Марказий Осиёда ягона енгил атлетика маркази ишга туширилди

1161

Марказий Осиёда ягона енгил атлетика маркази ишга туширилди

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Чунки спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиради.Спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлайди. Мустақиллик йилларида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилди. Шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт комплекслари бунёд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларни барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатимиз спортчиларини нуфузли мусобақалар, жумладан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди. Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди. Улар орасида Тошкентда Республика енгил атлетика марказини ишга тушириш ҳамда ундан самарали фойдаланишга эътибор қаратилди.

Енгил атлетика марказини бунёд этиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2013 йил 25 февралда имзоланган ва қурилиш учун масъул сифатида “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси белгиланган эди. Марказ биносига биринчи ғиштни Халқаро енгил атлетика федерацияси биринчи-вице президенти, афсонавий спортчи Сергей Бубка қўйгани эътиборга молик.

Бугунги кунда Марказий Осиёда ягона бўлган ва барча замонавий талабларга жавоб берадиган енгил атлетика маркази фойдаланишга топширилмоқда. Югуриш йўлкалари дунёга машҳур “Konika” компанияси маҳсулоти бўлса, асбоб-анжом ва ускуналар бошқа бир машҳур компания “Nordik” томонидан етказиб берилган. Бу ҳақда goskomsport.uz хабар бермоқда.

Марказда спортчиларнинг шуғулланиши, яшаши, мусобақалашиши учун шарт-шароит мавжуд. Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телевидение орқали бевосита репортажлар уюштириш учун имкониятлар яратилган. Эндиликда мамлакат енгил атлетика федерацияси шу ерда жойлашади ва ушбу спорт турини ривожлантиришни янада юксак савияга кўтариш учун барча чораларни кўради.

Ўзбекистон енгил атлетика мактаби ўзининг ажойиб анъаналарига эга. Бир қатор спортчиларимиз халқаро мусобақаларда шоҳсупага кўтарилиб, байроғимиз баланд ҳилпирашига сабабчи бўлишган. Жумладан, 2000-йилларнинг ўзида Леонид Андреев ва Светлана Радзивил ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритишди, Гўзал Хуббиева, Надия Дўсанова каби спортчиларимиз Осиё ўйинлари ва қитъа чемпионатларида олтин медалга сазовор бўлишди.

Янги енгил атлетика маркази ана шу ажойиб юлдузларнинг ворисларини вояга етказишда, нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчилар захирасини тайёрлашда муносиб ҳисса қўшишга имконият яратади.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, спорт фахрийси Озод Рўзметов, ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ва кўплаб нуфузли халқаро мусобақалар ғолибаси Светлана Радзивил сўзга чиқиб, бундай ажойиб шарт-шароит яратилишига сабабчи бўлган давлатимиз раҳбарияти, бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган барча-барчага миннатдорчилик изҳор қилишди ҳамда ушбу марказ янги ёрқин ғалабалар учун замин ҳозирлашига умид билдиришди.