Футболдаги асрга татигулик ўзгаришлар

Сўнгги йилларда, кўпчилигимиз у қадар ҳам кўп эътибор қилмасакда, футбол қоидалари аста-секин ўзгариб, янги қўшимчалар киритилиб бормоқда. Жумладан айни кунларда Россияда ўтаётган Конфедерациялар кубогида ҳам шундай қўшимчалардан бири – видеотакрорлардан фойдаланилмоқда. Биз эса шу муносабати билан, сўнгги чорак аср давомида амалиётга татбиқ этилган 15 ўзгаришни санаб ўтамиз.000

Дарвозабонга тўп узатиш

1992 йилдан буён футболда, дарвозабонларга шерикларидан оёқ орқали узатилган тўпларни қўл билан ушлаш таъқиқланди. Бош билан ва тананинг бошқа аъзолари ёрдамида узатилган пасларни эса кипер қўл билан ушлаш ҳуқуқига эга.

Мураббийлар учун техник зона

Хайрон қолишингиз мумкин, бироқ 1994 йилга қадар мураббийлар ўзлари истаган ерда шогирдларига кўрсатма бериш ҳуқуқига эга эдилар. Ҳозир эса мураббийлар ён чизиққа бир метр узоқликда жойлашган техник ҳудуддан чиқишлари таъқиқланади.

Ғалаба учун уч очко

Ғалаба учун уч очко бериш биринчи бор 1981 йилда қўлланилган. Бироқ 1994 йилга келибгина барча жойларда бу қоида амалиётга татбиқ этилган.

Ўзгариш

Ҳозирги замонавий футболчи алмаштирилиши 1995 йилда ишлаб чиқилган қоидага асосан амалга оширилади.

Кечиктирилган фол

90 йилларнинг ўрталарида бу атама мавжуд бўлмаган ва ҳакамларда ҳам бундай қарор чиқариш ҳуқуқи бўлмаган. Ҳозирда эса бу ишни фақатгина юқори савиядаги ҳакамлар қила олади.

Ортдан ташланган "подкат"

Буни бошқачасига, ортдан келиб ташланган “подкат” дейишимиз ҳам мумкин. 1996 йилдан кучга кирган ушбу қоидага кўра, ҳакамлар бу ҳаракат учун қоидани бузган футболчига қизил карточка бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Симуляцияга қарши кураш

ХХ асрнинг сўнггида футболчилар “балет раққослари” сингари ҳаракат қила бошладилар. Шундан сўнг, ҳакамлар симуляция ишлатган футболчиларга сариқ, айрим ҳолатларда эса қизил карточка бериш ҳуқуқига эга бўлдилар.

“6 секунд” қоидаси

2002 йилда дарвозабонлар учун “6 секунд” қоидаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, киперлар тўпни қўлида фақатгина 6 секунд ушлаб туришлари мумкин. 2002 йилдан эътиборан эса бу қоидага амал қилмаган посбонларҳа сариқ карточка кўрсатиш мумкин деб топилди.

“Олтин гол” қоидаси олиб ташланди

Ушбу қоида 1993-2004 йилларда амалда бўлди. Унга кўра, плей-офф раундларида кучлар тенг келиб, қўшимча бўлимлар белгиланса ва шу бўлимларда гол киритган жамоа ғолиб саналар эди. Ушбу қоида эса 2004 йилда бекор қилинди ва қўшимча бўлимлар белгиланганидан сўнг, жамоалар нима бўлишидан қат`ий назар 120 дақиқа ўйнайдиган бўлишди.

Турли тақинчоқ ва туморлар тақиб чиқиш таъқиқланди

2006 йилга қадар футболчилар худди репперлар сингари турли тақинчоқлар билан майдонга тушиши мумкин эди. Бироқ айнан ўша йилдан эътиборан, бу каби нарсаларга қизиқадиган футболчилар ўз буюмларини жавонларда қолдиб, майдонга чиқишга мажбур бўлишадиган бўлди.

Дарвоза ортидаги ҳакам

Европа футболи амалдорлари ушбу қоидани ишлаб чиқишди. Унга кўра, видео такрорларга мурожаат этмаслик учун  дарвоза ортига ҳакамлар қўйилди. Унинг вазифиси баҳсли вазиятларда тўп чизиқни кесиб ўтдими ёки йўқ, шунингдек, жарима майдони ичидаги қўполликларни қайд этишдан иборат эди. Бироқ бу ўзгариш ўзини оқлади дейиш фикридан йироқман.

Спрейлар

Спрейлардан илк бор 2011 йилги Америка кубогида фойдаланилди. 2014 йилги ЖЧда ҳам ушбу воситалардан фойдаланилди. Ҳозирда эса деярли барча катта мусобақаларда спрейлардан фойдаланилмоқда.

Ўйинни бошлаш

Илгарилари, ўйинни икки футболчи бошлар эди. Ўтган йилдан э`тиборан эса ўйинни биргина футболчи бошлайдиган бўлди. Бироқ бу ҳолат барча жойларда ҳам тўла амалиётга тадбиқ этилгани йўқ.

Видеотакрорлар

Футболга видеотакрорлар керакми? Шу савол бутун футбол жамоатчилигида долзарб саволга айланди ва унга барча турлича фикр билдирмоқда. Ҳозирда эса видеотакрорлардан телевидениедагилар таъбири билан айтганда “тест” режимида фойдаланилмоқда. Кўрамиз, якуний қарор қандай бўлар экан…

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!