Афсонавий дарвозабон Оливер Каннинг вакиллари юртимизга ташриф буюришади

 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда футболни юқори босқичга олиб чиқиш, футболни ривожлантиришнинг самарали тизимини йўлга қўйиш борасида хориж тажрибасидан кенг қамровли фойдаланиш мақсадида турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашув чоғида юртимизга Европанинг кучли академиялари вакилларини олиб келиш ва уларнинг тажрибасини ўрганиш борасида ёрдам беришни сўраган ва ФИФА президенти бу борада амалий ёрдам беришга ваъда қилганди.

Ана ўша ваъдага кўра, жорий йилнинг 18 март куни Германиянинг афсонавий дарвозабони, Европа чемпиони ва Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Оливер Каннинг академияси ижрочи директори ва менеджери юртимизга ташриф буюришади.

“Оливер Кан академияси” Германияда асосан дарвозабонлар тайёрлаш йўналишида фаолият олиб боради. Бундан ташқари, Германиянинг 8 карра чемпиони ҳисобланган Оливер Канга қарашли академияда дарвозабонлар мураббийларини тайёрлаш, селекция ишлари, трансфер масалалари бўйича ҳам таълим берилади.

18 март якшанба куни “Оливер Кан академияси” ижрочи директори Мориц Маттес  ва академия менеджери Роберт Ниеманн  Ўзбекистонга ташриф буюришади.

Ташриф давомида германиялик мутахассислар Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича суҳбатлашишади. Ундан ташқари, Мориц Маттес Ўзбекистон футбол ассоциациясида юртимиздаги дарвозабонлар мураббийлари учун семинар ўтказади.

Шунингдек, немис мутахассислари “Пахтакор” ва “Бунёдкор” стадионларида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар, академия фаолияти билан яқиндан танишишади. Бундан ташқари, Суперлига 3-туридан ўрин олган “Пахтакор” - АГМК учрашувини бевосита стадиондан томоша қилишади.

Шу йилнинг апрель ойида германиялик афсонавий дарвозбон Оливер Каннинг ўзи ҳам Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!