Анвар Солиев: “Динамо”нинг ўйин услубини синчиковлик билан ўрганиб чиққандик

268

Анвар Солиев: “Динамо”нинг ўйин услубини синчиковлик билан ўрганиб чиққандик

 

Олий Лига 19-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” (1:0) учрашувдан сўнг наманганликлар спорт директори Анвар Солиев ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Бугун қийин ўйин бўлишини олдиндан билардик. “Динамо” жамоаси иккинчи даврани муваффақиятсиз бошлаган бўлса-да, яхши жамоалардан бири. Самарқандликлар буни биринчи даврада исботлашга эришишди. Рақиб қандай бўлишидан қатъий назар учрашувда ғалабани қўлга киритишимиз талаб этиларди.

Якунда мақсадимизга эришиб уч очкони қўлга киритиб, мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишини таъминладик. Ўз навбатида ишқибозларимизни ютуқ билан хушнуд этдик. Футболчиларимиз 90 дақиқа давомида бор куч ва маҳоратларини ишга солиб ҳаракат қилишди. Бунинг учун йигитларга раҳмат айтаман. Кейинги учрашувларда ҳам худди шундай ғалабаларни қўлга киритиб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз.

Самарқандликларнинг ўйин услубини синчиковлик билан ўрганиб чиққандик. “Динамо” асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумларга умид қиладиган жамоалар сирасига киради. Меҳмонлар бугун бизга муносиб тарзда қаршилик кўрсатишди. Шу сабабли уларда ҳам гол уриш учун имкониятлар бўлди. Лекин, жамоамизда биринчи бўлимни ўзида гол уриш учун учта яхшигина вазият юзага келганди.

Шундай бўлса-да, футболчиларимиз астойдик ҳаракат қилиб, уч очкони қўлга киритишди. Ғалабамиз замирида меҳнат ётибди деб ўйлайман. Ижобий натижа учун интилганимиз сабабли якунда ютуқни қўлга киритдик”, – деди Анвар Солиев.