Фарғона ва Қаршида мураббийларни касбий малакасини аниқлаш бўйича семинарлар давом этмоқда

ЎФА мутахассислари томонидан юртимизнинг турли вилоятларида ОФК ва ЎФАнинг мураббийлик лицензияларига эга мутахассисларнинг касбий малакасини аниқлаш бўйича семинарлар ташкил қилинаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Ана шундай семинарлар Фарғона ва Қаршида давом этмоқда.Мураббийларнинг назарий билимлари синовдан ўтгач, энди улардан амалий имтиҳонлар олинмоқда.

Амалий имтиҳонлар давомида мураббийларнинг машғулотлар олиб боришга қандай тайёргарлик кўрганликлари, майдонни машғулотга тайёрлаш, машғулот давомида болаларга кўрсатмалар бериб бориш усули, мураббийнинг машғулот давомида ўзини тутиши, футболчиларнинг машғулотдаги хатоларини кўрсатиб бориш ва ўша хатони тўғирлаш борасида амалга оширадиган хатти-ҳаракатлари синовдан ўтказиляпти. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

Шунингдек, барча вилоятларда футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Суҳбат давомида ота-оналарга футбол мактаб-интернатлари тарбияланувчиларининг янги ташкил этиладиган академияларга ўтиш механизми тушунтирилмоқда. Унга кўра дастлабки саралашдан ўтган мактаб-интернатлари тарбияланувчилари академияларга имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлишади. Академияларга қабул учун алоҳида ташкил этилган имтиҳондан ўтганлар академия тарбияланувчиларига айланишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!