Рақибларнинг барчаси етти ёшли Ҳумоюнга тан берди

Руминиянинг Ясси шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатила 7-тур учрашувлари якунланди. Ушбу мусобақада 40 дан ортиқ давлатнинг мактаб ўқувчилари қатнашмоқда. Мамлакатимиз шарафини беш нафар ўқувчи ҳимоя қилаётир.

7-тур натижаларига кўра, 7 ёшли ўғил болалар баҳсида Ҳумоюн Бекмуродов барча партияни ўз фойдасига ҳал қилди. У бугунги учрашувда россиялик Лев Зверевни енгиб, биринчиликни сақлаб қолди.

9 ёшли юртдошимиз Алихон Авазхонов туркманистонлик Юсуф Саган билан дуранг натижага эришиб, 5 очкога эга бўлди.

Украиналик Дмитро Гаюнни қийин вазиятда қолдирган Нодирбек Ёқуббоев эса 15 ёшлилар орасида етакчиликни яна ўз қўлига олди.

Энг қувонарлиси, ушбу мусобақада шахматга иштиёқи баланд бўлган қизларимиз ҳам муваффақиятли қатнашмоқда. 7-тур натижарига кўра, Афруза Ҳамдамова ва Одина Олимова 5,5 тадан очко жамғарди.

Юртимиз шарафини кўтаришга бел боғлаган ёш спорт усталаримизга қолган икки турда ҳам улкан омадлар тилаб қоламиз.

                      Ирода Аввалбоева тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!