“Манчестер Сити” чемпионликни қай тарзда босиб ўтди?

Хабарингиз бор “Манчестер Сити” яқиндагина ўз тарихида бешинчи бор Англия чемпионлигини қўлга киритди. Бунга уларнинг энг яқин таъқибчиси ва азалий рақиби “Манчестер Юнайтед”нинг “Вест Бромвич”га кутилмаганда ютқазиб қўйганидан сўнг рўй берди. Пеп Гвардиола шогирдлари Премьер Лиганинг 23-туригача мағлубият нималигини билмай келди. France Football нашри клубнинг чемпионликка қай тарзда эришгани тафсилотлари билан ўртоқлашди.

Энг кўп фойдаланилган футболчилар

Дарвозабон: Эдерсон (33 ўйин), Клаудио Браво (1 ўйин)

Ҳимоячилар: Жон Стоунз (16 ўйин), Эмерик Лапорт (5 ўйин), Никлас Отаменди (31 ўйин, 4 гол), Венсан Компани (15 ўйин, 1 гол), Бенжамин Менди (4 ўйин), Кайл Уокер (30 ўйин), Данило (19 ўйин, 2 гол) ва Фабиан Делф (18 ўйин, 1 гол).

Ярим ҳимоячилар: Фернандиньо (30 ўйин, 3 гол), Илкай Гюндоган (25 ўйин, 4 гол), Олександр Зинченко (7 ўйин), Яя Туре (6 ўйин), Фил Фоден (3 ўйин), Кевин Де Брюйне (32 ўйин, 7 гол), Давид Сильва (27 ўйин, 8 гол) ва Браим Диас (3 ўйин).

Ҳужумчилар: Лерой Сане (28 ўйин, 9 гол), Раҳим Стерлинг (29 ўйин, 17 гол), Бернардо Сильва (30 ўйин, 4 гол), Серхио Агуэро (24 ўйин, 21 гол) ва Габриель Жезус (23 ўйин, 10 гол).

Учта энг муҳим ўйин

4-тур, “Манчестер Сити” – “Ливерпуль” 5-0

Айнан ушбу ўйин “Манчестер Сити” мавсумни кўтаринки руҳда ўтказишини кўрсатиб берди. Бу ўйингача Гвардиола шогирдлари 7 очко жамғарган эди. “Этиҳад Стэдиум”да “Ливерпуль”нинг ишини Садио Маненинг 37-дақиқада майдондан четлатилиши қийинлаштириб юборди. Бу вақтга келиб “шаҳарликлар” Агуэронинг (25-дақиқа) голи эвазига ҳисобда олдинда бораётган эди. “Қизиллар” ундан кейин бутунлай йўқолиб қолишди ва йирик аламли мағлубиятни таътиб кўрди. “Манчестер Сити” шу тариқа Англия грандларига бу мавсумда мақсадлари жиддийлигини намойиш қилди.

16-тур, “Манчестер Юнайтед” – “Манчестер Сити” 1-2

Дербидаги ғалаба туфайли “қизил иблислар” яққол пешқадам билан орадаги фарқни 5 очкогача қисқартириши мумкин эди. Аммо Де Брюйне етакчилигидаги рақиб жамоа бунга йўл қўймади. Моуриньо шогирдлари фақатгина ҳисобни тенглаштиришга кучи етди, холос. Отамендининг 54-дақиқада урган голи “шаҳарликлар”га устунликни қайтариб берди. Гвардиола шогирдлари ҳатто орадаги фарқни анча йириклаштириши ҳам мумкин эди. Хуллас, 16-турга келиб “Манчестер Сити” энг яқин таъқибчисидан 11 очкога илгарилаб кетди. Бу 10-декабрда содир бўлган бўлса ҳам, чемпионлик кимга насиб қилиши ҳақидаги дастлабки таҳминлар ойдинлаша бошлади.

23-тур, “Ливерпуль” – “Манчестер Сити” 4-3

“Манчестер Сити”нинг бу мавсумдаги дастлабки ва ягона бўлиб қолаётган мағлубиятини “Ливерпуль”дан қабул қилиб олди. “Энфильд”даги учрашувда “қизиллар” “Манчестер Сити”нинг Премьер Лигадаги 30 ўйинлик мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди. Енгилмас “Арсенал”нинг 2003-2004-йилги мавсумдаги рекордини янгилаш орзуси чилпарчин қилинди.

Энг яхши ўйинчи: Кевин Де Брюйне

Белгиялик футболчи эҳтимол фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказмоқда. Ярим ҳимоячи мавсум бошидан бери аниқ голли узатмалари билан жамоаси жонига оро кирмоқда. “Қизил болакай” қаторасига иккинчи мавсумда ҳам энг яхши ассистент бўлишга (15 голли узатма) асосий даъвогар. У узоқдан зарба беришни, ёки аксинча яқин масофадан гол уришни билади, боз устига, унинг ўйинни ўқий олиши жамоасидаги мувозанатни сақлашга ёрдам бермоқда.

Мураббий: Хосеп Гвардиола

Пеп Гвардиола учун Англиядаги иккинчи мавсуми анча яхши кечмоқда. 2016-йилда клуб бошқарувига келган испаниялик мураббий дастлабки мавсумни фаолиятида биринчи марта “қуруқ” ўтказди. Премьер Лигани эса чемпион “Челси”дан 15 очко ортда қолган ҳолда 3-поғонада якунлади. Бу мавсумда эса у жамоа ўйинини Де Брюйне атрофида қурди ва барчаси изига тушиб кетди. Ла Лига (3 марта) ва Бундеслига (3 марта) дан кейин навбат Премьер Лига чемпионлигига етиб келди. Февралда эса унинг жамоаси “Арсенал” устидан финалда йирик ғалаба қозониб дастлабки соврин – Англия Лига Кубогини ўзиники қилиб олганди.

Гвардиола “Манчестер Сити”ни ажойиб машинага айлантирган бўлсада, унинг Европа катта саҳнасидаги иштироки қониқарсизлигича қолмоқда. Чемпионлар Лигасининг чорак финалида “Ливерпуль”дан учралган йирик мағлубият унинг олий мақсадларига катта зарба берди. Шунга қарамай унинг инглиз клуби билан амалдаги шартномаси 2019-йилгача давом этади. Британ нашрларига кўра янги шартнома бўйича музокаралар бошланган. Демак, Гвардиолада ҳали Европа биринчиликларида ҳам ўзини кўрсатиши учун фурсат туғилади.

 

 

Эркин Ғайбуллаев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!