Мамлакат бўйлаб барча футбол мураббийлари малака синовидан ўтказилади

Футбол мухлисларига яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3610-сонли “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш Республика мактаби фаолияти тугатилиб, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ваколати ЎФА қошидаги тегишли бошқармаларга берилди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

ЎФАнинг Мураббийлар тайёрлаш бошқармаси томонидан “Ўзбекистонда футбол мураббийларини ўқитиш ва тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш бўйича Низом” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. 

Ушбу Низом талабларини бажариш учун жорий йилнинг 17 май - 30 июнь кунлари ОФК лицензиясига эга бўлган барча мураббийлар билан семинар-тренинглар ташкил қилинади. ЎФАнинг мутассаддилари ва мутахассисларидан ташкил топган ишчи-гуруҳлар бутун республика ҳудудлари бўйлаб мураббийларнинг малакавий савиясини текшириш бўйича хизмат сафарларига юборилади. 

Шунингдек, ишчи-гуруҳлар олдига мураббийларни тайёрлашнинг янги тизими билан таништириш, уларнинг амалий ва назарий билимларини текширувдан ўтказиш ҳамда мураббийларни қизиқтирган бошқа маълумотлар билан таништириш вазифалари юклатилган. 

Бундан ташқари, ҳудудларга сафар давомида ишчи гуруҳ вакиллари янги ташкил этилаётган болалар ва ўсмирлар футбол академиялари мураббийлигига номзодларни аниқлаб, бу борада ЎФА раҳбариятига тавсиялар бериб бориши режалаштирилган.

Ҳудудлардаги мураббийлар ўртасида ўқув семинарлари ташкил қилиш ва уларнинг малакавий савиясини текшириш  жадвали

Андижон 17 – 21 май
Фарғона 22 – 26 май
Наманган 27 – 31 май
Қорақалпоғистон Республикаси 7 – 10 июнь
Хоразм 11 – 14 июнь
Бухоро 15 – 19 июнь
Навоий 20 – 23 июнь
Самарқанд 18 – 21 май
Қашқадарё 22 – 25 май
Сурхондарё 26 – 30 май
Жиззах 7 – 10 июнь
Сирдарё 11 – 14 июнь
Тошкент вилояти 15 – 19 июнь
Тошкент шаҳри 26 – 30 июнь

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!