“Локомотив” Бразилия ва жанубий кореялик футболчилар билан шартнома имзолади

Янги мавсумга тайёргарлик жараёнини давом эттираётган Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси сафида бир қатор футболчилар кўрикдан ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

“Локомотив” бугун мана шундай футболчилардан 2 нафари билан шартнома тузди. Булар – Жанубий кореялик ҳужумчи Чо Сук Жаэ ҳамда бразилиялик ярим ҳимоячи Нивалдо Родригес Феррейра.

Чо Сук Жаэ 24 ёшда бўлиб, у бунгача “Чонбук Моторс” жамоаси сафида тўп суриб келаётган эди. Шунингдек, бир муддат “Чоннам Драгонс” ҳамда “Анянг” клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган.

Бразилиялик Нивалдо эса 29 ёшда бўлиб, у бунга қадар Белоруссиянинг “Динамо Брест” жамоаси аъзоси эди. У фаолияти давомида Бразилиянинг “Бараунас”, Қозоғистоннинг “Атирау”, Россиянинг “Сибирь”, “Луч Энергия” ва Белоруссиянинг “Гомель” каби жамоалари сафида фаолият олиб борган.

Шу тариқа, "темирйўлчилар" Осиё чемпионлар лигасида тўлиқ легионерлар лимитидан фойдаланадиган бўлди. Таъкидлаб ўтамиз, “Локомотив” сафида шунингдек, грузиялик Кахи Махарадзе ва сербиялик Игорь Йелич каби легионерлар мавжуд.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!