Баҳодир Жалоловнинг Рио-2016даги рақиби 38 сонияда нокаутга эришди

Британиялик супер оғир вазн тоифали боксчи Жо Жойс профессионал рингдаги 3-ғалабасини нишонлади, дея хабар беради Vringe нашри.

У мазкур жангда америкалик Донни Палмер билан куч синашиб, биринчи раунддаёқ рақибини рингга қулатишга эришди. Бунинг учун Жойсга атиги 38 сония керак бўлди.

32 ёшли Жойс учун бу профессионал рингдаги учинчи ғалаба бўлди. У илк жангини 2017 йил октябр ойида ўтказган эди. 34 ёшли Палмер фаолияти бу иккинчи мағлубият бўлди. Унинг ҳисобида шунингдек 9 ғалаба (8 нокаут) ва 1 дуранг бор.

Жойс кейинги жангини Лондон 5 май куни  Дэвид Хэй ва Тони Белью ўртасида ўтадиган бокс кечасининг андеркарт жангида рингга чиқади. Унинг рақиби британиялик Дерек Чисора бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Жойс Рио-2016 Олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган. У чорак финалда Баҳодир Жалоловни, ярим финалда қозоғистонлик Иван Дичкони мағлуб этган бўлса, финалда франциялик Тони Йокога имкониятни бой берган.

Баҳодир Жалолов март ойи бошида профессионал боксга ўтганлигини ва илк жангни апрел ойида ўтказишни маълум қилган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!