Афсонавий “Милан”: зафарлар, инқироз, муаммо ва ечимлар
“Биз “иблислар” жамоасини ташкил қиламиз. Формамиз олов каби қизил ва рақибларимизни даҳшатга солиш учун қора ранглардан ташкил топади”. Бу гаплар 1899 йилнинг 16 декабрида “Милан” клуби асосчиси Герберт Килпин томонидан айтилган эди. Дарҳақиқат, йиллар давомида “россонерилар” “кўҳна қитъа” фаворитлари сафида эътироф этиларди. Бироқ клубдаги муаммолар уни совринлар учун курашдан четга чиқариб, еврокубок йўлланмалари учунгина кураша оладиган жамоа даражасигача тушиб кетишига сабаб бўлди.Бутун Европани зир титратган “Милан”га нима бўлди? Асл муаммо нимада? Бугун ушбу буюк клубнинг XXI асрда босиб ўтган йўли ҳақида сўз юритамиз...
Зафарлар
XXI аср бошларида жамоани қабул қилиб олган Карло Анчелотти 8 мавсум давомида “қизил-қоралар” билан катта муваффақиятлар қозонди: 2 бор Чемпионлар лигаси, шунча УЕФА суперкубоги, 1 мартадан Скудетто, мамлакат кубоги ва суперкубогини боши узра баланд кўтарди. Ундан ташқари, ҳужумкор ўйин услуби орқали доимо гранд клублар билан тенгма-тенг кураш олиб борди. Албатта, улкан муваффақиятлар дебочаси сифатида “Олд Траффорд”да бўлиб ўтган 2002/2003 йилги мавсум Чемпионлар лигаси финалини эслаб ўтиш жоиз. Ўта асабий руҳда ўтган ушбу финалда Анчелотти ўз рақобатчиси Марчело Липпига қараганда шогирдларига кўпроқ мотивация бера олган эди. Акс ҳолда, “Милан” футболчилари пенальтилар сериясида кетма-кет икки бор адашса-да, якунда “Орзулар театри”дан “шалпангқулоқ” билан қайта олмас эди. Мураббий эффекти “Ювентус”га қарши баҳсда катта саҳнага чиқди. Ва тақдирнинг ҳазилини қарангки,орадан 2 йил ўтиб, ҳудди шу жиҳат италиялик мутахассис ва унинг шогирдларига панд берди. “Ливерпуль” билан Истанбулда кечган ўйин ўшанда миланликларга мухлислик қилган барча учун қўрқинчли тушдек эсланади. Финал учрашувининг 1-бўлимидаёқ 3 та гол уриб, йирик ҳисобда олдинга ўтиб олган “россонерилар” билан иккинчи қирқ беш дақиқаликда мутлақо бошқа жамоа ўйнаётгандек эди, гўё. Танаффусдан кейин, дастлабки 15 дақиқадаёқ 3 та тўп қабул қилиб олган Мальдини бошлиқ миланликлар ўзларига кела олмади ва футбол лотереясида кубокни мерсисайдликларга бой берди. Кимсан Пирло ва Шевченко ҳал қилувчи зарба йўллашда хатога йўл қўйган финалда жамоадан натижа кутиш бироз мушкулдек эди. Бу каби мағлубиятга қарамай, айнан Анчелотти мураббийлик қилган давр “россонерилар” тарихида энг шонли йиллар сифатида эсланади. Ва шу сабабли ҳам италиялик мутахассиснинг жамоани тарк этиши “Милан” клубига қимматга тушди.
“Карло ота” жамоани кетма-кет 8 йил бошқарган бўлса, ундан кейин шунча муддат ичида раҳбарият яна 8 нафар мутахассисни алмаштирди. 1 мавсум аввал бутун Европани зир титратган, Чемпионлар лигаси финали остонасида Сэр Алекс Фергюсон шогирдларини доғда қолдириб, ҳал қилувчи баҳсда “Ливерпуль” клубидан Истанбулдаги даҳшатли камбек аламини олган “россонерилар” ҳам, уларнинг мухлислари ҳам келаётган мавсумларда қандай натижалар кутиб турганини хаёлларига келтирмаган бўлсалар керак...
Инқироз
Афсонавий “Милан” клуби сўнгги бор Европа Чемпионлар лигасида бундан роппа-роса 6 мавсум илгари иштирок этган. Шунда ҳам нимчорак финалда ўз юришларини тўхтатган. Ўзининг шонли тарихи давомида ушбу турнирда 7 бор ғолиб бўлган мазкур клуб, афсуски, бугунги кунда Европа лигаси учун курашмоқда. Италия А Сериясида ҳам ишлар у қадар яхши эмас. Аслида, ёмон дейиш ҳам мумкин, аммо сўнгги турларда Пиоли шогирдлари бироз ўзларига келгандек туюлмоқда ва бу ҳолат жамоа аста-секин ўз даражасига қайтаётгандек таассурот қолдирмоқда. Шунга қарамай, “россонерилар” турнир жалвалида тарихан ўзларига мутлақо мос бўлмаган, бироқ сўнгги йилларда анча кўникиб қолган 7-поғонада кетмоқдалар. Боз устига, миланликлар Скудеттони 2010/2011 йилги мавсумдан бери қўлга кирита олмаяпти. Нафақат Италия, балки бутун дунёда миллионлаб мухлисларига эга бўлган ушбу жамоа учун бундай натижалар огоҳлик қўнғироғи вазифасини ўташи керак. Ахир 8 мавсумдан бери бир клубнинг шоҳсупадан тушмаётганлиги ҳам чемпионат нуфузига, ҳам мухлислар қизиқишига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.
Бундан ташқари, бугунги “Милан” на дунёга машҳур юлдузларни жамоага жалб қилмоқда, на шундай истеъдодларни кашф этмоқда. Тўғри, жамоада бир қанча ёш футболчилар тўп сурмоқда. Бироқ футбол оламига Паоло Мальдини, Франко Барези, Пирло, Кака каби ўнлаб машҳурларни танитган ва экспорт қилган клубдан кўпроқ нарса кутилиши табиий.
Муаммолар
Аслида, бу пасайишга сабаб раҳбариятнинг ғалати ва тушунарсиз қарорлари, дейиш мумкин. Яъни, футболдан кўра кўпроқ сиёсат борасида ақлли юришлар қилган Сильвио Берлускони афсонавий клубни жар ёқасигача олиб келди. Жамоадан максимал фойда кўришни мақсад қилган миллиардер умидли футболчиларни катта нархларга пуллайди ва уларнинг ўрнини боса оладиган трансферларни амалга оширмайди. Буни устига, жамоадаги футболчиларнинг ёши ўтаётганлиги туфайли ўйинларида пасайиш кузатилаётганлигини ўз вақтида ҳис қилмаган клуб мутасаддилари ҳалигача афсус чекаётган бўлса ажаб эмас.
“Қизил-қоралар” сўнгги бор Европада тенгсиз эканлигини амалда исботлаган мавсумдан кейин таркибида кескин ўзгаришлар юз берди. Миланликлар сафини бирин-кетин Роналдо, Жилардино, Кака, Дида, Тиаго Сильва, Пирло, Неста каби афсоналар тарк этди, Мальдини, Кафу, Сержиньо сингари даҳолар эса ўз фаолиятини якунлади. Таркиб жиҳатидан оқсашни бошлаган “россонерилар” ўз сафига Эмерсон, Пато, Абьятти, Матри, Абате каби ёш ва истеъдодли футболчилар билан бир қаторда Замбротта, Роналдиньо, Бекхэмдек юлдузларни қўшиб олди. Кейинчалик ҳам бир қатор кўзга кўринарли ишлар қилинди. Бироқ деярли ҳар мавсум мураббий алмашгандан сўнг аксарият футболчиларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди, ўз даражасини йўқотди.
Юқоридаги муаммолар табиийки, клубнинг молиявий мавқеъини ҳам пастлашига олиб келди. Дунёга машҳур Форбес нашри маълумотларига қараганда, 2011 йили “Милан”нинг асосий таркиби 838 млн долларни ташкил қилган. Бу рақамлар йилдан йилга пастлашда давом этган ва 2019 йилга келиб, 583 млн долларгача тушган. Аксарият рақам ва фактлар ушбу жамоани ўртамиёна клублар сафига тобора чуқурроқ шўнғиётганлигини кўрсатмоқда.
Ечимлар
7 карра Чемпионлар лигаси ғолиби, 18 марта Скудеттони қўлга киритган “россонерилар” ҳар иккала натижа борасида 2-ўринда туради. Бундан ташқари, улар турли йилларда Италия кубогини 5 ва супуркубогини 7 бор бошлари узра баланд кўтаришган. Афсуски, клубнинг бугунги умумий ҳолати яхши эмас. Лекин жамоа аввалги, ўзи лойиқ бўлган даражага қайтиши учун имконият мавжуд ва айтиш мумкин-ки, мухлислар, бош мураббий ва футболчилар кўзида умид учқунлари кўринмоқда. Энди бу вазиятда раҳбариятнинг ҳам масъулияти юқори. Чунки мунтазам ўсишга эришаётган мураббий Стефано Пиолига яна 1 мавсум имконият бериш лозим, назаримизда. Сабаби айнан у аксарият футболчилар билан тил топишишга эришмоқда ва энг муҳими, унга қўл остидагилар ҳамда мухлисларнинг меҳри тобора тушиб бормоқда.
Яна бир жиҳат “қизил-қоралар” учун ўта муҳим ва долзарб ҳисобланади: таркибдаги умидли ва ёш ўйинчиларни сотиб юбормаслик. Бугунги кунда “Милан” таркибида Доннарумма, Тэо Эрнандес, Беннасер, Франк Кесси, Лукас Пакета, Хакан Чалҳанўглу, Анте Ребич, Леао каби умидли футболчилар ҳаракат қилмоқда ва айни пайтда уларнинг жамоада қолиши муҳим. Қўшимчасига, Хамес, Лука Йович, Эрик Ламела, Коутиньо каби ҳозирги клубида кам ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчилар сотиб олинса, нур устига аъло нур бўлар эди. Бундай футболчиларга янги муҳитда мотивация топиб бериш анча осон кечади.
“Милан” клубининг яна ўзи лойиқ бўлган чемпионлик шоҳсупаларига қайтиши ҳар бир футбол иҳлосмандини хурсанд қилиши шубҳасиз. Ҳужумкор, чиройли футбол кўрсатадиган, ҳимояда тартибли ўйнайдиган “россонерилар”ни барча ёқтиради ва умид қиламизки, уларнинг “камбеки” узоқ куттирмайди.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
SPORTS.uz талқини бўйича топ-5 чемпионатлар рамзий терма жамоаси
Месси юқорилади, Фернандеш “топ-10”да: “Олтин тўп”га даъвогарларнинг янгиланган рейтинги
Фикрлар