Асрор Алиқулов 181 миллион сўмга эга бўлади

“Шўртан” яна муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Ўзи бу клубнинг муаммолари ҳеч тугамас экан-да! Лекин у ердаги муаммолар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ҳаммаси йиллар мобайнида тўпланиб қолган ва шу йўсинда давом этиб келган. Ўтган йили легионерлар боғлиқ масалада ФИФАнинг огоҳлантириш ва жазосини олди. Натижада қарзларини узди. Аммо бошқалардан яна айрим қарздорликлари қолгани айтилмоқда. Бироқ “Шўртан”нинг катта миқдордаги қарзлари яна давом этади. Яқинда ЎФА ҳамда ПФЛ Ғузор клубини жиддий равишда огоҳлантирди. Бунга сабаб бош мураббийликдан озод этган Асрор Алиқуловнинг бир неча йиллик ҳақлари қолиб кетган. Энди эса клуб унинг барча қарзларини тўлашга мажбур. ПФЛ бу борада қатъий равишда ўз позициясини билдирди. Натижада 15 августгача муҳлат берди. Акс ҳолда жазо янада жиддий кўринишда бўлади. Бугунги мақоламиз шу ҳақида. Асрор Алиқулов мавжуд вазият тўғрисида батафсил гапирди.

- “Шўртан”нинг қарздорлигига келсак, бу ҳолат 2012 йилдан бошланган. Кейинчалик 2016, 2017 ва 2018 йилги қарздорликлар ҳам юзага чиқди. Биласизми, у ерда ҳар мавсумда жамоа аъзоларидан қарздорликлар пайдо бўлаверарди ва раҳбарлар алмашиб кетаверарди. Лекин улар доим пул тўлаш кераклигини рад этишмасди ва ҳамиша тўлаб берамиз дейишарди, аммо ҳалигача шу аҳвол. Лекин бу сафарги вазият анчайин жиддий бўлиб чиқди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Шўртан”нинг олдига мавжуд қарздорликларни тўлаб бериш мажбуриятини юклади. Бу ерда гап қандайдир ойлик маошлар ҳақида эмас, балки йиллар давомида ололмаган пулларимиз ҳақида кетяпти. Бу йил “Шўртан”да иш бошлаганимда ҳам клуб деярли тарқалиб кетиш даражасигача етиб борганди. Бу жамоа ўзининг энг паст даражасигача тушиб бўлганди. “Шўртан”ни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Лекин биз мана шундай ўта оғир шароитда ҳам футболчиларни ғалаба учун тайёрлаб, стадионда битта мухлис бўлса ҳам керак бўлса фақат ўша ишқибоз учун ўйнашимизни уқтириб келгандим. Шунда ҳам ҳеч ким бизга эътибор қилмади. Кейинчалик эса клубни тарк этишимга тўғри келди. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бу ишга аралашишини кутмагандим. Улар “Шўртан”нинг олдига 15 августгача барча қарздорликларни тўлаб бериш мажбуриятини юклади. ЎФАнинг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг олиб бораётган ишларидан хурсандмиз. Олдинлари футболчи ва мураббийлар федерацияга бориб клуб билан юз бераётган молиявий масалалар ҳақида айтиб, ёрдам беришини илтимос қилишарди. Энди эса вазият ўзгарди. Менга ПФЛдан Диёр Имомхўжаев қўнғироқ қилиб, “Шўртан”нинг сиздан бўлган барча қарздорликларини тўлаб беради деб айтди. Мен эса бу хабарни умуман кутмагандим. Энди ЎФА ва ПФЛ футболчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлаётгани ёқимли ҳолат.

Дарҳақиқат ЎФА ҳамда ПФЛ “Шўртан”ни жиддий равишда огоҳлантирди ва Асрор Алилқуловдан бўлган мавжуд барча қарздорликларни бартараф этишни клубнинг зиммасига юклади. Мураббийнинг ўзи таъкидлаганидек, бу ҳолат унинг учун кутилмаган ҳолат бўлди. Хўш, Алиқулов чиндан ҳам “Шўртан”нинг барча қарзларидан узилишига ишонадими? Бу ҳақида Асрор Чориевич шундай деди:

- Қарздорликларни узмасдан бошқа иложи ҳам йўқ. ФИФА ҳам легионерлар масаласида “Шўртан”ни огоҳлантириб жазолаган ва бунгача хорижликлардан бўлган пулларни тўлашди. Умуман айтганда, охирги йилларда “Шўртан” клубини фақат қарзларни тўлаш билан умри ўтяпти. У ерда ишлаётган инсонлар футболни кўтариш ҳақида ўйлашмаяпти. Йилдан-йилга қарздорликлар кўпайса-кўпайяптики, аммо камаймаяпти. Агар “Шўртан” менинг пулларимни тўлаб бермаса, уларга нисбатан бундан ҳам қаттиқроқ жазо чоралари қўлланилса керак.

“Шўртан”нинг Алиқуловдан салкам тўрт йилликни ўз ичига олган ойлик ва мукофот пуллари бўйича қарзи бор. Юқорида келтириб ўтилганидек, 2012, 2016, 2017 ва 2018 йилги мавсумлар бўйича у ўз иш ҳақларини тўлиқ ололмаган. Қизиқ, ҳисоб-китоб бўйича клубнинг Асрор Алиқуловдан бўлган қарздорлиги қанча? Ҳар холда бу кичкина рақам бўлмаса керак.

- Клубнинг мендан бўлган қарздорлиги 181 миллион сўмни ташкил этади, дея аниқлик киритди, Алиқулов. - “Шўртан” ушбу суммани 15 августгача тўлаб бериш бўйича ПФЛга кафолат хатини ҳам берган. 2012 йилги мавсумдан унчалик кўп пулим қолиб кетмаган, асосан 2016 ва 2017 йиллардан қарздорликлар кўп эди. Ўшанда мен клубда футболчи сифатида тўп сурганман. Ўша пайтларда кўп пуллар тўланмай қолиб кетганди. Бу йил эса бош мураббий бўлиб ишлаган бўлсам, рости, ойлик ёки мукофот пулига қизиқиб ишлаганим йўқ. Деярли бепул ишладим десам ҳам бўлади. Жамоада иш бошлаганим учун улардан кўтарма пули ҳам талаб қилганим йўқ. Фақат ойлик маошга ишлаганман. Асосий мақсадим “Шўртан”нинг мавқеини кўтариш эди. Умуман, биз мураббийлар штабига катта пуллар керак эмасди. Шунчаки, биз у ерда ишлаб яхшиликка умид қилгандик. Қарздорликлар асосан ойлик ва мукофот пуллари билан боғлиқ. Масалан, ўтган йили ўринбосарлар жамоасини бошқардим. Аммо бирор марта ҳам мукофот пули олмаганмиз. Ваҳоланки, биз 15 та ғалаба қозонгандик. Клубда қайси раҳбар ишламасин, у асосан ўзига тегишги одамларга пул тўлаган. Қисқаси, жамоада бетартиб иш бўлган.

Нима сабабдан “Шўртан” доимий равишда мана шунга ўхшаш муаммолар гирдобига тушиб қолди? Ўтган йили ФИФА ҳам бу клуб устидан келиб тушган шикоятга асосан жазолаганди. Ҳаммаси фақат қарздорликлар билан боғлиқ. Хўш, бу қачондир тугайдими? Лекин кўринишидан ҳали бери бу ҳолат тугамайдиганга ўхшайди. Бу сафар эса Асрор Алиқуловга катта миқдорда пул тўлаб бериши керак. Бу ёқда эса хорижликлардан қарзи борлиги ҳам маълум. Клубда тўғри иш олиб борилмаётганининг яна бир исботи шунда бўлдики, мавсум аввалида бош мураббийликка таклиф қилинган Асрор Алиқуловни қисқа фурсат ичида истеъфога чиқаришгани ўзлари учун қимматга тушди. Аслида эса Алиқулов ҳозирги шароитда “Шўртан”га жуда мос эди. Натижалар ҳам чакки бўлмаётганди. Аммо арзимаган сабаб туфайли уни ишдан бўшатишди ва оқибатда нима бўлди? Энди “Шўртан” Алиқуловга 181 миллион сўм миқдоридаги қарзларини тўлаб беришга мажбур бўлиб қолди. Агар уни ишдан бўшатмаганида мана шундай маш-маша муаммолар бўлмасди, тўғрими? Кўряпсизми, клубда ишнинг кўзини биладиган, ривожлантириш йўлидан боришни истайдиган раҳбарнинг ўзи йўқ. Бу фикрларга Асрор Чориев ҳам қўшилган ҳолда муносабатини давом эттирди.

- Клубни бошқариш системасини тўлиқ янгилаш керак. Янги раҳбар келдими, биз мураббийларга қандайдир мақсад қўяди ва шунга қараб ишлашимиз лозим. Аммо директорларнинг ўзида мақсад бўлмаса сиз нима қила оласиз? Бугун бир амаллаб эплаб турсак, эртага у ёки бу ўрин учун курашамиз деб туришса, қайси мақсад учун курашасиз? Қачон “Шўртан” ривожланади? Ишни тўғри йўлга соладиган ишбилармон одамлар келсагина нимадандир умид қилса бўлади. Лекин “Шўртан”да муаммолар йилдан-йилга давом этиб келяпти.

“Шўртан”нинг кейинги тақдири қандай кечади? Ҳозирча про-лигадаги натижалари ҳам зўр эмас. Улар Асрор Алиқуловни ишдан бўшатиб нимага эришишди? Ёки жамоа кучайиб, кетма-кет ғалабалар қозоняптими? Бу билан Асрор Чориевнинг ёнини олмоқчи эмасмиз. Шунчаки, Алиқуловдан кейин ҳам клуб жарга қуласа қулаяптики, бироқ кучайиб кетаётгани йўқ. Айни пайтда “Шўртан”га Ёрқин Назаров бош мураббийлик қиляпти. Энди унга ҳам қийин бўлади. Алиқулов эса жамоанинг бугунги ҳолати ҳақида шундай деди:

- Яхшими-ёмонми, “Шўртан”да қўлимиздан келганича ишлаб келаётгандик. Жамоанинг охирги натижаларига қарасангиз, ютқазаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳайронман, у ерда футболчилар қандай ўйнашяпти экан? Чунки мен жамоадаги вазиятни биламан, шунинг учун йигитларга ачиняпман. Про-лигада “Машъал”, “Андижон”, “Сурхон” каби жамоалар анча шаклланган. Аммо қолган клубларнинг имконияти “Шўртан”никидан баланд эмас. Жамоага ва футболчиларга ҳурматим борлиги учун ҳам уларга ачиняпман. Ёки менимча жамоа тушкунликка тушиб қолган. “Динамо”га ҳам, “Машъал”га ҳам йирик ҳисобда ютқазди. Нукусда “Орол”дан ҳам учта гол ўтказиб юборди. У ерда Ёрқин ака Назаров бош мураббий сифатида иш бошлади. Унга қийин бўлиши аниқ. Чунки жамоада ҳали кўп нарсаларни билмайди. Вазият барибир оғир. Бундай пайтда кимдан ёрдам кутишни ҳам билмайди. Бундай пайтда “Шўртан”га ва Ёрқин Назаровга омад кулиб боқишини хоҳлардим.

Энди мураббий Асрор Алиқулов фаолиятини қаерда давом эттиради? Унинг ўзида мураббийлик ишин давом эттириш учун хоҳиши катта. Бунинг устига унинг мураббийлик қобилияти борлиги ҳам кўриниб турганди.

- Ҳозирча дам оляпман, аммо режаларим бор. Яқин орада Тошкентда иш бошлашим мумкин. Лекин ҳозирча бу ҳақида аниқ гап айта олмайман. Охирги пайтлардаги қийинчиликлардан кейин руҳий томонлама ўзимни анча тиклаб олдим. Менимча, қаерда иш бошлашим бир ҳафталарда аниқ бўлиб қолади, - деди Алиқулов.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!