“Ифтихор” — “Пахтакор” ўйини 28 май куни Тошкентда бўлиб ўтади

Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финалидан жой олган “Ифтихор” - “Пахтакор” ўйини Тошкентда бўлиб ўтади. Ҳар икки жамоа вакиллари бу борада ўзаро келишиб олди ҳамда шу ҳақда ПФЛга хат билан чиқди. Яъни, ташкилот бу келишувда иштирок этмади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда. 

Ўз олдига юқори мақсадлар қўяётган “Ифтихор” клуби Олтиариқдаги стадион реконструкцияси билан машғул. Режага кўра, мазкур стадиондаги илк учрашув “Пахтакор”га қарши бўлиб ўтиши керак эди. Стадиондаги ишларни кўздан кечириш мақсадида ПФЛ комиссияси 22 май куни “Ифтихор” стадионида бўлди ва таъмирлаш ишлари якунига етиб улгурмагани ҳақида хулоса берди.

Маълумки, янги стадионни ПФЛ комиссиясидан ташқари хавфсизлик масалалари бўйича ИИБ комиссияси ҳамда футбол учрашувлари трансляцияси билан шуғулланувчи ташкилот ҳам қабул қилиб олиши керак. Зеро, 2018 йилги мавсумдан бошлаб, республикадаги ҳар бир стадиондан оптик толали кабелларнинг ўтган бўлиши муҳим масаладир. Кубок ўйини ўтиши керак бўлган 29 май санасига қадар бу ишларни якунлаш сўроқ остида турганди.

Шундан келиб чиқиб, ПФЛ “Ифтихор” клубига Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида учрашув ўтказишни таклиф қилди. Ўз навбатида “Пахтакор” футбол клуби ҳам “Ифтихор”га мезбонлик таклифи билан чиқди. Томонларнинг ўзаро музокарасидан кейин “Ифтихор” Тошкентга келишга қарор қилди ва бу борада ПФЛни расман хабардор қилди.

Чорак финал йўлида Тошкентнинг “Бунёдкор” ва “Локомотив” клублари ҳам уй учрашувларида иштирок этади. Бир кунда битта шаҳарда иккита футбол учрашуви ўтказиш мумкин эмас. Шу боисдан ўйин 28 май санасида ўтади. Pepsi Суперлиганинг 14-тури бошқа муддатга кўчирилгани ҳамда “Ифтихор”нинг 24 май куни ўтиши керак бўлган Про-Лиганинг 11-турида дам олиши инобатга олинса, бу ҳолат ҳар икки томонга ҳам ҳалал бермайди.  

Ўзбекистон Кубоги

1/8 финал

28 май (душанба)

19:01  “Ифтихор” — “Пахтакор”

 

29 май (сешанба)

17:00  “Орол” - “Андижон”

19:02  “Бунёдкор” - “Сўғдиёна” (live)

19:22 “Машъал” - “Сурхон”

 

30 май, чоршанба

17:00  “Динамо” — “Қизилқум” (live)

18:57  “Қўқон-1912” — “Нефтчи”

19:03  АГМК — “Насаф” (live)

19:03  “Локомотив” — “Шердор”

Маълумот учун, “Спорт” телеканали Ўзбекистон Кубогининг бу босқичдаги 4 та ўйинини жонли кўрсатишни режалаштирганди. Шулардан бири 28 майга кўчирилди. Сир эмаски, телеканал ўз дастурларини икки ҳафта илгари режага киритади. Эндиликда ПФЛ ҳамда “Спорт” Тошкентга кўчирилган учрашув трансляцияси масаласида “Спорт” билан музокара ўтказади. 

Ҳозиргача Pepsi Суперлига учрашувларини тўлиқ кўрсатиб келаётган телеканал раҳбарияти мазкур ўзгаришни тўғри тушуниб, бу борада иш олиб боришидан умидвормиз. Шунингдек, юзага келаётган ўзгаришлар учун футбол мухлисларидан узр сўраймиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!