Элдор Сакаев: "Андижон" мухлисларини қувонтирадиган ўйин намойиш қилди

211

Элдор Сакаев:

Кеча Ўзбекистон кубоги 1/16 финал босқичидан ўрин олган «Андижон» ҳамда «Навбаҳор» (1:0) ўйинидан сўнг, ғолиб жамоа устози Элдор Сакаев ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

- Дерби ўз номи билан дербидир. Бундай маҳалда жамоаларнинг қайси лигаларда ўйнаётгани ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Буни анъана дейиш мумкин.

- Ўз вақтида футболчи сифатида мен ҳам дербиларда иштирок этиш имконига эга бўлганман. Беллашув жуда жанговор руҳда кечди. “Андижон” “Навбаҳор”га қарши учрашувда мухлисларини қувонтирадиган ўйин намойиш қилди. Асосийси, ўйин жуда томошабоп руҳда ўтди.

- “Навбаҳор” – жуда яхши жамоа. Клубнинг Суперлигадаги иштироки ҳам ёмон чиқмаяпти. Ҳар бир беллашув олдидан тайёрлаб қўйган бир қанча режаларни футболчиларга тақдим этамиз. Улар энг мақбулини танлаган ҳолда буни майдонда амалга оширишади.

- Учрашув учун танлаган режамиз иш берди. Асосийси, ўйинчиларимиз ҳимояда ҳам ишончли ҳаракат қилдилар. Гол ўтказиб юбормаганимиз ғалаба ҳаққоний равишда қўлга киритилганидан далолат беради.