Элнур Абдураимов: Миржалол Қосимов билан учрашишни орзу қилардим

1796

Элнур Абдураимов: Миржалол Қосимов билан учрашишни орзу қилардим

 

       Жаҳон чемпионати совриндори ва Осиё чемпиони, боксда ўз техникаси билан барчанинг эътиборига тушган истеъдодли боксчи Элнур Абдураимов SPORTS.uz  меҳмони бўлди. Эътиборингизга бўлиб ўтган суҳбатни ҳавола қиламиз.

- Элнур, нега айнан боксни танлагансиз?

- Дадам сабабли боксни танлаганман. Улар ҳам ўз вақтида юқори савияли боксчи бўлганлар. Қонимда бор шеклли, мен ҳам ушбу спорт турига боғланиб қолдим. Эсимни таниганимдан бери боксдаман. Яъни, 5-6 ёшимдан бокс қўлқопини кийиб катта бўлганман. Боксдан бошқа спорт турларига ҳам бориб кўрганман. Футбол, каратэ билан шуғулланганман. Лекин барибир бокс устунлик қилган.

- Боксда эришган илк ғалабангиз эсингиздами?

- Болалигимда шаҳарлараро ўтказилган мусобақада 26 килограмм вазн тоифасида рингга чиққанман. Ўша турнирдаги ғалаба мен учун биринчиси бўлган. Хурсандчилигимнинг чегараси йўқ эди ўшанда.

- Устозларингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

- Биринчи устозим дадам. Улар ҳозир ҳам шахсий мураббий сифатида мени жангларга тайёрлайдилар.  Чирчиқ олимпия захиралари коллежига кирганимдан кейин Тўлқин Қиличев, Рустам Саидов каби тажрибали мураббийлардан ҳам кўп нарса ўргандим.

- Боксда энг ноқулай рақибингиз ким?

- Бу йил Германияда бўлган жаҳон чемпионатигача ўзимга энг ноқулай, деб кубалик жаҳон чемпиони Лазаро Алверезни билардим. Германиядаги жаҳон чемпионатида ҳам асосий рақиб сифатида Алварез бўлади деб ўйлардим. Унга уч марта ютқазганман. Тўртинчи жангда уни ютишни истардим. Хаёлимда фақат кубалик боксчи билан бўладиган жанг эди. Бошқа учрашувларни осонликча ўз фойдамга ҳал қиламан, деб ўйлардим. Лекин хато қилган эканман. Жаҳон чемпионатининг чорак финалида менга тўқнаш келган арманистонлик Отар Эраносян жуда пишиқ, ўта ноқулай боксчи экан. Ҳар томонлама мендан устунлик қилди. Агар ундан ўтганимда ярим финалда Алварез билан тўқнаш келардим. Умуман, жаҳон чемпионатига ўзимни нотўғри тайёрлаган эканман. Мен ўзимга фақат кубалик боксчини рақиб, деб билганим энг катта хато бўлди. Бундан хулоса чиқардим.

- Элнур, рингдаги ютуқ ва камчиликларингиз нимада?

- Камчиликлар ҳар бир спортчида бор. Биз ҳам рингда бир қатор камчиликларга йўл қўямиз. Буларни мураббийларимиз жанг тугагандан кейин бизга тушунтиришади. Шу билан бирга ўзимиз ҳам жангдан сўнг рингда тушган видеоларимизни кўриб, камчиликларимизни ўрганамиз. Кейин шуни устида ишлаймиз. Ютуқларимиз эса биз қилган машаққатли меҳнатимиз самараси, деб ўйлайман. Боксчида омад ҳам бўлиши керак. Жаҳон чемпионатида Муроджон Аҳмадалиевга ҳам омад етишмади, деб ўйлайман.

- Жаҳон чемпионатида сизга ҳам омад етишмадими?

- Германиядаги мусобақада Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов, Бектемир Мелиқўзиев ва Ҳасанбой Дўстматовнинг мағлубияти кўп жиҳатдан ҳакамларга боғлиқ бўлди, деган фикрлар бор. Лекин мен мағлуб бўлган жангда ҳакамлар адолатли ишлади. Айб ўзимда, юқорида айтганимдек, катта хатога йўл қўйдим. Жаҳон чемпионатида кучсиз боксчи бўлмаслигига амин бўлдим.

Қолаверса, мавсум давомида вазнимни ўзгартиргандим. Аввал 60 килода, кейин 64 килограмм вазн тоифасида рингга чиқдим. Энди янги вазнга мослашганимда яна 60 килога қайтдим. Бу ҳам менга салбий таъсир қилган бўлса керак, мақсадимга етолмадим.

- Аслида сиз учун қайси вазн қулай?

- Менга фарқи йўқ, иккала вазнда ҳам жанг қилишга тайёрмай. Бу кўп жиҳатдан мураббийлар қарорига, маслаҳатига боғлиқ.

- Жаҳон чемпионатидан сўнг боксчиларимизнинг аксариятига профессионал бокс промоутерларидан таклиф бўляпти. Сизда профессионал боксга ўтиш нияти борми?

- Ҳар бир ҳаваскор боксчи профессионал рингда ҳам ўз имкониятларини синаб кўришни истайди. Менда ҳам шу ният бор. Ҳозир таклифлар бор. Лекин бир қарорга келганим йўқ. Мен келажакда “Golden Boy Promotions” компанияси билан ишлашни орзу қиламан.

- Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ва кубалик боксчилар рақобати кўпчилик эътиборини қозонди. Куба боксининг кучли томонлари нимада?

- Аслида Куба бокс мактаби аввалдан кучли. Айнан қайси тарафлама кучли эканини билмайман. Биз Куба боксчилари билан бирга машғулот ҳам олиб бордик. Машғулотларида деярли фарқ йўқ. Лекин уларнинг табиий хусусиятлари қандайдир устунлик берса керак, деб ўйлайман. Лекин жаҳон чемпионатида боксчиларимиз кубаликлар билан тенгма-тенг курашди. Демак, ўзбек бокс мактаби ҳам дунёда энг кучлилардан эканини исботладик. 

- Яна қайси давлатларнинг боксчилари дунёда етакчилардан ҳисобланади?

- Қозоғистон боксчилари ҳақиқатан кучли. Бундан ташқари, Англия боксчилари ҳам рингда ўзини яхши кўрсатиб келмоқда. Францияликларни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Услуби умуман бошқача. Улар билан машғулот олиб борганмиз. Машғулотларда бор кучи ва имкониятини кўрсатмайди. Шу ҳам боксчими?, деб ўйлаган пайтларим бўлган. Хусусан, жаҳон чемпиони бўлган Суфиан Оумиха ҳам шунақа айёрлик қилади. Машғулотда ўзини кучсиз боксчидек тутади. Рингда эса умуман бошқа одамга айланади.

- Боксчиларимиздан қайси бирининг услуби мукаммал?

- Ҳаммаси ўзига хос. Менга Шаҳрам Ғиёсовнинг айёрлиги ёқади. Рингда айёрона зарбалари билан рақибни довдиратиб қўяди. Унинг қандай ҳаракат қилишини билиш қийин. Ҳасанбой Дўсматов эса, мустаҳкам ҳимояланади. Зарбалари аниқ. Ортиқча ҳаракат қилмайди. Яна Бектемир Мелиқўзиевни айтиш мумкин. Биринчи кўрганимда, боксчига ўхшамас экан, дегандим. Кўп рақиблар ҳам уни кўрганда осон ютаман, деб ўйлайди. Лекин бир-икки зарбасини егандан кейин қийин аҳволга тушади. Бектемир жуда қаттиқ уради. Улардан кўпи нарса ўрганса бўлади.

- Нега сизни “классик боскчи” дейишади?

- Ўзим ҳам бунга ўхшаш таърифларни кўп эшитганман. Яна мени бокс китобида қандай ёзилган бўлса, шундай бокс тушади, деб ҳам айтишади. Ўйлашимча, ҳақиқатан шундай. Дадам бокс китобларида қандай ёзилган бўлса, шу шаклни сингдирган. Бокс назариясида қандай усуллар қўлланган бўлса, ҳаммаси менинг ҳаракатларимга кўчирилган. Яъни, классик боксчи қандай бўлиш керак бўлса, дадам мени шундай тарбиялаган. Албатта, терма жамоадаги мураббийларим билан бу усулдан чиқишга ҳаракат қилиб кўрдим. Лекин унча ўхшамади. Менга ўзим ўрганган усул қулай. Албатта, ўзим ҳам Ҳасанбой каби кутилмаган ва мухлисларга ёқадиган усулларни қўллашни истайман. Лекин классик усулдан узоқлашолмайман.

- Яна қайси спорт турларини кузатиб борасиз?

- Футболга. Ўзимиз мини-футбол ўйнаймиз. Мухлис сифатида жаҳон футболини кузатаман. Миржалол Қосимов ўйнаган пайтлари қизиқиш билан кузатардим. Хатто, Миржалол аканинг мухлиси бўлганим учун улар билан учрашишни жуда хоҳлардим. Мана бу орзуйимга боксчи бўлиб эришдим. Улар билан кўришдим, Осиё чемпионатида бирга ўтирдик.

- Сизда кутилмаган ғалаба бўлганми?

- Бўлган. 2015 йилги жаҳон чемпионатида олимпия лицензияси ўйналган. Жаҳон чемпионатида иккита учинчи ўринни олган боксчилар Рио Олимпиадаси йўлланмаси учун ўзаро жанг қилиши керак эди. Мен бразилиялик Робсон Кансейсао билан жанг қилганман. Тўғриси, уни енгишимга ўзим ҳам ишонмаганман. Устозларим ҳам унча ишон билдирмаган, фақат “Элнур лицензия керак бўлса ҳаракатингни қил!”, дейишган. Мен бор кучимни ишга солиб, кули рақибни енгганман. Кейинчалик, Робсон ҳам ўз ватанидаги Олимпия ўйинларига йўлланма олди ва якунда чемпион бўлди.

Тақидиримга Рио Олимпиадасига бориш ёзилмаган экан, менинг вазнимда Бразилияга Хуршид Тожибоев кетди. У АРВ йўналишида жаҳон чемпиони бўлгани учун олимпия лицензиясига эга бўлганди.

- Олдиндаги режалар қандай?

- Олдинда Ўзбекистон чемпионати бор. Ҳозир шунга тайёргарлик кўряпман. Терма жамоа асосий таркибидаги ўрнимни ҳимоя қилишим керак.

- Ҳаваскор боксда эришмаган бирор мақсадингиз қолдими?

- Менинг мақсадим Олимпияда чемпиони бўлиш ва бу орзуга, албатта, эришаман. Хатто, буни Инстаграмдаги саҳифамга ҳам инглизчада ёзиб қўйганман. Ҳаваскор боксдан кетсам ҳам Олимпада чемпиони бўлиб кетаман. Профессионал боксга мақсадимга эришганимдан сўнг ўтишим мумкин.

- Суҳбат учун раҳмат.

                                                                           Шаҳзода Абдуллаева суҳбатлашди