Андрей Миклаяев: Бундан буён ютказишга ҳаққимиз йўқ

Эртага, “Локомотив” Осиё Чемпионлар Лигаси 2018 йилги мавсуми гуруҳ босқич 5-тур ўйинлари доирасида БААнинг “Ал Ваҳда” жамоаси билан баҳс юритади.

Бугун мазкур ўйин олдидан ҳар икки жамоа устозлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда “темирйўлчилар” жамоаси устози Андрей Микляевга маҳоратли футболчи Нивалдо ҳамрохлик қилди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда "Локомотив" матбуот хизмати хабар бермоқда.

– Бизни олдинда жуда муросасиз учрашув кутиб турибди. Зеро кейинги босқич масаласини аллақачон ижобий ҳал қилишга улгурган “Ал Дуҳаил”дан ташқари қолган 3та жамоада ҳам ҳамон нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритиш имкони мавжуд. Шу боисдан “Ал Ваҳда” ҳам эртанги ўйинда ғалабани қўлга киритиш мақсадида ўйнайди. Бироқ биз ҳам Абу Дабига 3 очкони кўзлаган ҳолда келдик. Кейинги босқичга чиқиш учун биздан олдиндаги иккала қолган ўйинни ҳам ютиш талаб этилади. Жамоамиз мазкур беллашувга жиддий ҳозирлик олиб борди.

Биласизми, биз Чемпионлар Лигасини жуда муваффақиятли бошлагандик. Бироқ кейинги ўйинларда кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйдик. Лекин ютказган учрашувларимизда ҳам жамоамиз ёмон ўйин кўрсатмади. Фақатгина омад рақиб тарафида бўлгани учун ҳам мағлуб бўлдик, холос. Бундан буён ютказишга ҳаққимиз йўқ. Жамоамиз ишқибозларининг ишончини оқлаш учун ҳам эртага майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз ва уйга 3 очко билан қайтишга уринамиз, – деди тажрибали мутахассис.

– “Ал Ваҳда” – яхши шаклланган жамоа. Бироқ рақибга ҳурмат сақлаган ҳолда айтишим лозимки, эртанги ўйинда биз фақат ва фақат ғалаба ҳақида ўйлаяпмиз. Зеро бундан ўзга чорамиз ҳам йўқ. Кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун 3та жамоа ўртасида жуда муросасиз баҳс боришига аминман. Умид қиламанки, эртага майдонда чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этган ҳолда нимчорак финалга чиқиш имкониятларимизни сақлаб қоламиз, – деди Нивалдо.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!