696 0

Чемпионлик учун курашда асосий фаворит бўлиб турган Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Суперлигадаги танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. Эътибор берган бўлсангиз, ёзда таркибга икки нафар ҳужумчи – Драган Черан билан Игорь Сергеев қўшиб олинди. SPORTS.uz муҳбири эса клуб спорт директори Жаъфар Ирисметов билан селекция ва яна бошқа масалаларда мусоҳаба ўтказдик.

“Пахтакор” ҳужумкор ўйин кўрсатгани билан барибир кўплаб вазиятлардан фойдалана олмадик, - дея гап бошлади, Ирисметов. - Шу сабабдан селекциядаги асосий эътиборимизни ҳужумчиларга қаратдик. Натижада Драган Черан билан Игорь Сергеевни таклиф қилдик. Масалан, Сергеев ўзимизнинг ҳужумчи, у “Пахтакор” футбол мактабида тарбия олган. Ўйлаймаки, ушбу иккала ҳужумчи жамоамизга жуда фойда келтиришади ва келажакда кўплаб голлар уришади. Черанга келадиган бўлсак, у Ўзбекистондаги энг яхши легионерлардан биттаси ҳисобланади. Шунинг учун Драганни ўз жамоамизга жалб қилдик.

Игорь Сергеев миллий терма жамоада тўп сурган пайтларида мухлислар учун алоҳида мавзуга айланиб қолганди. Кейинчалик у кучли босимдан халос бўлиш мақсадида БАА чемпионатига кетганди. Боиси руҳий томондан ҳам қийинчиликларга дуч келганди. Аммо, билишимизча Сергеевнинг БААдаги фаолияти ҳам у қадар ёрқин кўриниш олгани йўқ. Энди эса яна “Пахтакор”га қайтди ва унинг бугунги кундаги руҳий ҳолати қандай экан? Ёки клуб футболчи билан бу масалада алоҳида ишлаяптими? Ирисметов эса бу саволга шундай жавоб қайтарди:

- Игорда ҳеч қандай руҳий муаммолар йўқ. У маълум муддатга чемпионатни алмаштирганининг сабаби, шунчаки ўзини бошқа жойда синаб кўришни истади. Шу боис Сергеевда ҳаммаси жойида. Бу футболчида ҳеч қанақа босим йўқ. Ўйлайманки, миллий терма жамоамизга Игорь Сергеев керак. Нима бўлганда ҳам у бизнинг энг яхши ҳужумчиларимиздан бири ҳисобланади.

Айнан ҳужумчилар ҳақида гап кетганда шуни айтиш керакки, “Пахтакор”да хорижлик ҳужумчилар ҳам бор. Тўпурарлар баҳсида Исмоил Гонсалвеш билан Тиаго Безерра 7 тадан гол билан кураш олиб боришмоқда. Бу шуни кўрсатяптики, клуб ҳужумчиларни танлашда адашмаган. Энди уларнинг орасига Черан билан Сергеевнинг қўшилганини ҳам инобатга олсак, ҳужум чизиғидаги рақобат янада кучаяди. Бундай пайтда эса қайсидир ўйинчининг кўпроқ захирада қолиб кетиши ҳам мумкинлигини билдиради.

- Тўғри, жамоамизнинг ҳужум чизиғида футболчилар кўп бўлиши мумкин, аммо ўйлашимча, рақобат ҳамма учун яхши, дейди Ирисметов. - Рақобат қанча кўп бўлса, шунча ўсиш бўлади деб ўйлайман. Ким кучлироқ бўлса ва Шота Арвеладзе кимнинг тайёргарлигини яхши деб топса ўшаларни майдонга туширади. Масалан, бир ўйинда Безерра-Черан тандемидан фойдаланиши мумкин. Ёки Гонсалвеш-Сергеев жуфтлиги ҳам пайдо бўлиши мумкин. Чемпионлик учун курашаётган жамоанинг ҳар бир чизиғида кучли рақобат бўлиши керак ва биз шунга ҳаракат қиляпмиз.

“Пахтакор” клуби ҳам ёзги тайёргарлик йиғинини режа асосида олиб борди дейиш мумкин. Шу ўринда Жаъфар Ирисметов бу борада ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Туркияда ўтказилган ўқув-машғулот йиғинларимиз жуда яхши ўтди. У ерда кўзлаган барча мақсадларимизга эришдик. Бир қатор назорат ўйинларини ҳам ташкиллаштирдик. Бир сўз билан айтганда, тайёргарлигимиз яхши бўлди.

“Пахтакор” айни пайтда турнир жадвалида 30 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Унда кейин эса “Навбаҳор” боряпти ва уларнинг ҳисобида 27 очко мавжуд. Асосий рақиблар сифатида эътироф этилаётган “Локомотив” билан “Насаф” эса “Пахтакор”га жиддий қаршилик кўрсатиши кутилаётганди. Бироқ бу клублар ҳозирча ҳатто кучли учликда ҳам эмас. Тўғри, “Бунёдкор” 3-ўринда боряпти, бироқ ушбу клубнинг молиявий томондан муаммоларга йўлиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шуни ҳисобга олганда, “Пахтакор”нинг чемпионлик учун курашдаги имкониятлари сезиларли даражада оширяптими? Спорт директори эса қуйидагича муносабат билдирди.

- Мен бундай деб ўйламайман. Олдинда бизни жуда яхши ўйинлар кутиб турибди. “Пахтакор” 1-ўринда бўлгани билан “Навбаҳор”дан фақат уч очко олдинда боряпмиз. Битта турда ҳамма нарса ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Шу боис чемпионат қизғин ўтяпти. Лекин кейинчалик кўп жамоаларга олтин очколар халақит бериши мумкин. Масалан, чемпионлик учун курашаётган жамоалар “Сўғдиёна” ёки бошқа рақибларга қарши ўйинларга таркибини бироз “юмшатиб” олиб бориши мумкин. Чунки энди ҳар 3-4 кунда ўйинлар бўлади. Бундай пайтда ҳамма ҳам асосий ўйинчиларини қўймаслиги мумкин. Менимча, шундай ҳолатлар юз бериши ҳам мумкин. Лекин олдинда бизни қизиқарли ўйинлар кутяпти. Ҳар бир учрашув муросасиз ўтади. Аммо қайсидир ўйинга иккинчи таркибимизни олиб борсак, бу мухлисларда ҳам қизиқишни пасайтириши мумкин ва спорт тамойилларига ҳам тўғри келмайди. Демоқчиманки, кейинчалик олтин очколар қоидаси билан ўйналса у ҳолда пастки ўриндаги жамоаларга қарши бироз эътиборсизлик бўлиши мумкин. Агарда жамоалар ҳозирги жамғараётган очколари билан кейинчалик ҳам курашни давом эттирса, кураш янада кескин тус олади. Менимча, буни ЎФА раҳбарияти кўриб чиқса ҳам яхши бўларди.

Шунингдек, ёзги йиғин чоғида “Пахтакор”ни Станислав Андреев тарк этди ва у “Металлург”га йўл олди. Футболчи жароҳат олиб анча вақт даволанишига тўғри келди кейинчалик аста-секин асосий таркибга қайтишни бошлаганди. Аммо мураббийлар Станиславни “Металлург”га беришга қарор қилишди. Ёки унинг “Пахтакор”га фойдаси тегмасмиди? Ирисметов эса шундай деди:

-  Станиславга келадиган бўлсак, кўпроқ унинг ўйин амалиётига эга бўлишини инобатга олиб, “Металлург”га беришга қарор қилдик. Бекободликлар сафида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлса, кейинги йили “Пахтакор”га ёрдами тегади деб ўйлаймиз. Андреевга фақат ўйин амалиёти бўлиши учунгина “Металлург”га бердик. Ўзинглар ҳам биласизлар, у яхши ўйинчи ва “Металлург”га ҳам ёрдам беради. “Пахтакор”да Фарруҳ Сайфиев, Владимир Козак каби унинг жойида ўйнай оладиган футболчилар бор.

Яқинда “Пахтакор” янги стадион қуришни режалаштираётгани ҳақида айтилганди. Аммо кейинчалик бу мавзу тўхтаб қолди. Аслида ҳам клубнинг ўз стадионини қайта реконструкция қилиш ёки янги стадион қуриш режаси борми? Бу саволга Ирисметов жавоб берди.

- Бу 1-2 кун ичида ҳал бўладиган масала эмас. Бу ҳамма билан маслаҳатлашган ҳолда қилинади. Лекин ҳозирги кунга келиб стадион масаласи ўз ечимини топиб боряпти. Стадион қурадиган одамлар билан музокаралар олиб бориляпти. Балки бу йил стадионни бошқатдан қуриш ишларини бошласак ҳам керак. Аммо бу биргина “Пахтакор”нинг ўзига боғлиқ эмас. Ушбу ишни бошлаш учун тегишли жойлардан рухсат олишимиз керак. Стадион қуриш осон нарса эмас. Бунинг учун барчасини ҳисобга олиш зарур. Лекин шуни ишонч билан айтаманки, “Пахтакор” яқин йиллар ичида янги замонавий стадионга эга бўлади.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98