Иньеста – бу футбол. Бунақаси бошқа бўлмайди (2-қисм)

(Давоми. Боши олдинги саҳифаларда)

Иньеста – қўриқчи фаришта

Фабио Капелло “Эль Классико”ни таҳлил қиларкан, бир сафар шундай деганди: “Иньеста майдонга тушгунидан тўпсиз анча тажовузкор ўйин намойиш қилаётган “Реал” йўқолиб қолганди.” Агарда ўйиннинг деталларига эътибор қаратадиган бўлсак, Капелло “Реал”нинг тўпсиз юқори прессинг кўрсатгани, Иньеста тушгач эса, бу ишни бажара олмаганига шаъма қилганди. Бундай нарсалар протоколда кўрсатилмайди, аммо ўйинда туб бурилиш ясайди.

Катта ўйинларда Андрес доимо ажойиб формада ўйнаган. Ҳатто Жаҳон Чемпионати финали ҳам ушбу сценарий остида ўтган эди. “Ҳамма унинг финалдаги голи ҳақида гапиради. Бу тўғри, аммо голгача у ўйинда туб бурилиш ясаган эди. У ўз позициясини ўзгартирди. Ёшлар жамоасида ўйнаганидек, 5 метр ичкарироқда ўйнади. Шунинг эвазига, у тўпни тез-тез қабул қилиб, ўйинни олиб бориш ва якка курашларда қатнашди. Бу вақтда у бутун ўйинни назорати остига олди”, - дея ҳикоя қилади Иньестанинг “Альбасете”даги собиқ жамоадоши Бруно Мораль.

Эҳтимол, Иньестанинг сеҳри туфайли футбол тарихида энг кучли бўлган жамоа/миллий терма жамоа чиройли ва ҳукмронлик қилувчи ўйинга эга бўлган. Унинг сеҳри услуб, жамоа ва даврга боғлиқ эмас. Иньеста “Барса”нинг Чемпионлар Лигасидаги ғалабалари – 2006, 2009, 2011 ва 2015-йилларда барча финалларда иштирок этган ягона футболчи. Табиийки, барчасида у даҳоларча иштирок этган.

Хави эса унга лақаб ҳам қўйиб олган. “Андресда қобилият бор. У футболнинг қўриқчи фариштаси. У айни керак вақтда пайдо бўлади ва мўжизалар яратади”, - дея изоҳлайди. Муҳим ўйинларда Иньеста ўзига хос тарзда жамоани етаклаб борган ва ўйиннинг натижасига таъсир кўрсатган.

Неймар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Месси қийин учрашувлардан олдин Иньестага келиб, менга яқинроқ ўйна, максимал тарзда яқинроқ, дер экан. Месси ҳам буни тасдиқлаган. “Мен уни доим оёғида тўп билан тасаввур қиламан. Мен уни шундай кўришга одатланганман. Ҳар қандай ўйин аспектини соддалик билан бажаради. Баъзан у ҳеч нарсани амалга оширмаётгандай туюлади. Аслида эса барчасини у қилаётган бўлади. Андрес билан барчаси ўзгаради.”

Неймар, Месси ва Хавилар буни илғаган илк футболчилар эмас. 2006-йилги Чемпионлар Лигаси финали бўйича Самюэль Это'о қуйидагиларни гапириб берди: “Биз Парижда ютқазаётган эдик. Мен Райкарднинг ёрдамчиси Хенк Тен Катега “Андрес майдонга тушса майлими?” деб сўрадим. У шундай вариант кўрилаётганини айтди. Кейин Иньеста майдонга туширилди ва уёғи нима бўлгани барчага маълум.” “Худога шукр, Иньеста ўша учрашувда майдонга тушди, акс ҳолда биз аниқ ютқазган бўлардик” – дейди Ҳави ҳам собиқ жамоадошининг фикрларини тасдиқлаб.

Тьерри Анри ҳам бу ҳолатни муҳим деб ҳисоблайди. “Айнан Андрес ўша финални аниқлаб берди. Унинг майдонга тушиши барчасини ўзгартириб юборди. Биз камчилик бўлиб ҳаракат қилдик. Мен ҳужумчи бўлиш билан бирга ҳимояланишга ҳам ёрдам беришим керак эди. Иньеста туширилгач бу имконсиз бўлди. Андрес ўша учрашувда мени йўқ қилди. Ҳар сафар у тўпни қабул қилганида ҳужумга қараб ҳаракатланарди. Мен унга етишолмай қолдим. Барча Ларссон ва Беллетти ҳақида гапиришади, аммо ҳақиқатда бизни айнан Андрес “ўлдирган” эди.”

2008-йилда Иньеста Гвардиоланинг мураббийлик фаолиятини қутқариб қолганди. Пеп мавсумни иккита омадсиз натижа билан бошлаган эди. Қийин вақтда мураббийнинг хонасига Иньеста кирди: “Ташвишланманг, босс. Биз ҳаммасини ютамиз. Биз тўғри йўлдамиз. Илтимос, шундай ўйнашда давом этайлик. Биз ажойиб ўйнамоқдамиз, ҳар бир машғулотдан завқ оляпмиз. Илтимос, ҳеч нарсани ўзгартирманг.” Барча Андрес гапини тугатди деб турганида у яна “биз ажойиб формадамиз. Бу йил биз барча рақиблардан ўтамиз, мен буни сезяпман” деган эди.

Иньеста жамоадаги энг камгап ўйинчи эди. “Нумансия”гдан учралган мағлубият ва “Расинг”га қарши дуранг, бундай вақтда албатта босимни ва ёлғизликни ҳис қиласан” – дея эслайди Пеп. “Тўсатдан Иньеста пайдо бўлди ва “ташвишланманг” дейди. Мен уни эшигим олдида “биз ажойиб ўйнаяпмиз” дегани кўз олдимдан ҳеч ҳам кетмайди. У чиқиб кетгач, мен “Андрес шуни айтаётган бўлса...” деб ўйлаб қолдим.”

Мавсум охирида эса “Барса” треблни нишонлади. Албатта бу Иньестанинг ёрдамисиз юз бермасди. Айнан унинг “Стэмфорд Бридж”даги голи “Барселона”ни финалга олиб чиққан эди. Финалдан олдин эса жароҳат олди ва тахминларга қарамай тезкорлик билан соғайишга улгурди. Ўйинда у игна кучи билан ўйнаган бўлсада буни ҳеч ким пайқамади. Ўйиндан кейин, Уэйн Руни “МЮ”нинг кийиниш хонасига кириб, “биз дунёнинг энг яхши футболчиси – Иньестага ютқаздик” деган экан.

Кейин яна шундай иккита финал, бир неча “Эль Классико”лар, 2015-йилда бир ўзи “ПСЖ”ни енггани ва бошқа бир қанча кичик юришлар... Буларнинг барини алоҳида ёзишга сўз етмайди. Хави қўйган лақаб ҳақиқатда тўғри экан. 

Иньестанинг “Олтин тўпи”

Яқинда France Football нашрининг муҳаррири Паскаль Ферре Иньестага “Олтин тўп” берилмаганидан узр сўради. Ушбу иқтибос дастлаб шубҳали туюлади, юмшоқроқ қилиб айтганда ғалати. Аммо уни тўлиқ ўқиб чиққачгина Ферренинг сўзлари самимий ва аниқ эканлиги намоён бўлади: “Бизни кечир, Андрес. Биз сен оддий ўйинчи эмассан, балки энг яхшисисан. Жамоа манфаати учун қилган қурбонликларинг шахсий эътирофга лойиқ эди. Совринларинг орасида “Олтин тўп”нинг йўқлиги жудаям оғриқли. Сен, футбол тарихида бошқаларнинг иқтидорини энг яхши кашф қиласан.”

Неймар ҳам бунга қўшилади: “Иньестани бирортаси билан қиёслаб бўлмайди. У бошқача. У мен кўрган ярим ҳимоячилар ичида энг зўри. Афсона бўлиш учун унга “Олтин тўп” керакмас.” “Агарда унинг исми “Андресиньо” бўлганида у “Олтин тўп”ни ютган бўларди” – дейди Серхио Рамос.

Албатта бу ҳақиқат. Агарда ушбу нуфузли ҳақиқий футбол соврини бўлганида Андрес Иньеста уни камида бир марта ютган бўларди. Жаҳон Чемпионати финалидаги голи туфайли барча 2010-йил ҳақида гапираётган бўлиши мумкин. Аммо бундай эмас. У ўша мавсумда қаттиқ тушкунликка қарши курашаётган эди ва мавсумнинг кўп ўйинларини ўтказиб юборди.

2008-2009-йилги мавсумда Андрес катта устунлик билан энг яхшиси бўлганди. Чемпионлар Лигасидан олдин Алекс Фергюсон ҳаммадан кўпроқ Мессидан эмас, Иньестадан қўрқаётганини айтганди. Бу Лео ҳақида берилган саволга жавоб эди. “Мен Мессидан қўрқмайман. Иньеста – ҳақиқий таҳдид. У ажойиб. У туфайли “Барса” жудаям яхши. Тўпни узатиши, ҳаракатланиши, бўшлиқни яратиши – буларнинг барчасига ақл бовар қилмайди. У “Барселона”нинг энг муҳим ўйинчиси. Пеп учун ҳам Андрес энг муҳими ҳисобланган.”

Иньеста ҳар дам олиш кунларида космик ўйинларни ўтказарди. Испан нашрларининг ўртача баҳолашига кўра, у Ла Лиганинг энг яхши футболчиси. Бу кўрсаткичга голлар ва голли узатмалар ҳам катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун Иньестанинг етакчилиги икки баробар юқори. У ва Леони ҳам қўшганда бошқа футболчилар орасида масофа анча катта.

Андресга “Олтин тўп” керакми дейилган саволга Хави қуйидагича жавоб берганди: “У катта устунлик билан кўпқиррали ўйинчи. Унда ҳаммаси бор. Қарийб ҳаммаси – ОАВдаги қўллаб-қувватлов бунга ҳалал бермайди.” Айнан сўнгги фактор асосий ролни бажаради. 2008-йилги номинантлар орасида бўлмасдан туриб 2009-йилги “Олтин тўп” соҳиби бўлиш эҳтимолдан ташқарида бўлган.

2009-йилда Андресни паст баҳолашган йил бўлиб қолмаган. 2011-йилда ўз хушомадини яна такрорлаганди: “Гвардиола ва Иньеста ушбу “Барселона”ни яратди. Ҳар қандай рақиб уларнинг ҳужумчисидан эмас, ярим ҳимоячиларидан қўрқиши керак.” Пепнинг ўзи эса бунга янада аниқлик киритиб ўтади: “Иньеста аслида қанчалар яхши эканлигини тасаввур ҳам қилолмайсиз. У жуда кўп эътирофга лойиқ, аммо ҳеч қачон шикоят қилмайди.”

“У кўпқиррали футболчи. У ҳимояланади ва ҳужум қилади, яратади ва гол уради” – дейди Висенте Дель Боске. “Мен ундан алдамчи вингер, марказий ярим ҳимоячи, таянч ярим ҳимоячиси, ҳужумкор футболчи позицияларида фойдаландим. Ҳар сафар у ажойиб эди” – дейди Франк Райкард. Дани Алвешнинг фикрига кўра, Андреснинг муаммоси унинг барқарорлигида. “Ўйлашимча, одамлар Иньестанинг қанчалар муҳим эканлигини тушунишмайди. Эҳтимол, биз унинг ажойиб ўйини учун етарлича мақтамаймиз, онгимизда биламизки, унинг кейинг ўйини ҳам шунчалар яхши бўлади.”

“Месси доимо энг ёрқин эпизодларни яратади, аммо Андрес майдонда доимо кучли” – Хуанма Лильо. Ҳатто Хорхе Сампаоли ҳам Мессига хушомад қилиш ишининг таркибий қисмига айлангунига қадар Иньестани “дунёнинг энг яхшиси” деб атарди. Гап Ииньестанинг 2015-йилги версияси ҳақида бормоқда. Футболни тушунмайдиган ва қизиқмайдиганлар уни ҳаммадан юқори қўяётганлар футбол оламидагилар уни қанчалар қадрига етмаётганини кўрсатиб беради.

Бир сафар Гвардиола Тито Вилановага “кейинги сафар Андресни соғ бўлса ҳам захирада қолдирсам, юзимга тарсаки тушир. Ўзимга келмагунимча ва уни таркибга қайтармаганимгача ур. Уни ҳатто чап қанот ҳимоясига қўйишга тўғри келса ҳам.”

 Андреснинг ўзгача томонлари

«Андреснинг эришган ютуқлари кўзлардан ёшни келтиради»-деган эди Иньестанинг футбол оламидаги энг яқин дўсти Виктор Вальдес.

2009-йилдаги Чемпионлар Лигасининг финали бу фикрга ёрқин далил. Иньеста майдонга жароҳатдан сўнг тушган ва шифокор ҳар қандай ҳолатда ҳам зарба бермаслигини уқтиришган эди. Бу гаплар Иньестанинг ажойиб финални ўтказишига ҳалақит қилмади. «Агар сиз ўша пайтда Юнайтед жамоаси ўйинчилари Иньестанинг жароҳати ҳақида билишини сўрасангиз ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмаганини айтишади. У 100 % ўйинга тайёр бўлгани яхши. Иньестанинг техникаси билан эса 60-70 % тайёргарлик ҳам етади»-дейди Абидаль.

Унинг ўйинидаги яна бир яширин аспект-тўпсиз ўйнаш. “Менинг Иньестадан доим кўнглим тўқ. У рақиб ҳимоячиларини шошириб қўяди. Ҳужумчилар эса ҳимоячилардан бемалол ўтишади. Андреснинг Ла Масиядаги мураббийи шундай дейди: «Иньестанинг биринчи бўлимдаги ҳаракатларини кўриб иккинчи бўлимда чарчаб қолишидан ҳавотир олиб тураман. Аммо унинг кучи доим сўнги дақиқача етади. Унинг ўйинида пасайиш кузатилмайди»

«Баъзида майдонда сен югурмаётгандек кўринасан. Ўйиндан сўнг рақамлар кузатилган эса ҳаммадан кўп югурган бўласан. Қандай қилиб?»-деб сўрашганида Иньеста «Телевизорда кўрганда майдондаги ҳолат тўлиқ ҳис қилинмайди. Футболчиларнинг майдондаги жуда тезкорлик билан ҳаракати ҳам ҳудди одатий ҳолатдек кўринади. Бу ҳолат одамларни алдайди»-деб жавоб берган эди.

Ҳа, унинг тўпсиз ҳаракатини кузатган шахс доим бундан ҳайратга тушади. Диего Торрес айни чемпионат қизғин паллада Клоппга қуйидаги фикрларни айтган эди: «Коутиньо-ажойиб ҳужумкор ўйинчи, аммо у 4-3-3 схемасидаги марказий ярим ҳимоячи ўрнида ўзини яхши ҳис қилмайди. Вальверде синаб кўраётган 4-4-2 схемасидаги ҳимояга ёрдам бериши ҳам лозим бўлган ўйинчи жойида ҳам муаммолар бўлиши тайин. Бу жойда ўйнаши керак бўлган ўйинчи қанотда югуриши керак. Иньеста югуришда ҳам анча фаол. У эса йўқ» 

«У менинг ишларимни жуда ҳам осонлаштирди»-деди Энрике.ЪУ жамоага жуда ҳам керакли ўйинчи эди. Ҳамма соҳада у асосий вазифани бажарган. «Ҳамма» дейишимни сабаби у жамоа билан доим чин дилдан шуғулланган, тўпни доим олиб қўяр эди, бошқаларга намуна бўлар эди. Бундай ишларга буюк футболчилар қодир. Ҳозир футболда жуда кўп югуриш керак. Иниестани ифодаловчи рақамлар шунчаки тенгсиз!”

Айнан мана шу қобилиятлари билан Гвардиолага ҳам «ўрнак» бўлган. “Гвардиола Иньестани ўзгача яхши кўради. У доим бир гапни айтар эди: Футбол фақат истедодда эмас балки ўйинни ҳис қилишда. Гвардиола футболдан машҳур бўлиш учун фойдаланганларни ёқтирмас, ўйинга борини берганларни эса жуда ҳам ардоқлар эди. У доим Иньестани мақтар эди, чунки у майдондаги унга берилган ҳар қанда топшириқни бажаришга тайёр бўлар эди. У ўйинга ўзини «кўрсатиш»ё мақтаниш ёки ҳаммадан майдонда ажралиб туриш учун майдонга тушмас эди. У майдонга ўйнаш учун тушар эди”-дейди Маскерано.

Иньестанинг мияси ҳақида Энрике алоҳида таъкидлаб ўтади: «У бундай ақл билан 60 ёшгача ўйнай олади. Бундай ақл ҳақида спортда яна бир кишини айтиш мумкин- Роджер Федерер»

Иньестанинг бир жиҳати алоҳида тилга олинмайди. У сукут билан жамоага лидерлик қила олади. Иньеста майдонда бақирмайди. У ўзи кам гапиради, бироқ унинг бошқаларни етаклаш қобилияти бор. 2015-йил ёзида Педро жамоадан кетиши кераклигини тушунди. У ўйнашни хоҳлар эди. Аммо «Барса» мутасаддилари тугал фикрни айтишмади. Иньеста Бартомеуга бу борада қўнғироқ қилишга аҳд қилади. 2 кун ўтгач Педро “аристократълар сафида пайдо бўлади.

«Менга Иньеста жуда кўп ёрдам берган. Бошқа яна кимдир бундай ишлар қила олишига кўзим етмайди»-дейди Педро.-У жуда ақлли. Баъзи менга у келажакни кўра олади ва бошқаларнинг фикрини ўқий оладигандек туюлади. Бир куни у кийиниш хонасида менга шундай деган эди: «Сен-бу сен. Кимнингдир заҳираси эмас. Майдонга чиқ ва Педродек ўйна. Бу сенинг исминг ва сенинг ўйин услубинг! Ўша пайт мен ёш ва айнан ўзига ишонч етишмаган палла эди. Иньеста нимадир гапирмоқчи бўлганда ҳамма уни синчковлик билан тинглайди»

Суарес «Барселона» га мослашиб кетишида Иньестанинг рольи катта эканлигини айтади. Бу борада уни ДЖерардга қиёслайди:” Андрес ва Стивеннинг жамоадошларига муносабати-ўхшаш. Иккаласи ҳам жамоадошларига ўрнак. Бундан ташқари, улар ҳаёт ва футболни ўзгача тушунишади. Улардан ўрнак олсанг арзийди. Иньестадан бир умр миннатдорман.

“Андреснинг Карлеса Пуйол билан ўйинга бўлган муносабати ўхшаш. Буни ўзлари ҳам билмаслиги мумкин. Иньеста бошқалар ўйлагандан кўра кўпроқ курашларга киради. Унинг тиришқоқлиги ва жанговорлиги кўринмаслиги мумкин, аммо бу характер доим у билан бирга-деб унинг яна бир жиҳатини «Барселона» Б жамоасидаги мураббийи Гонсалва тилга олди.

“У майдонда ҳеч нарса гапирмайди. Шунчаки футбол ўйнайди. Унинг сўзларини ўйинлари «сўзлайди». Рақиблар унинг жаҳлини чиқаришга ҳаракат қилади. Бундай ҳолатда рақибларга қийин, бизга эса осонлашади”-алоҳида таъкидлади Абидаль. Это’О бу таърифга бошқача изоҳ беради:”Андрес –жуда ажойиб инсон. Баъзида рақиблар унинг оёғини тепишади, у эса узр сўрайди. Бундай футболчилар бошқа йўқ. У 10 баллик тизимда 20га лойиқ. Инсон сифатида эса 200 баллга! Мен уни доим дуо қиламан. Доимо."

Иньеста- бутун дунёнинг «мулки»!

Энрике Классикодаги ғалабадан сўнг ҳудди шундай таъриф берган эди. Ўшанда Иньестани «Сантьяго Бернабеу» олқишлаган.

“У-беқиёс. Унда сеҳр ва қўшимча кўз бор. У «Барса’ ўйинчиси, аммо бу қобилиятларини олқишлайман. У битта клубга эмас, бутун футболга тегишли»-деган эди Зидан бир неча ҳафта илгари.

Андресни кузатишда Испания нашрларининг барчаси ўз клубидаги футболчини кузатаётгандек ёзишди. Ҳатто Мадриднинг «Марcа» нашри «У бизни жуда катта бахтга муяссар қилди. Бундай дўстни йўқотаётганингни билсанг, юрагингда нимадир узилгандек бўларкан. Энди ҳеч нарса олдингидек бўлмаслиги аниқ».

Уни ҳамм Испания стадионлари илиқ кутиб олган. Ҳатто Туриндаю Лиссабонда уни олқишлашган. “Мен миллий термага доим бир видеони кўрсатаман. У жуда қисқа. 20-30 сония. «Барселона» «Эспаньол» билан ўйинда 4-1 ҳисобида ютаётган маҳал. Иньеста заҳирага олинаётган икки жамоа муҳлислари ҳам уни олқишлашган. Буни тасвирлашга тил ожиз. Мана шу лаҳзанинг ўзи Иньеста қандай шахс ва футболчи эканлиги ҳақида кўп нарса сўзлайди. Бундай вазият фақат у билан содир бўлган”-деб эслайди Дель Боске.



“Андрес нафақат «Барселона» учун балки бутун футбол учун жуда ҳам муҳим. Унинг қаттиқ футбол тўпини майин ва сеҳрли буюмга айлантириб қўйиш қобилияти бор. У идеал ўйинчи. У санаткор ва юксак билим соҳиби”-дейди Энрике. Хави ҳам бу фикрларга қўшимча қилади:” У борлиқнинг мўъжизаси. Иккинчи Иньеста бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Унинг услубида ўйнайдиган ўйинчи борми? Йўқ. У билан ҳеч кимни солиштириб бўлмайди”.

Агар биз Иньестага ўхшаш ўйинчини қидиришимизга тўгри келган тақдирда ҳам уларни энг буюк футболчилардан қидиришимизга тўғри келади. «Иньеста ҳамма ишни бехато ва дид билан қилади. Унинг ҳаракатлари ҳар қандай ўйинни безайди. У томонидан қилинган энг кичик футбол детали ҳам ажойиб. Бундай футболчилар доираси жуда тор. Балки Зиданни бу доирадан дейишимиз мумкин. Унинг ҳам баъзи қирралари Иньеста билан таққослаб бўлмас даражада»-дейди Маскерано.

Хуан Мата Зидан ва Инеста билан ўйнаган кам сонли футболчилардан бири. У ҳам Инестани аввалги ўринга қўяди: “Инеста-мен ўйнаган футболчилар ичида энг зўри. Биз терма жамоада бирга ўйнаганмиз. У ўйинларда энг идеал узатмаларни айнан вақтида етказиб берар эди. У мени ва мен қатори кўпчиликни яхши футболчи қилиб тарбиялади. Шундай ишга Зидан ҳам қодир. Мен «Мадрид»да Роналду, Бекхем, Раул ва у билан машғулотлар олиб борганман. «Мен Инестанинг ўйинларидан ҳайратга тушаман. Унинг ўйин усули ўзгача» Бу фикр Зизуга тегишли. Охирги бахсда эса стадион йўлакчасида хайрлашиш учун Инестани 5 дақиқадан ортиқ кутиб турди. Бу унга бўлган ҳурматнинг чексиз намунаси.



«Мени яхши ўйинчи ва яхши инсон деб эслаб қолишларини хоҳлайман, холос»-деди Инеста хайрлашув матбуот анжуманида. У ҳар доимгидек яна камтар. Бу пайтда Хавининг гапи эсга келади: “Баъзида у қанчалик кераклигини билмайди. Қачонки у ўз фаолиятини якунласагина, ўз қилган ишлар кўлами нақадар кенглигини англаб етади.

Месси-ҳозирги замоннинг энг барқарор ўйинчиси. Хави-мен кўрган футболчилар ичида тенги йўғи. Аммо Месси ва Хавига ҳам ўхшаш футболчиларни топиш мумкин. Улардан ёмон бўлиши мумкин, аммо ўхшаш. Инеста ноёб. Бу сўзлар юракнинг тубидан чиқмоқа. Бундай ўйинчилар бир асрда бир туғилади.

Ажойиб футбол асри учун раҳмат, Андрес!

Эркин Ғайбуллаев таржимаси.

Манба: Sports.ru

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!