Биргина аниқ зарба бериш учун Сеул шаҳрига борган Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида

Кеча Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йил Россияда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи доирасида Жанубий Корея терма жамоаси билан куч синашди.

Тошкентда ўтган Эронга қарши баҳсдаги мағлубиятдан сўнг Хитой терма жамоаси устидан ғалаба қозонган миллий терма жамоамиз 5-турда Сеулда яна бир бор тўхтатиб қолинди.

Гол уришни ўрганиб олган Марат Бикмаев

Дастлабки дақиқаларда кореяликлар кескин босим уюштириб, ўйин ташаббусини ўзларига оғдира олишди. Хатто кореялик посбон ҳам ҳимояда ортиқча ўзига ишонган ҳолда ўз жарима майдони чизиғи ташқарисида ҳаракат қила бошлади. Бу вазиятдан эса Тошкентда ўтган Хитойга қарши баҳсда гол уришни ўрганиб олган Марат Бикмаев очиқ олган дарвозани чамаси 32 метрлардан нишонга олди ва ҳисобни очди.

Биринчи бўлим статистикаси

Биринчи бўлим якунига қадар 1-0 ҳисоби сақланиб қолган бўлсада, тўпга эгалик қилиш борасида кореяликлар устунлик қилишди, 68% - 32%. Бироқ терма жамоамиз вакиллари рақибларига қараганда дарвоза томон бир марта кўпроқ зарба бера олишди, гарчи ноаниқ бўлсада. Эътиборли жиҳати шундаки, бу бўлимда жамоамиз посбони ўзининг ўйиндаги дастлабки ва ягона “сейфини” амалга оширди.

Даврон Ҳошимовнинг “тезкорлиги” ҳамда Александр Лобановнинг “эпчиллиги”

66-дақиқада чап қанотдан ёриб кирган Парк Жу Ҳо Даврон Ҳошимовни тезлик бобида доғда қолдирди. Кўпчилик томонидан “терма жамоага муносиб бўлмаган дарвозабон” дея қайд этилаётган Александр Лобановнинг устидан тўпни оширган ҳолда Нам Тай-Ҳига тўпни етказиб берди. Кореялик ярим ҳимоячи эса очиқ қолган дарвозани ишғол этиб, ҳисобни тенглаштирди.

Анзур Исмоиловнинг иккинчи қаватдаги нўноқлиги ва Александр Лобановдан ўзига хос “реакция”

Ўйиннинг асосий вақти тугашига 5 дақиқа қолган бир пайтда эса Ҳонг Чулнинг майдон марказидан етказиб берган тўпини қайтаришда Анзур Исмоилов қўпол хатога йўл қўйди. Иккинчи қаватда устунликка эришган Шин-Вук Ким бош билан тўпни Ку Жа-Чол га етказиб берди. Бундеслига вакили бу вазиятда Лобанов қўриқлаётган дарвозани “тешиб” қўйди десак муболаға бўлмаса керак. Жарима майдони ичидан берилган зарбани Александр Лобанов ўзи қўриқлаётган дарвозанинг яқин бурчагидан ўтказиб юборди.

Иккинчи бўлим статистикаси

Позицион ҳужумларда ва тўпга эгалик қилиш борасида меҳмонларга имконият қолдирмаган кореяликлар якунда ғалабани қўлга киритишди. Дарвоза томон берилган 6 та зарбанинг 3 таси аниқ амалга оширилган бўлса, бу аниқ зарбаларларнинг 2 таси голга айланди. Мезбон жамоа вакиллари икки бор сариқ карточка билан сийланганига қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ўйин қоидасини бузишда яққол устунлик қилишди (6-12). Иккинчи бўлимнинг энг ёдда қоладиган жиҳати бу Ўзбекистон терма жамоасининг рақиб дарвозаси томон бирор марта ҳам зарба бера олмагани бўлса керак. Ҳамюртларимиз сўнгги 45 дақиқаликда Сеунг-Гю Ким қўриқлаётган дарвозага хатто ноаниқ зарба ҳам бера олмаган.

Ўйинчи алмаштиришдаги хатолик ёхуд Штиликининг ақлли қарорлари

Иккинчи бўлимда жамоамиз таркибига Александр Гейнрих, Жавохир Соҳибов ҳамда сўнгги пайтларда терма жамоада ўйнай олмаётган, бироқ ўз клубида гол уришдан тўхтамаётган Сардор Рашидов майдонга туширилди. Бироқ бу алмаштиришлар ўзини деярли оқламади ва натижада терма жамоамиз ўйинида ўзгаришлар кузатилмади.

Жанубий Корея терма жамоасида эса иккинчи бўлим ўрталаридан бошлаб Ли Жэ-Сон, Шин-Вук Ким ҳамда Чул Ҳонгни майдонга туширди. Кореяликларнинг дастлабки голида бу уч ўғлон бевосита иштирок этмаган бўлсада, иккинчи гол Чул Ҳонг ҳамда Шин Вук Кимнинг сайи-ҳаракатлари сабаб дарвозамиз тўридан жой олди.

Сурияликларнинг мардоновор ўйини Самвел Бабаянни “чиқиш эшиги”дан бироз узоқлаштирди

Шу пайтгача икки рақиб жамоа бош мураббийларининг истеъфосига сабаб бўлган терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян бу сафар ўзи истеъфога чиқарилишга жудаям яқин турганди. Бироқ Малайзиянинг Парой шаҳрида ўтказилган Сурия – Эрон баҳсидаги нурсиз дуранг терма жамоамизга умид бағишлади ва Самвел Бабаяннинг терма жамоада қолиш эҳтимолини бироз оширди.

"TheSokhibov"

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!