Киевдаги ЕЧЛ финалида 10 минг хавфсизлик ходими ишлайди

Хабарингиз бор 26 май куни “Реал” ҳамда “Ливерпуль” жамоалари ўртасидаги Чемпионлар лигаси финали бўлиб ўтади. Шу боис ушбу муҳим ўйинга мезбонлик қилувчи Киев шаҳрида полиция кучайтирилган режимда иш бошлади.

Ушбу улкан тадбир давомида Украина пойтахти кўчараларида 10 мингдан кам бўлмаган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолият юритади. Жумладан, шаҳар полициячиларидан ташқари Украина миллий гвардияси жангчилари ҳамда фавқулодда вазиятлар ходимлари оламон ичида тартибни ўрнатишда ёрдам беради.

Бундан ташқари финал иштирокчилари ҳисобланган “Реал” ва “Ливерпуль” жамоалари жойлашган мехмонхоналар УЕФА хавфсизлик хизмати ва мамлакатнинг махсус отряди томонидан қўриқланади.

Украина ҳукумати ушбу финалга хориждан 50 минг ишқибоз келишини таҳмин қилмоқда ва шу боис аэропортларда улар учун махсус йўлак ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!