Азиз Турғунбоев: Топ-клублардан таклиф бўлганида ҳам “Навбаҳор”ни ташлаб кетгим келмади

3488

Азиз Турғунбоев: Топ-клублардан таклиф бўлганида ҳам “Навбаҳор”ни ташлаб кетгим келмади

Наманганлик иқтидор эгаси Азиз Турғунбоев жорий мавсумни юқори кайфиятда ўтказаётганини кўпчилик кўриб турибди. У қисқа муддат ичида “Навбаҳор” жамоасининг етакчисига ва мухлисларнинг севимли футболчига айлана олди. Наманганликларнинг ўйини бевосита Турғунбоевга боғлиқ десак адашмаймиз. Зеро, Азизнинг ўйини қовушса “Навбаҳор” ҳам яхши ўйнаяпти. Агар футболчининг ўйини кўнгилдагидек чиқмаса, у ҳолда бу жамоанинг ўйинига ҳам таъсир қилади. Бир сўз билан айтганда, Турғунбоев ишқибозларнинг оғзидан тушмаяпти. Қолаверса, у март ойининг ҳам энг яхши футболчи сифатида эътироф этилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Яқинда унинг ўзи билан суҳбатда бўлдик.

- Азизбек, кўпчилик сизни мавсум кашфиёти сифатида эътироф этмоқда. Масалан, ўтган сафар март ойининг энг яхши футболчиси бўлдингиз. Бундай мақтов ва эътибор кўпайиб кетган пайтда ўзингизни “ушлаб” туриш қийин бўлмаяптими?

- Ой лауреати бўлганимдан жуда хурсанд бўлдим, чунки бу менинг шахсий биринчи ютуғим бўлди. Мен ҳеч қачон осмонга “учиб” кетмайман. Мени энг яхшиси деб топишларини кутмагандим. Шу боис мен учун ёқимли сюрприз бўлди. Бундай эътибор ва муносабат кейинчалик ҳам мени янада яхшироқ ўйнаб, чиройли голлар уришимга ундаб туради. Ой лауреатларини жорий этгани учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарларига миннатдорчилик билдираман.

- Тан олиш керакки, сиздаги бундай ўйин, абжирлик, иқтидор бошқалардан фарқ қилиб турибди. Айтинг-чи, ўз иқтидорингизни кўрсата олишингизда сизга асосий кўмакчи бўлаётган инсон ким?

- Бунинг асосий сабабчиси Илҳом Мўминжонов. Бош мураббийимиз менга катта ишонч билдириб, ҳар доим қўллаб-қувватлаяпти. Бунинг устига мухлислар бизни ёлғизлатиб қўймасдан, доим қўллаб туришибди. Мени қўшимча кучлантираётган хусусиятлар шулар деб ўйлайман. Аммо мени кашф қилишига Мўминжонов сабабчи.

- У ҳолда айтинг-чи, Илҳом Мўминжонов сиз учун қандай мураббийга айланди?

- У туфайли мен катта футболдаман. Илҳом Ибрагимовични Ўзбекистондаги энг яхши мураббийлардан бири деб ҳисоблайман. Менга шунчалик ёрдам бериб, футболчи сифатида ўсишимга ёрдам бераётгани учун раҳмат.

- Қизиқ, Азиз Турғунбоевнинг болалиги қандай ўтган?

- Наманган шаҳридаги 15-сонли футбол лицейида ўқиганман. Биринчи мураббийларим – Илҳом Абдуқодиров билан Хуршид Йўлдошев. Дастлаб уларнинг қўли остида таҳсил олганман. Кейин олимпия захиралари спорт коллежига имтиҳон топширганман, аммо у ерга кира олмагандим. Кейин оддий коллежга кирганман, аммо спорт коллежида шуғулланиб юрардим. Оилавий шароитим оғирлиги туфайли футбол лицейида ётиб юрардим. Бунинг учун менга шароит яратиб берган Ҳасанбой Дадамирзаевга миннатдорчилик билдираман. Ўша футбол лицейини битириб чиқиб кетганимга қарамасдан, менга ётиб туришим учун шароит яратиб берганди. Шу боис Ҳасанбой акага катта раҳмат. Худога шукурки, ўша қилган меҳнатларимнинг роҳатини кўришни бошлаяпман.

- Шунингдек, бу борада дадангизнинг ҳам ўрни катта бўлса керак-а?

- Ҳа, тўғри. Аслида мени биринчи бор футболга олиб келган инсон дадам – Муроджон Ҳайдаров бўлади. Менга қўлидан келган барча шароитларни яратиб берганди. Бунинг учун дадамга минг раҳмат.

- Айни пайтда сизни Ўзбекистон олимпия терма жамоасига ҳам чақиришяпти. Бу сиз учун олдинга ташланган қадам эканлиги шубҳасиз. Лекин олимпиячиларимизнинг Осиё чемпионига айланганида ўша таркибда бўлишни истаганингиз табиий...

- Ҳа, албатта. Мен ҳам терма жамоамиз сафида бўлишни орзу қилгандим. Аммо йигитлардан бир ёшга катталигим туфайли мусобақага бора олмагандим. Энди Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнида уч нафар ёши катта футболчиларни жалб қилиш имконияти бор. Шунинг учун Равшан Ҳайдаров мени йиғинларга чақиряпти. Бундай имкониятдан фойдаланиб қолишим керак. Шу боис мураббийнинг ишончини оқлаб, Ўзбекистонни яна бир бор Осиё чемпиони қилишга ҳаракат қиламиз.

- Ўзбекистон бўйлаб ҳамманинг эътиборида Азиз Турғунбоев номи танилиб боряпти. Айтинг-чи, катта муваффақиятлар сари интилаётган футболчининг орзуси нима?

- Асосий орзуим Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида иштирок этиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришдир. Ҳозирги пайтда ўзимга берилаётган ишонч ва қўллаб-қувватлаш мени янада кучли қиляпти. Бу ҳаракат орқали кейинчалик футболдаги йўлимни ҳам белгилаб олаётганимдан хурсанд бўляпман.

- Ўтган йилги мавсум тугаганидан кейин сизга “Насаф”дан жиддий қизиқиш бўлганди. Аммо Илҳом Мўминжонов сизни “Навбаҳор”да олиб қолганди. Аслида воқеалар ривожи қандай бўлганди?

- Тўғри, менга топ-клублардан қизиқиш бўлганди. Тўғриси, “Навбаҳор”ни ташлаб кетгим келмади. Мен катта футболга шу ерда қадам босдим ва ушбу клуб орқали фаолиятимда пойдевор қўйдим. Клубни юқори ўринларга олиб чиққанимиздан кейин кетаман.

- У ҳолда айтинг-чи, бу йилги мавсумда жамоангизнинг қандай муваффақиятларга эришишга кўзингиз етади?

- Бу йилги чемпионатда жамоамизни кучли учталикдан жой олишини таъминлаб, Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқмоқчимиз. Мана шундан кейин фаолиятимни бошқа клубда давом эттирмоқчиман.

- “Навбаҳор”дан шунингдек, Акмал Турғунбоев ҳам рўйхатда ўтказилган. У сизнинг укангизми?

- Йўқ, менга ҳеч қандай алоқаси йўқ, шунчаки фамилиядошмиз. Оилада учта фарзандмиз. Мен энг кенжасиман. Акам заводда ишлайди. Шунингдек, опам ҳам бор, у ўқитувчи.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ.