Шон-шуҳрат сари олға ёхуд жиноятчи қандай қилиб чемпионга айланди

 

Ушбу спортчи Олимпиада олтин медалларини қўлга киритишни жуда хоҳлагани учун профессионал боксга ўтишни бироз пайсалга солган. Унинг боксдаги фаолияти 18 ёшида бошланиб, ўшанда Finchley ABC клубида шуғулланганди. Бу клуб бошқа бир машҳур британиялик боксчи Деррик Чисорани тарбиялаган. Бугунги қаҳрамонимиз яқинда Владимир Кличкони енгган Энтони Жошуа.

Баҳсли ғалабалар

Бақувват ва чаққон Жошуа 18 ёшидаёқ ҳаваскорлар ўртасида Англия чемпионлигини нишонлагач, унинг дарҳол профессионаллар сафига ўтиши учун 50 минг фунт стерлинг таклиф қилишди. «Ушбу таклифни рад этиш осон бўлгани йўқ, - дейди Жошуа. – Аммо менга пуллар эмас, медаллар керак эди».

Ўша медаллар ўзини узоқ куттирмади – 2011 йили Бокуда ўтказилган жаҳон чемпионатида Жошуа кумуш медални қўлга киритди, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида эса олтинга эга бўлди. Умуман олганда, унинг Олимпия ўйинларидаги иштироки кўплаб танқидларга учради, ҳакамларни маҳаллий спортчига ён босганликда айблашди. Хусусан, кубалик афсонавий чемпион Феликс Савоннинг жияни Эрисланди Савонга қарши кечган жангдаги баллар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Финалда Энтони италиялик Роберто Каммарелле билан беллашди. Учта раунд натижаларига кўра ҳисоб 18:18 бўлиб турганди, ҳакамлар эса чемпионликни Жошуага тақдим этишди.

Қамоқда 10 йил ўтириши мумкин эди

Жошуа Англияда туғилган, бир неча йил Нигерияда яшаган, ўсмирлик чоғлариданоқ нохуш вазиятларга тушиб қолишга кўникканди. Тез-тез муштлашувларда қатнашар, 2009 йилда эса шундай тартибсизликдан сўнг Редингда жиноий жавобгарликка тортилиб, жазо муддатини Буюк Британиядаги қамоқда ўташи кўзда тутилганди. «Муштлашув ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларимдан сўнг шундай қарор қабул қилинди, - дейди Энтони ўша дамларни эсларкан. – Агар ўшанда айбимни тан олганимда, ҳозир интервью бермаётган бўлардим». Жошуага нисбатан 10 йиллик қамоқ жазоси белгиланганди. Аммо Энтони жавобгарликдан қутулиб қолди, шунга қарамай, бир йил давомида тўпиғида кузатув билагузуги тақиб юришига тўғри келди. Жошуадан кечки соат саккиздан тонгги олтига қадар уйда қолиш, чақирилган пайтда полиция участкасида ҳозир бўлиш талаб этилган.

«Бокс ҳаётимни қутқариб қолди», - дейди Жошуа. - Айнан шу паллада муаммолар исканжасида юрувчи йигитча спорт билан шуғуллана бошлади ва кейинчалик ушбу қарори унга шон-шуҳрат келтирди. Ўз навбатида, Энтони қурилишда ишлади, коллежда таҳсил олди, аммо масъулиятли фуқарога айланиши учун яна бироз вақт керак бўлди.

2010 йили бокс бўйича Буюк Британия термаси аъзосига айланишидан аввал Жошуа автомобилида тезликни оширгани учун тўхтатилди. Полиция унинг бошқарувидаги «Мерседес» ичидан марихуана солинган сумка топди. Шу тариқа Энтони гиёҳванд модда сақлаганликда айбланди. Бу каби жиноят учун кўпи билан 14 йиллик қамоқ жазоси белгиланади. Жошуа бу сафар ҳам «сувдан қуруқ чиқди». Айбини тан олди, бир йил шартли жазога тортилди, 100 соатлик тарбиявий ишларга йўналтирилди.

Энтонининг промоутери Эдди Хирн айнан шу вазият боксчининг ҳаётидаги бурилиш нуқтаси эканини таъкидлади – шундан сўнг Жошуа ақлини йиғиб олиб, спорт ва ҳаётига жиддий назар билан қарай бошлади. Орадан бир ярим йил ўтгач, у бокс бўйича Олимпиада чемпионига айланди.

Барча рақибларини нокаутга учратди

Энтони профессионал боксдаги дебютини нишонлаган кезлари ҳали 24га тўлиб улгурмаганди. Орадан икки ярим йил ўтгач, иккинчи раундда Чарльз Мартинни нокаутга учратиб, IBF йўналиши чемпионлигини қўлга киритди. Жошуанинг профессионаллар орасидаги фаолияти анча омадли кечганини алоҳида таъкидлаш лозим. Унинг ҳисобида 19та беллашувда 19та ғалаба бор. Фақатгина 4 нафар рақиби учтадан кўп раундга дош берган. Энтони ўзининг барча жангларини нокаут билан якунлаган.

Владимир Кличкога қарши кечган баҳс - замонавий бокснинг ҳақиқий «хит»ига айланди. «Уэмбли»да уюштирилган беллашувни 90 минг томошабин бевосита кузатиб борди. Германияда эса томошабинлар сони 10 миллион кишини ташкил этди. Ушбу муҳим воқеани Showtime телеканали эфирида тўғридан-тўғри кузатган мухлислар сони ўртача ҳисобда 660 мингга етди. Такрорий намойишни эса 738 минг киши томоша қилган. Айниқса, чемпионнинг нокдаундан сўнг ўзига келишга куч топиб, охир-оқибат 11-раундда Кличкони таслим этгани кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди.

Уни «бодибилдер»га ўхшатманг

Тайсон Фьюри бир сафар Жошуани «бодибилдер» деб атаган, Энтони эса буни инкор этиб, оғир атлетикачиларга хос машқларни бажармаслиги, боксчи учун бунинг фойдаси йўқлигини таъкидлаганди. Унинг ташқи кўриниши – энг яхши боксчига айланиш мақсадида тинимсиз шуғулланиши оқибати. Жошуа вазнини сақлаш бўйича машқларга катта эътибор қаратади, TRX-ҳалқалар, арқон, қумда югуришни маъқул кўради, бошқа боксчилар каби теннис тўплари билан ишлайди, бўйнини чиниқтиришга уринади. Охирги машқ зарбаларга бардош беришда асқотади.

Қизиғи, аксарият боксчилардан фарқли ўлароқ, Жошуа у қадар кўп машғулот ўтказмайди, аммо ҳамиша спорт формасини бир маромда сақлайди. Айнан шу хусусияти туфайли ҳам машҳур замондошлари Тайсон Фьюри ва Рикки Хаттондан фарқланади.

Қалбини ўғрилаган гўзал

Бир неча йиллар давомида Жошуанинг лангарчўпда юриш бўйича мураббий, 26 ёшли Николь Осборн билан муносабатлари ҳақида кўп гапирилди. Британиялик журналистлар ўз навбатида, аёлнинг ташқи кўриниши хусусида сўзлашни ҳам унутишмади. Энтони ва Николь мактабнинг юқори синфида ўқиб юрган кезлари танишишган, ўшанда ҳам уларнинг муносабати тез-тез бузилиб, кўп ўтмай яна алоқалар тикланарди.

2015 йилнинг октябрида Николь боксчига ўғил туғиб берди. Чақалоққа Жозеф Бэйли Темилолува Шаҳзода Жошуа деб исм қўйишди. Энтони умр йўлдошига Лондондан квартира сотиб олиб берди, хонадон спортчига 500 минг фунт стерлингга тушди. Аммо ўтган йилнинг сўнгида уларнинг ажрашишгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кейинчалик Британия матбуоти Жошуанинг топ-модель Кара Делевинь ҳамда келиб чиқиши албаниялик бўлган хонанда Рита Ора билан ишқий муносабатлари ҳақида бонг урди. Энтонининг айтишича, ҳозир у ёлғиз яшаяпти.

«Энтони ҳозирнинг ўзида бадавлат шахсга айланиб улгурди, айнан у миллиардларни тўплаган дастлабки боксчи бўлиши мумкин. Унинг спортдан ташқаридаги тижорий имкониятлари жуда юқори. Ҳаттоки, бу борада Бекхэм ва жаҳондаги бошқа топ-футболчиларни ҳам ортда қолдириши ҳеч гапмас», - деди унинг промоутери Эдди Хирн. Жошуанинг потенциал оппонентларидан бири Тони Беллью қаҳрамонимизни Флойд Мэйвезерга қиёслаб, бокснинг янги қироли бўлишини тахмин қилди. Хирн ҳам аввалроқ шу каби фикр билдирганди. Промоутернинг таъкидлашича, Флойд молиявий аҳволини пуллик трансляциялар савдосидан тўплаган бўлса, Энтони бу йўлда ҳомийлик шартномаларини кўпайтириб, бокс ташқарисида даромад орттириш имкониятларини оширади.

Жошуа ҳозирданоқ AJBoxing деб номланувчи хусусий компаниясига эгалик қилмоқда. Ўз навбатида, Apple, Lucozade, Lynx ҳамда Sky Sports билан ҳомийлик келишувларига эришган.

Кейинги жанг Хитойда ташкил этиладими?

Албатта, Жошуа миллиардларни қўлга киритишни истаса, йирик жанглар ўтказишни ҳам унутмаслиги даркор. Ҳозирча чемпионликка даъвогарлар етарли – WBC йўналишида жаҳон чемпиони Деонтей Уайлдер, WBO чемпиони Жозеф Паркер ҳамда можарога ўч ирландиялик спортчи Тайсон Фьюри. Дарҳақиқат, Фьюри ринг ташқарисида кўплаб муаммоларга йўлиқмоқда, ҳойнаҳой, бошқа чемпионларга қарши баҳслар ҳам жорий йилга белгиланмаса керак. Барибир, Кличкога қарши реванш баҳси ўтказилса, мантиқан тўғри бўлади. Ёки совринга эгалик қилишни хоҳловчи мажбурий даъвогарлар билан беллашади.

Ҳар қандай вазиятда ҳам Жошуа АҚШда жанг ўтказишига тўғри келади. Кўпчилик шу каби шоу Лас-Вегасда ўтказилишини айтишмоқда. Энтонининг фаолиятини назорат остига олган Хирн эса Нью-Йоркдаги «Мэдисон-сквер-гарден»ни маъқул кўрмоқда. Лекин бу билан тўхташ йўқ. «Хитойда жанг ўтказилиши ҳақиқатга яқин. Чунки бу ўлкада катта пул айланади», - деди ўспиринлигида тартибсизликларнинг бош қаҳрамонига айланган йигитчани жаҳон даражасидаги брендга айлантиришга астойдил бел боғлаган промоутер.

Дилмурод ПАРПИЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!