9 ёшида кўча жангига тайёр бўлган йигитча - ҳаммаси Марко Асенсио ҳақида

Ҳа, «Реал» клуби бағрида янги ёрқин юлдуз вояга етмоқда. Ҳарқалай, янги мавсум старти Марко Асенсиони олдинда порлоқ келажак кутаётганига ишора қилди.

Испаниялик йигит ва голландиялик аёл никоҳидан дунёга келган йигитча ҳозирча 19 ёшгача бўлган футболчилардан тузилган Испания терма жамоаси билан жаҳон чемпионати чўққиссини забт этди. Яъни бўйнига олий пробали олтин медаль тақишга улгурди.

«Реал» унинг амалдаги шартномасида космик даражада катта товон пули белгилаб қўйган - 350 млн. евро. Бу нимадан далолат беради?

Тушунарлики, «Қироллик клуби» ўз ихтиёридаги бу йигитчани бўлажак «қирол» ўрнида кўрмоқда. 350 «лимон»га тенг баҳони яна қандай изоҳлаш мумкин?

- Миттигина болакайнинг тўп билан ақлга сиғмас шундай нафис ҳаракатлар - ҳунарлар кўрсатишига бутун ҳаётим давомида сира дуч келган эмасман. Ваҳоланки, доимо ёш иқтидорлар қуршовида юраман, не-не истеъдодлар шундоқ кўз ўнгимда улғайишган. Очиғини айтсам, Марко  9 ёшидаёқ кўча футболининг чинакам жангчисига айланиб улгурганди.

У ўзидан ҳаттоки, икки баравар катта ёшли йигитлар даврасида ҳеч нарсадан чўчимай, дадил тўп сурарди. Диққатга сазовор томони, бундай учрашувларда Марко шу катта ёшли болаларга қараб ҳаракатланмасди, уларга тўп узатиш учунгина майдонга тушмасди. Аксинча, ҳамма-ҳамма айнан Марко учун ўйнарди ва бундан ҳеч ҳам уялмасди.

Чунки Марко тўпни қабул қилиб олгач, қолганини қойиллатарди! - мазкур эътироф таниқли скаут Клементе Маринга тегишли. Маълумот учун қўшимча қилиш керак, вақтида Асенсиони «Мальорка» академиясига айнан шу мутахассис олиб келган ва унга катта футбол йўлини кўрсатганди.

Бўлажак футболчи Мальорка шаҳрида «аралаш» оилада туғилди: отаси испан, онаси голланд аёли. Марко 4 ёшга тўлганида, онаси ёруғ олам билан видолашди. Орадан яна 3 йил ўтгач, болакай профессионал футболни забт этиш учун дастлабки қадамни ташлади. Тўғрироғи, Пальма шаҳрининг ғоят хушманзара ҳудудида жойлашган «Плажес де Калвиа» футбол мактабида таҳсил ола бошлади.

Марко тез орада тарбияланувчилар орасида яққол ажралиб туришга одатланди ва 10 ёшида уни нисбатан обрўлироқ саналган «Мальорка» клуби академиясига чорлашди. Табиийки, қадрдон шаҳрига қайтиш  йигитча иштиёқини янада кучайтирди. У шу тариқа «Мальорка» академияси жамоаси сафидаги ажиб ўйинлари орқали профессионал селекционерлар эътиборини ўзига қаратди.

Қаҳрамонимиз 17 ёшга тўлгач, «Мальорка»нинг асосий ва ўринбосарлар таркибида биринчи мавсумини ўтказди. Яъни дебютда ҳам ёшлар, ҳам катталар футболидан баҳра олди. Натижа чакки бўлмади ва 2014 йилиёқ ёш иқтидор соҳибини ўз сафига қўшиб олишни хоҳловчи жамоалар кўпайиб кетди. Бироқ битта муаммо бор эди - Марконинг трансфер баҳоси.

Зеро, Балеар ороли жамоаси ўзининг ёш тарбияланувчиси учун 4 млн. евродан кўпроқ талаб қилишдан ташқари, пулни бирданига олишни истади. Боз устига, «Мальорка» реал харидорлар олдига яна бир қатъий шарт қўйди: «Трансферга розимиз, фақат Асенсио яна бир мавсум ижара асосида клубда ўйнайди, бошқа гап йўқ».

Ўша вақт иқтидорли йигитга кўз тикканлар орасида «Барселона» ҳам бор эди. Умуман, Каталония жамоаси қизиқиши ўта жиддий бўлиб, келишув деярли «пишганди». Ҳар ҳолда, Sport.es портали маълумотларига таянсак, футболчи янги жамоага яқинроқ бўлиш мақсадида Кастельдефельсдан ўзига хонадон қидира бошлаганди.

Бироқ энг сўнгги паллада келишув бузилди. Гап шундаки, Каталония гранди вакиллари «Мальорка»га 4,5 млн. евро беришга рози бўлиш баробарида пулни бир неча босқичда тўлашларини маълум қилишди.

Сотувчи томон эса аксига олиб, арзонроқ баҳога ҳам кўниши мумкинлиги, бироқ маблағ жуда зарурлиги боис, барчасини бирданига олишни хоҳлашини билдирди. Хуллас, ана шу арзимас «баҳс» туфайли «Барселона» келажаги ёрқин футболчини ўзгалар ихтиёрига «топширди-қўйди»

Каталонияликлар учун энг аламлиси шуки, ўша «ўзга» қандайдир оддий жамоа эмас, балки «Барселона»нинг биринчи рақамли рақиби эди. Оддий айтганда, тайёр келишув амалга ошмай қолганидан усталик билан фойдаланган «Реал» дарҳол ўртага суқулиб, «Мальорка» сўраган  3,9 млн. еврони муаммосиз тўлади ва камига футболчининг яна бир йил оролликлар сафида тўп суришига ижозат берди.

Қисқаси, ҳар икки томонни тўла қониқтирган битим расмийлаштирилди. Манфаатли келишув Маркони янада руҳлантириб юборди, чоғи, у «Мальорка» сафидаги сўнгги мавсумни юксак савияда ўтказди. Биринчидан, Асенсио россиялик Валерий Карпин бошқарувида мавсумни самарали узатма билан бошлади, 3-турда бу ишини яна бир бора такрорлади.

Иккинчидан, келажаги «Мадрид» билан боғланган йигит гол уришни ҳам пайсалга солмади. Хусусан, 2та самарали «пас»дан кейин қаторасига икки учрашувда ўз номини таблога ёздириб қўйди. Бунда россиялик мутахассиснинг роли ҳам катта. Зеро, у ёш шогирдига ҳужумчилар ортида ва ҳар икки қанотда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берганди.

Қолаверса, «Мальорка»нинг ҳимоявий услуби ҳамда тезкор қарши ҳужумга ўтишни яхши ўзлаштиргани қаҳрамонимизга жуда қўл келди. Хуллас, у Карпин томонидан амалга татбиқ этилган тактик чизмага идеал даражада мос келди. Ёзда Марко Испания ёшлар терма жамоаси таркибида U-19 белгиси остидаги ЖЧда чинакамига нур сочди.

Яъни якунда жамоа етакчиларидан бири сифатида чемпионликни тантана қилишдан ташқари, турнирнинг энг фойдали ўйинчисига аталган совринга лойиқ кўрилди.

Бу вақтда Мадридда уни машҳур Рафаэль Бенитес интизор кутиб турар, бетакрор Гути эса ўз ҳайратини «Твиттер» орқали изҳор этарди: «Марко Асенсио - фан-тас-ти-ка!!!»

18 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ўз тоифасидаги мундиал тугагач, тўппа-тўғри мавсумолди тайёргарлик жараёнига киришган «Реал»нинг асосий таркибига қўшилди. Бу унинг юксак савиядаги профессионаллар орасидан жой олганини англатарди. Бироқ Рафа ёш футболчига мавсум давомида мунтазам ўйин амалиёти тақдим этиш хусусида кафолат беролмади.

20 август кунига келиб эса Марко айнан бош мураббий тавсиясига биноан «Эспаньол»га юборилди - ижара. Шу тариқа Марко Каталонияга қайтиб, Кастельдефельсдаги уйи яқинида фаолият юрита бошлади. Муҳими, у ушбу бурилишдан тушкунликка берилмади ва «Эспаньол»да мавсумнинг энг фаол футболчиларидан бири бўлди.

Ҳарқалай, 34та ўйинда майдонга тушди, олдинги чизиқнинг барча позицияларида ҳаракат қилиб, тажрибасини анча оширди, қолаверса, 13та гол ҳаммуаллифига айланди.

Бунинг ижара келишуви бўйича тўп сурган йигит учун ажойиб статистика эканлигини айтиш шарт эмасдир. Шу жойда битта эътиборли факт - Марко ўша мавсум самарали узатмалар сони бўйича Неймар ва Криштиану Роналду каби катта асларни ортда қолдирди.

Умуман, бу борада примеро вакиллари орасида фақат Лионель Месси, Луис Суарес ва Коке ундан яхшироқ натижага эришдилар. Хуллас, ярим ҳимоячи муносиб мавсум самараси ўлароқ, ўтган йили Мадридга қайтди.

Асенсио шундан буён «Реал» таркибида. Яна фактларга мурожаат қиламиз: Марко «Реал»нинг навбатдаги ғалабаси билан якунланган ЧЛ-2016|2017 давомида атиги бир марта бошланғич таркибда майдонга тушган бўлсада, арзирли натижаларга эришди. Диққат қилинг, бутун турнир бўйи умумий олганда, атиги 255 дақиқа ўйин вақтига эга бўлган футболчи шу қисқа фурсат ичида 3та гол уришдан ташқари, бир марта ассистентлик ролини бажаришни уддалади.

Кейинги воқеалар ривожи «Қироллик клуби» мухлисларига яхши маълум. Марко «Реал» иштирокидаги 3та мусобақанинг ҳар бирида 3тадан гол урди. Қўшимчасига, Европа суперкубоги учун кечган баҳсда ҳам рақиб - «МЮ» дарвозабонини ранжитди. Қойилмақом ўсиш!

Ҳозир «Реал»ни айнан Марко олдинга судрамоқда! Бундай эътирофни лофга чиқариш учун асос йўқ. Ёрқин мисол, футболчи Испания чемпионати 2-турида «Валенсия»га қарши кечган учрашувда «дубль» қайд этиб, «Қироллик клуби»ни муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди. Эҳ, унинг ижросидаги жарима зарбасини бир эсланг - нақадар кучли, чиройли, аниқ ва эффектли ҳаракат.

«Мальорка»нинг ҳуқуқий ишларига масъул саналган Испаниядаги машҳур юристлардан бири Тони Рока баҳорда шундай деганди: «Жамоа Асенсиони барвақт сотиб юбориб, жиддий хатога йўл қўйди. Бу шошқалоқлик, узоқни кўра олмасликдан бошқаси эмас. Мисол учун, футболчининг ҳозирги баҳоси - 50 миллион евро». Шўрлик Тони, бечора «Мальорка».

Ахир «Реал» Асенсиони 50 «лимон» эмас, анча баланд баҳоламоқда: шартномадаги алоҳида бандга кўра, харидор 350 миллион бериши керак! Эслатиш жоиз «Барселона» ва Неймар ўртасидаги шартномада кўрсатилган товон пули 222 миллион евро эди.

Мана, «ПСЖ» фантастикадек туюлган бу суммани тўлашдан тийилмай, бразилиялик юлдузни ўз томонига оғдирди... Бундан тегишли хулоса чиқарган Флорентино Перес эса Марко Асенсио билан яқиндагина тузилган шартномани яна қайта кўриб чиқиш ниятида.

Сабаб битта - товон пули миқдорини янада ошириш керак. Ҳозирда «Реал»нинг мақсади аниқ - ярим ҳимоячи учун белгиланган маош миқдорини ошириш асносида товон пулини 500 миллионга кўтармоқчи. Албатта, ишониш қийин ва ақлга сиғмайдиган рақамлар.

Аммо Неймар трансферидан хулоса чиқарсак, футболда ҳар қандай кутилмаган ва ақлни шошириб қўядиган ҳодисалар рўй бериши мумкин. Афтидан, «Қироллик клуби»да чинакам «қирол» камол топаётганини сезган корчалон президент ҳозирданоқ унинг келажагини хавфсизлантириш, яъни бадавлат клублар «хуружи»дан ҳимоялаш чора-тадбирларини кўраётгандек. Шу ҳолат ҳам Мадридда Асенсиога боғлиқ узоқ муддатли режалар тузишаётганидан далолат бериб турибди.

 

Манба: www.interfutbol.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!