Бобур Нажмиддинов: Корея промоутерлик компанияси ўзбек боксчилари билан шартнома имзоламоқда

  • 24 апрель, 2018, 16:29
  • 0
  • Бокс

Ҳозирда ҳаваскор боксчиларимиздан ташқари профессионал боксчиларимиз ҳам жаҳон ареналарида муносиб иштирок этишмоқда ва турли ҳорижий промоутерлик компаниялари билан шартномалар имзолашмоқда. Яқин орада яна икки нафар профессионал боксчимиз Кореянинг “Cocky Buffalo” промоутерлик компанияси билан шартнома тузишни режалаштирмоқда. Булар Элдор Саидов ва Ҳусниддин Пўлатов.

Бу ерда улардан ташқари ўзбек мураббийи Бобур Нажмиддинов ҳам фаолияти юритади. Биз ушбу мураббий билан промоутерлик компаниясининг фаолияти ҳамда боксчиларимизнинг шарқдаги имкониятлари ҳақида суҳбат ташкил қилдик.

– Бобур аввало, “Сocky Buffalo” билан ҳамкорликни йўлга қўйилиши тарихи борасида маълумот бериб ўтсангиз?

– “UZB Favzul Munavvar” бокс промоутерлик компанияси 2016 йилдан бошлаб Корея профессионал бокс федерацияси билан ҳамкорликда иш юритиб келади. Шу “Сocky Buffalo” 2018 йилнинг бошида фаолиятини бошлаган. Бунга бизни Корея бокс федерацияси таклиф қилди ва биз ўрганиб чиқиб, келишувга рози бўлдик. Мени мураббий қилиб олишди. Бу компанияда асосан кореялик ва вьетнамлик боксчилар бор эди, кейин менинг таклифимга биноан ўзбек боксчилари ҳам таклиф этила бошланди.

– Нега энди Корея промоутерлик компанияси машғулотларни Вьетнамда ўтказади?

– Ушбу промоутерлик компанияси раҳбарининг асосий бизнес ва қўшимча ишлари Вьетнамда жойлашган. Шунинг учун базани ўша жойга қилган. Корея, Вьетнам ва бошқа Осиё давлатларидан келган боксчилар машғулотларни шу жойда олиб боради, лекин жанглар Кореяда ташкил қилинади.

–  Ҳозирда, Элдор Саидов ва Ҳусниддин Пўлатов мазкур промоутерлик клуби билан шартномаси бор шундайми?

– Ҳозирча боксчиларимиз промоутерлик компанияси билан 100% шартнома имзолаганича йўқ. Уларга синов жанглари қўйилган. 5 май куни Элдорбек Саидов кўрик жангини ўтказса, 22 май куни Ҳусниддин Пўлатов рингга чиқади. Ҳозирда уларга барча шароитлар яратиб берилган. Бўлажак жанг натижаларидан сўнг барчаси маълум бўлади.

– Шартномалар қандай бандлар асосида тузилади?

– Булар ҳақда олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Юқорида айтганимдек, олдин боксчиларимиз синов жангларини ўтказади.

– Яна бошқа боксчиларимиз билан ҳам билан шартнома тузиш борасида режалар борми?

– Ҳа, албатта. Бошқа профессионал боксчиларимизни ҳам таклиф қилиш режамизда бор. “Сocky Buffalo” ҳамда Корея бокс федерацияси вакиллари Ўзбекистонга келганда бир нечта боксчиларимизни кузатишган ва улар асосида ўзлари учун рўйхат тузиб олишган. Бу рўйхатдан ҳозирча Элдор ва Ҳусниддин таклиф қилинган. Қолганларини ҳам секин-аста жалб қилишни режалаштирган.

– Умуман олганда Вьетнам ва Жанубий Корея профессионал бокси савияси борасида нималарни айта оласиз? Ҳар холда у ердаги жангларда боксчиларимизни ривожланиши, ўсиши, рақобатбардош бўлиш имконияти қай даражада?

Тўғрисини айтадиган бўлсам, Вьетнамда профессионал бокс деярли ривожланмаган. Бу борадаги боксчилар саноқли. Корея ва унга яқин бўлган давлатларга келадиган бўлсак, бу ерда енгил вазн тоифасида жуда кўплаб кучли чарм қўлқоп усталарини учратиш мумкин. Биргина “Сocky Buffalo” таркибидан мисол қиладиган бўлсак, унда 49 кг вазн тоифасида 16 карра WBA талқини бўйича жаҳон чемпионини учратиш мумкин. Улар асосан енгил вазнда бўлгани учун дунёга танилмаган. Яна WBC ва бошқа версияларда ҳам чемпионлар етаклича топилади.

– Шарқий Осиёда ташкил этиладиган бокс кечалари ҳақида маълумот берсангиз. Мухлислар қизиқиши, трансляциялар борасида...

– Шарқда асосан яккакураш спорт турлари жуда ривожланган. Аҳоли ҳам бунга жуда қизиқишади. Бокс ҳам шулар қаторида. Ҳар бир жанг ёки бокс кечаси тўғридан тўғри трансляция қилинади. Ташкилотчилик юқори даражада. Телевидение, ОАВ, федерациялар ҳамкорликда ишлашади.

Ҳозирда қўл остингизда ҳамюртларимиздан ташқари яна неча нафар боксчи бор, умуман олганда  яна қайси мамлакат вакиллари бор?

– Ҳозирги кунда ўзбек боксчиларидан ташқари Вьетнамдан, Кореядан чарм қўлқоп усталари бор. Яқинда Филиппиндан боксчилар келмоқда, лекин улар камчиликни ташкил қилишади.

– Сиз бу промоутерлик компанияси билан неча йиллик келишувга эгасиз?

– Мен олдинига бир йиллик шартнома имзоладим. Барча шартларни келишдик. Ҳозирда энди уни узайтиришни кўриб чиқяпмиз. Яқин вақт ичида янги келишувга эришамиз.

– Мана яқинда ҳамюртларимиз жанг ўтказишади. Элдор Саидовнинг рақиби маълум эди, лекин Ҳусниддинники ноаниқ бўлиб турибди. Бу борада янгилик борми?

– Элдор Саидовнинг рақиби аниқ бўлиб улгурган, чунки у 5 май куни рингга чиқади. Ҳусниддинга келадиган бўлсак, ҳозирча аниқ эмас. Умуман шарқ давлатларида бўлиб ўтадиган жангларда асосан ўзлари иштирок этишади. Рақиблар Япония, Хитой, Вьетнамдан ташриф буюришади. Ҳусниддинга эса Россия ёки Филиппиндан рақиб бўлиши кутилмоқда.

– Умуман бу жангда ғалаба қозонган ҳамюртларимиз рекорддан ташқари яна қандайдир имкониятларни қўлга киритади?

– Элдор Саидов олдинга қўйилган иккита жангда ғолиб чиқадиган бўлса, яна иккита 8 раундлик жанг ўтказади. Агар улардан ҳам мувафаққиятли ўтадиган бўлса, учинчи жангида чемпионлик учун кураш олиб бориши мумкин. Унда Элдорнинг рақиби япониялик боксчи бўлади. Бу 100% аниқ деб айтиб бўлмайди, бироқ биз шуларни олдиндан режалаштирганмиз.

– Боксчиларимиз келганига бир ой бўлган бўлсада, тезда мослашиб кетишди. Тайёргарликлар аъло даражада. Гарчи улар 100% спорт формасида бўлмасада, ҳаракат қилишмоқда. Агар шундай давом этишса, жанггача спорт формасини оптимал ҳолатга келтириб олишади.

– Корея промоутерлик компаниясининг яратиб берган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Кейин ўзбек миллий таомларини ҳам тайёрлаб беришаяптими?

– Промоутерлик компаниясининг раҳбарияти барча шароитларни яратиб беришган. Овқатланиш дейсизми, шуғулланиш, барчаси аъло даражада. Ўзбек миллий таомларига келадиган бўлсак, улар буни билишмайди. Биз ўзимиз тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!