Бектемир Мелиқўзиев ва Сергей Ковалёв жангида кимнинг имконияти юқори? Бокс мутахассислари жавоб берди

  • 17 декабрь, 2020, 15:26
  • 0
  • Бокс

Бугунги кунда Ўзбекистон профессионал бокс оламидаги энг шов-шувли воқеа бу - Рио Олимпиадаси совриндори Бектемир Мелиқўзиевнинг россиялик собиқ жаҳон чемпиони Сергей Ковалёв билан жанг қилиши эканлиги десак, муболаға бўлмайди. 30 январь куни Москвада “Лужники” аренасида ушбу тўқнашув содир бўлади. Маълумки, Сергей ўз вақтида WBA Super, IBF, WBO йўналишлари чемпиони бўлган. Шунингдек, “Pound for pound”  рейтингида иккинчи ўринда ҳам қайд этилган. Хуллас, ҳақиқий юлдуз ва улкан тажриба эгаси саналади. Бектемир Мелиқўзиевни эса янги келажак юлдузи десак, янглишмаган бўламиз. Бир сўз билан айтганда ажойиб жанг бўлади.

Биз ушбу тўқнашув ҳақида уларнинг имкониятлари борасида ўзбекистонлик бокс мутахассисларининг фикри билан қизиқдик.

Зуфар Сулаймонов – мураббий

- Мазкур жанг жуда қизиқ ўтиши аниқ. Чунки улкан тажриба ва иштиёқ тўқнашуви бўлади. Албатта, Ковалёв тажрибали, ўз вақтининг юлдузи, қисқа қилиб айтганда жуда жиддий рақиб. Бироқ барибир ёш ўз сўзини айтади. Бектемир эса ёш ва туғма истеъдод! Ундаги кучли зарба ва рингни ҳис қилиши қўл келади. Ўйлайманки, ушбу тўқнашувда Мелиқўзиев ғалаба қозонади.

Зуфар ака2

Азамат Муродов – журналист

- Жангга тўхталишдан олдин бир фикр айтмоқчи эдим. 4 йил олдин (менимча унча катта муддат эмас) Сергей Ковалёв йилнинг, балки ўн йилликнинг энг кутилган жангида Андре Уордга қарши рингга кўтарилганди. “Афина-2004” Олимпия ўйинларида Ўткирбек Ҳайдаровни ҳакамларнинг яққол ён босиши эвазига “ютиб”, ўзбеклар қалбида алам қолдириб кетган Уордга қарши жангда Ковалёвга икки ҳисса мухлислик қилганим эсимда. Ковалёв ана шундай катта жангларда иштирок этган катта боксчи. Бир йилгина олдин ҳам, у бугунги замонавий бокснинг қироли бўлиб турган “Канело”га қарши рингга чиққан.

У минглаб боксчи болаларининг кумири бўлган. У ҳақиқий глобал даражадаги юлдуз!  

Бектемир Мелиқўзиев ўзининг профессионал боксдаги эндигина 7-жангида мана шундай савиядаги боксчига қарши рингга чиқаяпти. Бунақа юқори даражадаги рақибга қарши охирги марта Руслан Чагаев рингга чиққанди. Кличкога қарши, албатта. Аҳмадалиевнинг чемпионлик камарларига чуқур ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкин, бу Ўзбекистон учун профессионал бокснинг сўнгги 10 йилликдаги энг муҳим воқейлиги. Бектемир профбоксда тажрибаси юқори бўлмаса-да, айнан мана шундай жангларга муносиб боксчи. Арзийди. Мана шундай катта таваккалларга бориш, янги чақирувлар излаш унга хосдир. Ўзбекистонда иккита энг зўр боксчини ажратсак, унинг биттаси сўзсиз Бек “безори”, балки энг зўридир. Шунинг учун, айнан Бек бизни мана шундай катта жангларга яна қайтараётгани мантиқли бўлса керак.

Бўлажак жанг ҳақида тўхталадиган бўлсак, осон бўлмаслиги аниқ. Айтганимдек, Ковалёв ёши ўтиб бораётган бўлса-да, бир йилгина олдин ўз вазнида жаҳон чемпиони бўлган. Фақатгина “Канело”га бу унвонни бой берган. Шу маънода, Бектемирга жуда қийин бўлади. Албатта бир йилдан ортиқроқ муддат жанг ўтказмаган Ковалёвнинг юқори спорт формасида бўлишини кутиш қийин. Бундан эса, Мелиқўзиев фойдаланиши керак. Аллоҳ насиб этса, у буни уддалайди. Жангдан олдин башорат қилмоқчи эмасман. Тезроқ шу кун келишини ва мазза қилиб супер жанг томоша қилишни истайман.

азамат

Марс Қўчқоров – мураббий

- Тўғрисини айтсам, менга азалдан Ковалёвнинг жанг олиб бориш манераси, тактикаси ҳеч ёқмаган. Қолаверса, унинг ёши ҳам анчагина катта. Мелиқўзиев ёш ва энг асосийси унинг мақсади пул ишлаш эмас, аксинча, натижа кўрсатишдир. Бектемирда ўзига хос техника ва зарбалар бор. У Ковалёвни қийнаб ташлайди. Чунки Сергей бундай тоифадаги боксчиларга дуч келмаган. Менимча, жанг охирига етиб бормайди. Сабаби, Ковалёв зарба ҳам кўтара олмай қолган. Муддатидан аввал Бектемир ғалаба қозонади. Россиялик боксчи жангларга у қадар жиддий тайёргарлик ҳам кўрмай қўйганга ўхшайди. Мелиқўзиев жуда яхши ҳозирлик кўрмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, Мелиқўзиев юқорида таъкидлаб ўтганимдек, муддатидан аввал ғалаба қозонади. Албатта, бу менинг шахсий фикрим!

Марс ака

Маҳмуд Хўжаев – мураббий

- Бектемир жуда кучли ва ажойиб боксчи. Унинг зарбалари кучли, оёқда ҳам жуда яхши ҳаракат қила олади. Шунингдек, ҳаваскор боксда ҳам улкан тажрибаси бор. Ковалёв ҳам ҳаваскор йўналишда Россия чемпиони ва янглишмасам ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлганлигини биламан. Шундай бўлса-да, барибир Мелиқўзиевнинг мактаби кучли, деб биламан. Ковалёв зўр боксчи. Бунга шубҳа йўқ! Лекин сўнгги вақтда унинг мақсади пул ишлаш бўлиб қолган. Чунки ёши шуни тақозо қилмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Мелиқўзиев уни муддатидан аввал мағлуб этади.

мах ака

Ўткирбек Ҳайдаров – мураббий

- Бектемирнинг имконияти юқори... Ковалёвнинг фаолияти ҳозирда орқага кетган. Бектемирда жуда кучли зарба бор ва ҳис қилиш қобилияти ҳам юқори. Унча-мунчага зарба ўтказмайди ва зарбани ҳам кўтара олади. Ўйлайманки, Бектемир ғалаба қозона олади.

уткир ака

Тўлқин Қиличев – мураббий

- Жангнинг қаерда ўтказилишини аҳамияти йўқ. У “Лужники”да бўладими ёки АҚШда... Шахсан мен Бекка ишонаман! У жуда иқтидорли боксчи ва ютқазишни хуш кўрмайди. Аллоҳнинг инояти билан албатта, Бектемир ғалаба қозонади.

Тулыин ака

Жаҳонгир Қурбонов – мураббий

- Жуда қизиқ жанг бўлади. Ковалёвга Бектемирни жуда ноқулай рақиб, деб биламан. Ковалёв тажриба жиҳатидан устун. Лекин Бектемирда жисмоний имконият юқори даражада. Бектемир яқин масофага тез кириб боради ва бу масофада жуда яхши ҳаракат қилади. Ковалёвнинг жанг олиб бориш услуби эса кўпроқ ҳаваскор йўналишга ҳос яъни, узоқ масофадан “жеб” зарбаларда кўпроқ ишлайди. Бектемирга бу услуб жуда қулай, деб айта оламан. Албатта, ким ғалаба қозонади, буни вақт кўрсатади. Ахир бу бокс! Бу спорт турида ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин. Шундай бўлса-да, Беккка ишончим юқори. Фоизлар ҳисобида 70/30 Бекнинг ҳисобига.

жаха курбонов

Жалол Аҳмедов – журналист

- Бектемир Мелиқўзиевга промоутерларнинг ишончи катта. Профессионал фаолиятини бошлаганига 1 йил бўлган боксчи учун Ковалёвдек рақибга қарши жанг берилиши камдам- кам учрайди. Бектемир зарбаси анча кучли бўлиб, оёқ ҳаракатларини ҳам уйғунлаштира олади. Ковалёв масофадан “жеб”ларда анча устун. Кўп жангларида айнан ушбу “жеб” зарбалари унга мувафаққият келтирган. Бектемир бўй жиҳатдан бироз пастроқ асосан, тана зарбалари унга кўпроқ керак бўлади ва Бектемир бу ишни ажойиб уддалаганини олдинги жангларда кўрдик. Тахминимча бу жангда Бектемир жангни муддатидан олдин якунлашга ҳаракат қилади ва буни уддалай олади, деб ўйлайман.

жалол_2

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!