"Uzbek Tigers" вазиятни Тошкентда ўнглайди

  • 18 февраль, 2017, 20:01
  • 1
  • Бокс
 

Бокс оламида энг нуфузли мусобақага айланиб бораётган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларининг VII мавсуми "Uzbek Tigers" жамоаси учун оғир бошланди.

Энг мураккаб гуруҳ - "С" гуруҳидан жой олган боксчиларимиз кутилмаганда дастлабки учрашувда "China Dragons" жамоасига имкониятни бой бериб қўйди. "Uzbek Tigers" мураббийлари вазиятни ўнглаш учун "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасига қарши бўладиган иккинчи тур учрашувига кучли боксчилар - Аброржон Қодиров, Мурод Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев ва Баҳодир Жалоловни жалб қилган эди.

Бироқ, WSB турнирида икки маротаба бош совринни қўлга киритган қозоғистонликлар ўз мухлислари кўз ўнгида ҳамюртларимиздан устун келди. Бу ҳолат ўтган мавсумда ҳам юз берган эди. "Uzbek Tigers" Тошкентдаги учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, сафарда қозоғистонлик боксчиларга имкониятни бой берган.

Бу галги учрашув 4:1 ҳисобида якунланди.

Ҳозирча иккинчи тур якунига кўра "Astana Arlans Kazakhstan" олти очко билан биринчи ўринга кўтарилиб олди. Ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталаси эса гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Бироқ, боксчиларимизда вазиятни ўнглаш етарлича имконият бор.

Зеро, "Uzbek Tigers" боксчилари кетма-кет учта учрашувни Тошкентда ўтказади. Боксчиларимиз 4 март куни Россиянинг "Patriot boxing team", 18 март куни "China Dragons" ва 1 апрель куни "Astana Arlans Kazakhstan" жамоаларини қабул қилади.

Бўлажак жангларда "Uzbek Tigers" боксчиларига ғалаба тилаймиз ва уларга ишонамиз!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!