Кубалик боксчилар “Uzbek Tigers”га ҳеч қандай имконият қолдирмади

4424

Кубалик боксчилар “Uzbek Tigers”га ҳеч қандай имконият қолдирмади

Кубада бўлиб ўтган Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB) турнири гуруҳ босқичидан ўрин олган “Cuba Domadores” ва “Uzbek Tigers” жамоалари ўртасидаги учрашув ўз якунига етди.

Аввалроқ ушбу учрашувнинг дастлабки учта жанги натижаларини маълум қилган эдик ва уларнинг барчасида кубалик боксчиларнинг қўли баланд келган.

Қолган иккита жангда 81 ва +91 кг вазнли боксчилар куч синашишди.

81 кг вазнда рингга кўтарилган Мадияр Саидраҳимов Хулио ла Круз билан куч синашиб, рақибига қаршилик қила олмади ва мағлубиятга учради. 3:0 (50:41, 50:42, 50:43).

Жамоаларнинг сўнгги беллашувида энг оғир вазнли боксчилар рингга чиқишди. Қизиқарли ва муросасиз тўқнашувда Баҳодир Жалолов биринчи раундни ўз фойдасига ҳал қилган бўлса, қолган раундларда Хосе Гомес ўз устунлигини намойиш этиб, жамоасининг йирик ғалабасини таъминлади. 2:1 (47:48, 50:45, 48:47).

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи ҳафта учрашувларида “Cuba Domadores” ўз майдонида “Colombia Heroicos” жамоасини 5:0 ҳисобида мағлуб қилган.

Энди "Uzbek Tigers" жамоаси 27 февраль куни Куба ва 1 март Колумбия жамоаларига қарши кечадиган уй учрашувларини Термиз шаҳрида ўтказади.