175

АГМК клубига Бахтиёр Ашурматовнинг бош мураббий этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда олмалиқликлар янги мураббий бошчилигида “Локомотив”га қарши кечадиган беллашувга қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Айтиш мумкинки, Ашурматов яна бир бор мустақил равишда ишлаб мураббий сифатида ўзинини кўрсатиш имкониятига эга. Бунинг учун эса АГМК Бахтиёр Аъзамович учун яхши танлов бўлди. SPORTS.uz сайти мухбири ушбу мутахассиснинг Суперлига клубига бош мураббий этиб тайинланганидан кейинги дастлабки фикрлари билишга қизиқди.

АГМКдан тушган таклиф мен учун яхши чорлов бўлди  

- Бу таклиф кутилмаганда клуб раҳбарияти томонидан бўлди. Шундан сўнг мазкур таклиф устида “Бухоро” клуби бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан маслаҳатлашдик. Натижада олмалиқликларнинг таклифини қабул қилдим. Бу борада Улуғбек ҳам менинг мустақил равишда ишлашим учун омад тилади. Икки йил давомида Бақоевга ёрдамчи мураббий бўлиб ишладим. Қўлимдан келганича кўмаклашишга ҳаракат қилдим. Шу вақт давомида “Бухоро” жамоасининг ўз ўйин услубини шаклланишида бош-қош бўлдик. Албатта, ОКМКдан тушган таклиф мен учун яхшигина чорлов бўлди. Олмалиқликлар олдиндан етакчи клубларга муносиб қаршилик кўрсата оладиган жамоа эди. Бу йил ҳам ёмон жамоа тузишмаганди. Аммо футболда доим ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради. Шу сабабли биринчи даврада жамоанинг омадсиз ўйинлари кўпроқ бўлди. Ҳозир эса мураккаб вазият. Лекин клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар ҳаммамиз биргалашиб бу вазиятдан чиқиб кетишимизга ва олдимизга қўйилган вазифани бажара олишимизга ишонамиз. Бу йўлда биз мураббийлар ва футболчилар юракдан меҳнат қилишимизга тўғри келади. Ҳа, бу – футбол ва олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Лекин биз охиригача курашамиз.

Кумиков кучли мутахассислардан бири

- Рости, Виктор Кумиков мен ҳурмат қилган мураббийлардан бири. У кучли мутахассислардан бири ҳисобланади. Қолаверса, Кумиков ўз услубига эга. Шу билан бирга ушбу мураббий билан муносабатларимиз ҳам яхши. Албатта, бу – футбол. ОКМКга келишимдан олдин Виктор Кумиков клубдан кетишга қарор қилган экан. Шу боис раҳбарият менга таклиф билан чиқишганида бунга рози бўлдим. Чунки бу ерда бўш иш ўрни мавжуд эди. Биринчи навбатда раҳбарият мени жамоа аъзолари билан таништирди. Кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида айтиб ўтилди. Клубдаги барча ўйинчиларни биламан ва улар ҳам мени билишади. Биз футболчилар билан ўзаро гаплашиб олдик. Клуб ўз олдига қўйилган вазифани бажариши ва мухлисларни хурсанд қилиши учун ҳар бир учрашувда жон-жаҳди билан ўйнаб охиригача курашиш ҳақида йигитлар билан келишиб олдик.

Энди маҳаллий ёшларга ҳам эътиборни кучайтирамиз 

- Мураббийлар штабига бунгача ўринбосарлар жамоасида ишлаб келган Аъзам Шерғозиев ўтказилди. Энди ўринбосарлар таркибига ҳам кўпроқ эътибор беришимиз керак. У ерда яна бир маҳаллий мураббий ишлаяпти. Энди маҳаллий ёшларга ҳам эътиборни кучайтирамиз. Охирги пайтларда ОКМКнинг асосий таркибига ўринбосарлар жамоасидан кам футболчи етказиб берилаётганди. Буни жамоанинг асосий муаммоларидан бири деб ҳисоблайман. Аъзам Шерғозиев Олмалиқ футболини яхши билади ва ўзи ҳам ушбу клубда тўп сурган. У билан ўзаро биргаликда ишлашимиз ҳаммамиз учун фойдали бўлади. Шунингдек, мураббийлар штабига Зоҳид ака Нурматов ҳам қўшилди. Дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаб келган Антон Майеранов ўз лавозимида қолди. Ҳозирча ушбу мураббийлар штаби билан ишни давом эттирамиз.

6-ўрин учун 5-6 та жамоа курашяпти

- Бу йил Суперлига ўйинлари жуда қизиқарли ўтяпти. Кутилмаган натижалар ҳам кўп бўляпти. Шу боис биз олдиндан таслим бўлмоқчи эмасмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача курашмоқчимиз. Айтишади-ку, имконият ҳар доим бор. Фақат ҳамма гап ундан қандай фойдалана олишимизда. Агар тайёргарлигимизни янада кучайтириб, ёзда жиддий ишласак кейинчалик ўзимизга керакли очколарни жамғаришимиз мумкин ва кучли олтиталикка курашиш имкониятига эга бўламиз. Чунки эътибор берган бўлсангиз турнир жадвалида зичлик юзага келган. 6-ўрин учун “Металлург”, “Насаф”, “Қўқон-1912”, “Қизилқум, ОКМК, “Сўғдиёна” ҳаракат қиляпти. Тўғриси, битта ўрин учун 5-6 та жамоа курашади десак ҳам бўлаверади. Тан олиш керакки, юқори ўриндаги клублар анча олдинлаб кетишган. Ўртадаги катта очколар фарқини йўқ қилиш жуда қийин. Юқори ўриндаги клублар ҳам қараб туришмайди. Умуман олганда, чемпионатимизнинг иккинчи қисми янада қизиқарли ўтади деб ўйлайман. Биз озгина имкониятдан ҳам фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса олдимизда турган биринчи ўйинимиз – “Локомотив”га қарши учрашувдан бошлаб ҳар бир беллашув муҳим аҳамиятга эга. Энди охиригача курашмасак бўлмайди. Мавсум охирига бориб кимнинг қанча очко жамғаргани ҳисоб-китоб қилинади.

Таркибда ўзгаришлар бўлиши мумкин

- Албатта, клубда селекция ишлари давом эттирилади. Чунки бу ҳар бир жамоада рўй берадиган вазият. Клуб мавсумда қандай қатнашишидан қатъий назар селекция ишлари давом эттирилаверади. Лекин ҳозирдан бирор номзод ўйинчи ҳақида гапира олмайман. Чунки олдинда “Локомотив”га қарши ўйинимиз бор. Шундан кейин яна мураббийлар штаби билан маслаҳатлашиб таркибдаги айрим футболчилар билан хайрлашишимиз мумкин. Шунингдек, ўзимизга керак бўлган янги ўйинчиларни таклиф қилишимиз мумкин бўлади ва шунга қараб улар билан музокаралар олиб борамиз.

АГМКда бир-икки йил эмас, кўпроқ ишламоқчиман

- Мураббийлик соҳасида паст-баландликлар бўлади. Қайсидир жамоада олдимизга қўйилган мақсадга эришдик яна қайсидир жамоа билан эриша олмадик. Фақат мураббийлик фаолиятимдаги камчилик шуки, битта клубда кўп ишламаганим билан боғлиқ. “Навбаҳор”ни оғир вазиятда жамоани қабул қилиб олгандик. Ўшанда у ерда рақобатбардош клубни шакллантиришга муваффақ бўлгандик. “Бухоро”да ҳам Улуғбек Бақоев билан биргаликда яхши жамоани тузишга эришдик. Умид қиламанки, АГМКда бир ёки икки йил эмас, ундан-да кўпроқ фаолият олиб борсам, шунда бу йўналишни тўғри деб айтсам бўлади. Лекин ҳозирча мураббийлик йўналишларимнинг ўзига яраша камчиликлари бор. Албатта, бундан тўғри хулоса чиқариб Олмалиқда виждонан ишлаб, мухлисларнинг меҳрини қозонишга ҳаракат қиламиз. 

Энди бухоролик ва наманганлик мухлислар ҳам АГМКга ишқибозлик қилишади

- Сўзимнинг охирида “Бухоро” жамоаси раҳбариятига, айниқса, Улуғбек Бақоевга, шунингдек, бухоролик ишқибозларга миннатдорчилик айтган бўлардим. Улар билан бир оила бўлиб қийин йўлни босиб ўтдик. Шу боис уларга раҳмат айтаман. Менга АГМКдан таклиф тушишида ўйлайманки, “Бухоро” жамоасининг ҳиссаси катта бўлди. Биз клуб ва Бақоев билан дўст бўлган ҳолда ҳайрлашдик. Энди ўйлайманки, АГМКга нафақат олмаликликлар, балки Бухоро ва наманганлик ишқибозлар ҳам мухлислик қилишади. Айнан уларнинг қўллаб-қувватлашлари билан олдимизга қўйилган мақсадга эриша оламиз. Олмалиқлик мухлисларга тилагим шуки, улар ҳар доим жамоага ишонишсин ва доим қўллаб-қувватлашсин. Биз йигитлар билан биргаликда уларнинг ишончини қозониш учун ҳар бир учрашувда қўлимиздан келганича меҳнат қиламиз. Умид қиламанки, стадионга мухлисларимизнинг ташрифи ҳам кўпайиб боради.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Sports.uz 2018