"Бухоро"нинг янги бош мураббийи фаолиятига назар ёхуд Улуғбек Бақоев ҳақида батафсил

Хабарингиз бор, бундан бир неча кун муқаддам “Бухоро” клуби мураббийлар штабида жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўтган мавсумда бухороликлар билан чемпионатнинг тўртинчи ўрнини эгаллаган Жамшид Саидов ва Тачмурод Агамуродовлар ўз лавозимларидан озод этилиб, уларнинг ўрнига терма жамоамиз ва “Локомотив” клубидаги фаолияти билан бизга яхши таниш бўлган Вадим Абрамов ва Улуғбек Бақоевлар таклиф этилди. 

Барчамизга маълумки, ушбу клуб айни пайтда 38 ёшни қаршилаган собиқ футболчининг мураббийлик фаолиятидаги илк жамоа ҳисобланади. Шу муносабат билан SPORTS.uz интернет-ахборот портали терма жамоамиз собиқ ҳужумчиси, бошқача айтганда “Бухоро” клубининг янги бош мураббийининг олдинги фаолияти билан қизиқди.

Улуғбек Бақоев фаолиятини барча ўйлагани каби “Бухоро” клубида эмас, Биринчи Лиганинг “Ситора” жамоаси сафида бошлаган. Аммо Бухоронинг шу ном билан атлувчи бош жамоаси уни тезда ўз сафига қўшиб олди ва футболчи кўплаб мухлис ва мутахассислар назарига тушишга муваффақ бўлди.  Хусусан, 23 ёшида 5 мавсум давомида 119 ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 38 маротаба ишғол этган ҳолда, Москванинг “ЦСКА” клубига йўл олди. Аммо Ўзбекистон ва Россия чемпионатилари ўртасидаги тафовут футболчининг “армиячилар ” сафида ёрқин тўп суриб кетишига халал берди. Шу сабаб, у 2001-2002 йилги мавсумни “Торпедо-ЗИЛ” сафида ўтказди ва 20 та ўйинда бирор маротаба дарвозани ишғол қила олмади.

2003 йилги мавсумда эса футболчи чемпионатимизга қайтиб “Бухоро” ва “Андижон” клублари сафида майдонга тушди. Хусусан, бухороликлар сафида 7 та ўйинда 4 гол урган бўлса, “Андижон” сафида 3 та ўйинда 1 та гол уришга муваффақ бўлди ва ўша йилнинг ўзида россияликлар сафига қайтиб кетди.  Нижьекамскликлар сафида эса 11 та ўйинда 4 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилди.

2004 йилга келиб Бақоев Қўстанайнинг “Тобол” клубидан таклиф олди ва дарҳол Қозоғистон чемпионатига кўчиб ўтди. Бу қарор эса 26 ёшли футболчи фаолиятидаги амалга оширилган тўғри йўл бўлиб чиқди. У қўстанайликлар сафида жами 111 та ўйинда майдонга тушди ва 55 та гол уришга эришди. Бу ҳужумчининг самарадорлигининг яна ўзига қайтаётганлигидан дарак эди.Шунингдек, Бақоев ўзининг ажойиб техникаси ва майдондаги кутилмаган қарорлар қабул қилиши эвазига 2007 йилда “Тобол”нинг УЕФА “Интертото” кубогини қўлга киритишига ўз ҳиссасини қўшди.

2008 йилга келиб Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ўз сафини энг моҳир футболчилар билан тўлдира бошлади. Ўша йили Зико бошчилигидаги жамоанинг ҳужум чизиғи Хосе Луис Вильянуэва, Ривалдо каби жаҳон даражасидаги футболчилар билан тўлдирилган эди. Мана шундай ҳужумчилар билан Бақоев “қалдирғочлар” сафида 22 та ўйинда майдонга тушди ва 8 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Аммо у Тошкентликлар сафида узоқ ушланиб қололмади ва 2009 йилда Динамога кўчиб ўтди.  Самарқанд жамоаси сафида эса Бақоев 12 та ўйинда майдонга тушиб 4 та гол киритди.

2010 йилда 32 ёшни қаршилаган ҳужумчи яна Қозоғистоннинг “Тобол” клуби сафига қайтди ва Қозоғистон чемпионати ғолиблигини кўлга киритди. Кейинги йилда эса у Толдиқўрғоннинг “Жетису” клуби сафига бориб қўшилди ва 29 ўйинда 18 та гол киритиб,  мухлисларнинг ҳақиқий ёқимтойига айланди.

Ўша йилнинг ўзида Бақоевнинг қозоғистонликлар сафида кўрсатаётган ўйини орқали БААнинг “Дубай” клубидан таклиф олди ва амирликлар жамоаси сафига кўчиб ўтди. Аммо 8 ўйинда майдонга тушган ҳужумчи бирор маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилолмади ва 2012 йилда яна Қозоғистонга қайтди.

Аммо бу сафар у собиқ, жамоаси “Жетису”га эмас, “Иртиш” клуби сафига бориб қўшилди. Ушбу клуб сафида 2014 йилга қадар тўп сурган футболчи жами 70 ўйинда майдонга тушди ва 22 маротаба рақиб дарвозабонларини ранжитди. У Павлодар жамоаси сафида ҳақиқий етакчига айланди ва ўзининг энг муҳим пайтларда урган голлари билан мухлислар кўнглидан чуқур ўрин эгаллади.  Хусусан, унинг ана шундай голларидан бири Европа Лигаси саралаш босқичи доирасида Софиянинг “Левски” клуби дапвозасига урилган бўлиб, у бу орқали павлодарлик мухлисларга исталган рақиб билан ўйнаш мумкинлигини исботлади.

Унинг ана шундай энг муҳим голларидан яна бири 2011 йилда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати чорак финали баҳсида Иордания дарвозасига урилганди. Ўшанда терма жамоамизнинг 33 ёшли ҳужумчиси 47 ва 49-дақиқаларида гол уриб вакилларимизнинг мусобақа ярим финалига йўл олишларига катта ҳисса қўшганди.

Умуман олганда, Бақоев терма жамоа сафида Осиё чемионатлари ва Жаҳон чемпионати саралаш босқичида кўплаб муҳим учрашувларни ўтказишга муваффақ бўлди. Энг муҳими, у узоқ давом этган фаолияти давомида жуда кўп тўсиқлар ва жароҳатларга дуч келган бўлсада,  ўзининг ажойиб ўйини ва муҳим голлари билан мухлислар кўнглидан муқим ўрин эгаллади.  

Бақоевнинг футболчилик фаолияти сўнггида “Бухоро” ва “Навбаҳор” жаомаларида тўп сурди. 2014 йилда бухороликлар сафини тўлдирган ҳужумчи 9 ўйинда 3 та гол киритиб, наманганликлар таркибига бориб қўшилди. “Лочинлар” сафида эса у 21 ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол киритди.

SPORTS.uz интернет-ахборот порталининг хабар тарқатишича, янги мавсумдан бошлаб, аввал терма жамоада Вадим Абрамов қўл остида шуғулланган футболчи энди клуб мураббийлар штабида ҳам собиқ устози билан ҳамкорликни давом эттиради. Портал тарқатаётган хабарга кўра, бу борадаги ташаббус айнан Вадим Абрамов томонидан илгари сурилган.  Шундай экан, биз ҳам ушбу ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишини истаган ҳолда, мутахассиснинг кейинги фаолиятида омадлар тилаб қоламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!