Андрей Микляев: Ишонаманки, буёғига ғалабали серияларни бошлаб юборамиз

441

Андрей Микляев: Ишонаманки, буёғига ғалабали серияларни бошлаб юборамиз

«Локомотив» Чемпионлар Лигаси 5-тури доирасида БААнинг «Ал Ваҳда» жамоаси билан баҳс юритиб, 4:1 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида «темирйўлчилар» жамоаси устози Андрей Микляев қуйидагича фикр билдирди. Бу ҳақда "Локомотив" матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Бугун биз жуда муҳим ғалабага эришдик. Зеро сўнгги пайтларда бироз омадимиз чопмаётган эди. Бугунги ғалаба эса бутун жамоамизга яна шижоат бағишлайди ва ишонаманки, бундан буён ғалабали серияларни бошлаб юборамиз. Бугунги ўйинда рақибни енгишимизга ишонган эдим. Лекин йирик ҳисобда ғалаба қозонишимизни тахмин қилмагандим. Шундай бўлсада сафарда йирик ҳисобда ғалабага эришилгани кишини қувонтиради, албатта.

Энди бутун эътиборимизни сўнгги тур баҳсига қаратамиз. Барчасига Тошкентдаги учрашувда ойдинлик киритилади. Ишонаманки, ўз ишқибозларимиз қаршисида чиройли ўйнаб, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қиламиз ва Осиё Чемпионлар Лигасидаги юришимизни давом эттирамиз", - деди тажрибали мутахассис.