ЖЧ-2018 саралаш босқичи. Ўзбекистон термаси жойлашган гуруҳ статистикаси

ЖЧ-2018 сўнгги саралаш раундининг биринчи давраси ўз ниҳоясига етди. Ушбу босқичга етиб келган жамоалар жами 5 тадан ўйинда майдонга тушишди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки даврада 9 очко жамғарган ҳолда “А” гуруҳида 3-ўринни эгаллаб турибди. Биз эса футболчиларимиз ўрин олган “А” гуруҳидаги статистик маълумотарни сизлар билан ўртоқлашишга аҳд қилдик.

Дарвозага энг кўп зарба берган жамоалар

Дарвоза томон зарба бериш бобида Карлуш Кейруш бошқарувидаги Эрон термасига фақат ҳавас билан қараш мумкин. Форслар ўтказилган 5 учрашувда жами 59 бор рақиб дарвозаси томон зарба йўллаб кўришган. Айниқса, эронликлар Хитойга қарши беллашувда 16 бор ўз омадларини синаб кўришган. Қатарлик футболчилар ҳам зарба йўллашга “усталар”. Сурия эса ўзининг камтарона имкониятини максимал даражада намойиш этмоқда. Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея термалари эса зарба йўллашга кўп ҳам ошиқаверишмайди. Хитойнинг аҳволи эса барчага маълум.

1. Эрон – 59 та (ўртача бор ўйинда 11,8)

2. Қатар – 45 (9)

3. Сурия – 38 (7,6)

4. Жанубий Корея ва Ўзбекистон – 36 (7,2)

5. Хитой – 34 (6,8)

Дарвозага энг кўп аниқ зарба берган жамоалар

1. Қатар – 28 та (ўртача бир ўйинда 5,6)

2. Эрон – 24 (4,8)

3. Жанубий Корея – 21 (4,2)

4. Ўзбекистон – 17 (3,4)

5. Сурия – 15 (3)

6. Хитой – 9 (1,5)

Умумий ҳолатда бир қанча ўзгаришни кузатишимиз мумкин. Аниқ зарбалар борасида қатарлик футболчиларнинг олдига тушадиган топилмаяпти. Бироқ 28 та аниқ зарбанинг фақат 3 таси гол билан тугагани жудаям ачинарли ҳолатдир. Эрон эса бор кучини Сурия билан ўйинда намойиш этди. Тўғри, учрашувда ҳисоб очилмади. Бироқ мазкур тўқнашувда Кейруш шогирдлари суриялик дарвозабонни 8 бор синовдан ўтказишди.


Тўп назорати

  1. Жанубий Корея ~ 61 %
  2. Эрон ~ 52 %
  3. Хитой – 51 %
  4. Қатар – 49 %
  5. Ўзбекистон – 48 %
  6. Сурия ~ 44 %

Тўп назорати – амалда бу кўрсаткич ҳеч нарсани ҳал этмайди. Бўлмаса, Хитой биринчи даврани юқори ўринларда якунлаган бўлар эди. Кореялик футболчилар эса ўйинни назорат қилиш бўйича мутлоқ етакчилар: Ўзбекистон билан ўйинда 73%, Сурияга қарши ўйинда эса 72 % тўп назорати Ули Штилике шогирдларида бўлган. Вакилларимиз бу борада ҳам камтарона натижа қайд этишган.


Бурчак зарбалари

  1. Эрон – 29 та (ўртача бир ўйинда 5,8)
  2. Ўзбекистон – 24 (4,8)
  3. Жаубий Корея – 23 (4,6)
  4. Қатар – 21 (4,2)
  5. Хитой – 17 (3,4)
  6. Сурия – 15 (3)

Замонавий футболда стандарт вазиятлардан оқилона фойдаланиш катта аҳамият касб этади. Бизнинг футболчилар эса бу имкониятларни кўкка совуришдан бошқа қиладиган ишлари йўқ. Фақатгина Отабек Шукуровнинг “рекошет” ҳолатдаги голидан бўлак, қолган вазиятлар биз учун самара келтирмаган.


Огоҳлантиришлар

1. Жанубий Корея – 13 (2,6)

2. Сурия – 9(1,8)

3-4. Қатар ва Сурия – 8 (1,6)

5. Ўзбекистон – 6 (1,2)

6. Эрон – 5 (1)

Тартиб борасида Штилике шогирдлари барчадан ажралиб туришибди. 5 та ўйинда 13 та “сариқ карточка” бу жуда кўп. Жанублик корейслар Қатарга қарши ўйинда 5 бор ҳакам томонидан огоҳлантирилганининг ўзиёқ кўп нарсани “сўзламоқда”. Йигитларимизни бу борада “мақтасак” арзийди. 6 та “сариқ”нинг 4 таси Гейнрих ҳамда Исмоиловнинг “насиба”ларидир. Эронга эса бу борада ҳам тан бермасликнинг иложиси йўқ.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!