Андрей Фёдоров: Энди "Локомотив"нинг натижаларига мен жавоб бераман

856

Андрей Фёдоров: Энди

2:0 ҳисобида якунланган "Локомотив" – "Сўғдиёна" учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "темирйўлчилар" жамоасининг янги бош мураббийи вазифасини бажарувчи Андрей Фёдоров ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Сардор Рашидов билан биргаликда иштирок этди. Бу ҳақда "Локомотив" матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Мен "Локомотив" жамоасининг бош мураббийи вазифасини бажарувчи этиб тайинландим. Бу масъулиятли вазифани бажаришда бор салоҳиятимни ишга солишим талаб этилади. Зеро илгари бошқарган жамоам билан солиштирганда ҳозиргиси олдига улкан мақсадлар қўйилади. Қолаверса, таркибда йиғилган футболчилар ҳам анча маҳоратли. Шунинг учун ҳам мендан янада кўпроқ шижоат билан меҳнат қилиш талаб этилади.

Бугунги ўйинга йигитларни асосан руҳий жиҳатдан тайёрлашга уриндик. Зеро сўнгги пайтларда ўйинни яхши ўтказсак-да ғалаба қозона олмаётган эдик. Шу боисдан ҳам бугунги ғалаба жуда зарур эди. Йигитларга ўйин олдидан берган кўрсатмаларимизни бажаришди, бунинг учун улардан мамнунман.

Таркибимизда каттагина рақобат бор. Шу сабабли ҳам янги қўшилган футболчиларимизнинг айримлари ҳали бошланғич таркибдан муқим жой ола билишмади. Зеро "Локомотив"нинг айни пайтдаги таркиби бир неча йилдан буён биргаликда ўйнаб, шаклланиб улгурган. Унга янги футболчиларнинг тўлиқ киришиб кетиб, асосий таркибдан ўз ўрнини эгаллаши осон кечмайди. Лекин ишонаманки, барча янги футболчиларимиз ҳали ўзларига бериладиган имкониятдан унумли фойдаланишади.

Садриддин Абдуллаевнинг сўнгги пайтларда майдонга тушмаётганига сабаб – у жароҳатланган эди. Сардоримиз жароҳатдан тўлиқ қутилса, албатта яна бошланғич таркибда майдонга чиқади.

Бундан буён "Локомотив"нинг натижаларига мен жавоб бераман. Бу эса ўзига хос масъулият юклайди. Лекин мен ҳамиша ёрдамчиларим маслаҳатларига ҳам қулоқ тутаман, - деди тажрибали мутахассис.

"Сўғдиёна"га қарши баҳс осон ўтгани йўқ. Рақиб ҳам бизга қўлдан келганча қаршилик кўрсатишга уринди. Лекин биз рақибдан кўра устун эканимизни намойиш эта олдик ва якунда ғалабани ўз томонимизга оғдирдик, - деди Сардор Рашидов.