҳимоячи: Шкодран Мустафи
Тур мураббийи бўлишга номзод мураббийлардан бири Микель Артета эди. «Канонирлар»нинг ушбу турдаги ажойиб ўйинида жамоавийлик асосий ролда, яққол феномен йўқ. Аммо бу каби зўр ўйин кўрсатган жамоадан кимдир рамзий жамоамиздан жой олиши керак эди.
Траоре ва Хименес доимгидек рақиб ҳимоясига турли маневрлар билан кириб боришга интилишди. Мавсум давомида танқид остига олинган «Арсенал» ҳимояси шу куни яхши ҳаракат қилди. Мустафи алоҳида хизматлари билан ажралиб турмади. Бироқ у мана шу ҳимоянинг асосий фигураларидан бири ҳисобланади.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Серхи Роберто
Роберто ноёб истеъдодидан доим ҳам фойдалана олмайди. Унинг муаммоси шунда: барқарорлик йўқ. «Вильяреал»га қарши ўйиндаги каби ҳаракатларни кўпроқ амалга оширган тақдирда у ҳозиргача анча катта марраларни забт этган бўларди. Бу каби учрашувларда у майдонни шундай кўра биладики, беихтиёр унинг юқоридан қараб турган кўзи йўқмикан, дейсиз. Унинг калит пасларини ҳужумдагилар қандай ривожлантиришни яхши билади…
Таянч ярим ҳимоячиси: Эрик Пульгар
«Фиорентина» ушбу мавсумда кутилмаган тарзда А Серияда қолиш учун курашяпти. Бевосита ўзидан олдинда кетаётган «Парма»ни мағлуб эта олиш флоренцияликлар учун муҳим эди. Чилилик футболчининг биринчи бўлимда киритган иккита голи амалда барчасини ҳал қилиб берди.
Энди «Фиорентина» хавфли ҳудуддан 9 очко узоқда.
Таянч ярим ҳимоячиси: Томаш Соучек
«Вест Хэм»ни қўлидан келганча олдинга бошлаётган чехияликнинг ҳаракатларини жамоадошлари қўллаб-қувватламаяпти. Ўтган гал ҳам рамзий терма жамоамиздан жой олган Соучек бу сафар «Ньюкасл» дарвозасига йўл топди. «Болғачилар» хавфли ҳудуддан 4 очко олдинда, холос. Томашнинг кетма-кет икки ўйинда киритган голлари бўлмаганда аҳвол янада оғирроқ бўларди.
Чап қанот вингери: Лионель Месси
Месси ҳужумда универсал футболчи. Бу галги супер ўйиндан сўнг уни жамоамиздан тушириб қолдира олмасдик. Яна иккита голли пас аргентиналик тирик афсонанинг ҳисобига ёзилди. Гол ҳам уришга эришганди, бироқ ВАР уни бекор қилди. Ҳафта давомида муаммолари муҳокамалар марказида бўлган «Барселона» «сариқ сувости кемаси»ни илма-тешик қилиб ташлади. Месси дирижёр ролида бўлгани учун ҳам ушбу ўринга муносиб топилди. Аслида, «Барса» ҳужум чизиғидагиларнинг ҳеч бири ёмон ҳаракат қилмади.
Ўнг қанот вингери: Мейсон Гринвуд
Футболда мотивация кўп нарсани ҳал қилади. Гринвуд «Борнмут»га қарши учрашувда киритилган 5 голдан иккитасининг муаллифи бўлди. Унинг голлари муҳимлик жиҳатидан қолганларидан бир бош устун эди. У жамоага қўшимча куч бағишловчи голларни жуда керакли пайтда киритди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш
Биргина ақлли трансфер барча соғинган МЮни бизга қайтариб берди. 2 та пас ва битта гол! Брунуни тўхтатиб бўлмаяпти. У жамоага берган ишонч ва манчестерликлар қалбига солган умид учқунларининг баҳоси йўқ.
Энг ашаддий рақиблари ҳам МЮнинг бу қадар пароканда бўлиб кетишини истамайди, наздимизда. Шунинг учун ҳам Фернандешдан ҳамма миннатдор. Унинг ёрқин ўйинларини кузатиш барчага бирдек завқ бағишлайди.
Ҳужумчи: Криштиану Роналду
Роналду Италия кубоги финалидан кейинги танқидларни унутиб ҳам юборди. У тинмай гол уряпти. Сўнгги голига эса гап йўқ. Жарима зарбаларини қандай ижро этиш ҳали ҳам ёдида эканини исботлади. Рекордлар ҳам ўз ўрнида забт этиб борилмоқда.
Бу галги рамзий терма жамоамиздан ҳам Дибала, Гризманн, Мората каби футболчилар тушиб қолди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Артета ҳам тур мураббийи бўлиш учун асосий номзодлардан эди. Бироқ тур жамоасига киритилган футболчилар ҳам эътирофга муносиб ҳаракатларни амалга оширган эди.
Бугундан яна янги тур беллашувлари бошланади. Кузатамиз ва келгуси рамзий терма жамоа қаҳрамонларини кашф этамиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
SPORTS.uz талқинидаги Европа топ-5 чемпионатлари тур рамзий терма жамоаси
Фикрлар