Енгилмас чемпионни "ер тишлатган" Ҳумоюн ҳаммани ҳайратга солди

 

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс кечасида ўзбекистонлик боксчи Ҳумоюн Рустамовнинг маҳорати мухлису мутахассисларни ҳайратга солди.

Бунгача профессионал рингда учта жанг ўтказиб, атиги бир маротаба ғалаба қозонган Ҳумоюн ўта кучли рақиб - саккиз учрашувнинг барчасини ўз фойдасига ҳал қилган мезбон боксчи Мурад Арсланов билан рақобатлашди.

Ҳумоюн Россиянинг енгилмас чемпионига қарши жанг қилади

Мурад Арсланов ўтган йили озарбайжонлик Рауф Агаевни мағлубиятга учратиб, WBC йўналиши бўйича Евроосиё чемпионлик камарини қўлга киритганди. Жорий йилнинг февралида профессионал рингда 30 та ғалаба қозонган беларуслик Андрей Исаевдан ушбу камарни муносиб ҳимоя қилди.

Россиялик боксчининг тажрибаси ва профирингдаги натижасини инобатга олган мухлису мутахассислар Ҳумоюн Рустамов билан бўлган жангда Мураднинг ғалабасини башорат қилишди. Бироқ, жангда бунинг акси бўлиб чиқди. Ўзбекистонлик боксчи ажойиб тактик ишланмалари орқали рақибига умуман имконият қолдирмади.

Олти раундлик жангнинг охирида ҳамюртимизнинг кучли зарбасидан сўнг чемпионанинг қовоғи ёрилиб кетди. Бироқ, техник нокаут қайд этилмади ва ғолиб зарбалар ҳисоб-китоби бўйича аниқланди.

Жангда мезбонлар вакилига ҳеч қандай имконият қолдирмаган Ҳумоюн зафар қучди. Мураднинг мағлубиятсиз серияси ўзбек ўғлони томонидан тўхтатилди.

Екатеринбургдаги мусобақада қатнашган ҳамюртларимиздан Ферузбек Йўлдошев ва Шерзодбек Мамажонов рақибларига ютқазиб қўйди.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!