Муҳим ўйинларда ким кучли? Месси ёки Роналду

1695

Муҳим ўйинларда ким кучли? Месси ёки Роналду

Роналду ва Месси дунёнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга ҳаракат қилмоқда. Афсуски улардан фақат бири Чемпионлар Лигаси ярим финалига йўл олди.

Умуман олганда, муҳим ўйинлада ким ўзини кўпроқ кўрсатмоқда? Статистика Роналду фойдасига ишламоқда. Катта ўйинларда у ўзини кўрсатмоқда. Месси эса бу борада бироз «оқсагандек»

Роналду

Икки ўйинчи ҳам «гол машина»га айланиб олди. Ҳимоячилар ва дарвозабонлар футболчи зарба беришга чоғланганда ҳар қанча уринмасин, кузатишдан бошқа иложи қолмайди. Жуфтликдаги икки футболчининг ўзгача услуби, турлича характери мавжуд.

Роналду ҳақиқий спортчи. Гавда тузилишидан футболдан бошқа спорт турларида ҳам ўзини кўрсата оладигандек. Ҳаводаги кураш, рақиблар билан елкама-елка курашда анчагина устун. У пеналтидан, жарима тўпидан, узоқ ва яқин масофадан голлар ура олади.

Месси

Месси Роналдудан бўй ва жисмоний бақувватлик жиҳатдан ютқизиб қўяди. Аммо тезлик ва жараёнда тўп билан муомала қилишда зудлик билан йўналишини ўзгартира олиши ютуқли жиҳати. Дриблинг, яратувчанлик, голни сезиш унда жуда мақталадиган жиҳатлардан. У футбол «афсунгар»и.

Аммо ким бу борада кучли?

Мақоламизда мавзу қилиб келтирилган саволга қайтсак.

Футбол эксперти, «Эуроспорт» нашри муҳаррири «Тwиттер» ижтимоий тармоғида шундай изоҳ қолдиради:

«Месси муҳим мусобақалардаги ўйинларда Роналдудан анча заиф»

Ростдан ҳам шундайми?

Статистика буни тасдиқлайдими?

Месси сўнги бор чорак финалда 2015-йилда гол урган эди. Эсингизда бўлса, ўшанда Месси «Бавария» дарвозасига дубл қайд этган эди. Ундан кейинги Чемпионлар Лигаси бахсларида Месси бу турнирнинг чорак финал ва ундан кейинги босқичларида гол ура олгани йўқ.

Роналду эса Месси «Бавария» га гол урган йилдан бугунги кунгача чорак финалларда 11та, ярим финалда 3та ва финалда 2та гол уришга муваффақ бўлди.

Бу мавсумда Месси 2та голли вазият яратиб ўз шерикларини тўп билан таъминлади. 6 бор ўзи гол урди. Аргентиналик ҳужумчи бу натижани 10та ўйинда кўрсатди. Мантиқан ўйласак у ҳар 97 минутда гол урган ёки гол урган бўлиб чиқмоқда.

Мессининг бу натижаси Европа футболи учун ажоиб ҳол. Аммо Роналдуга қиёслаганда…

Роналду Чемпионлар Лигасида 3 бор голли пас беришга ва 10та учрашувда 15 бор рақиб дарвозабонини «ранжитиш»га муваффақ бўлди. Яъни у ҳар 50 дақиқада голга сабабчи бўлди.

Бу борада Роналду Мессидан икки баробар фойдалироқ ўйин кўрсатди.

Айнан керакли вақтларда гол ургани ҳам Роналдунинг тарозидаги палласининг кўпроқ тош босишига сабаб бўлмоқда.

Роналду қирол!

«Ювентус» га қарши ҳаракат қилган биринчи ўйинда Турин шаҳрида Роналду дублга эришди. Бу эса Италия клубини анчагина шошириб қўйди. Роналдунинг чалқанчасига берган зарбасини йиллар эслаб юрамиз ҳали.

Жавоб ўйинида бутунлай ўзга кайфиятда майдонга тушган «Юве» нималар қилганини кўрдингиз. Ҳали ҳам муҳокамаларга сабаб бўлаётган пеналтини аниқ амалга оширган Роналду жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди. Пеналти белгиланишидан олдин ҳам тўпни айнан Роналду оширганини ҳам эсингиздан чиқарманг.

Мессичи?

Месси эса керакли вазиятда «Барселона»ни ёлғизлатиб қўйди. Йўқолиб қолди.

Чемпионлар Лигасининг биринчи ўйини «Рома» 4-1 ҳисобида ғалаба қозонилган ўйинда Мессини мақтай олмаймиз. Бу ўйинда «Рома» футболчилари ўз дарвозасига дубл қайд этди. Тўп шунчаки тегиб эмас, ҳимоячиларнинг аниқ зарбаси орқали дарвозадан ўрин эгаллади. Жавоб ўйинида италияликларга ўрнак бўладиган ўйин кўрсатишди.

Ўша ўйинда ҳам Месси шунчаки югурди, тўп учун курашди, бироқ етакчидек биз билган Мессидек ўзгалардан ажралиб тура олмади. Агар Месси ўйин тизгинини қўлига ола олганда «Рома» камбек қилишни эплай олармиди, бу савол жавобсиз энди… Айниқса, 86-дақиқада «олтин» имкониятдан фойдалана олмаган Месси жамоасининг «нажот фариштаси»га айлана олмади. «Барса» ва Месси ярим финал армони билан қолди.

Месси ҳозирда Испания чемпионатида яққол тўпурар бўлиб турибди. Унга етишиш жуда ҳам қийин. Роналду эса Чемпионлар Лигасида тенгсиз тўпурар.

Англия, Италия, Францияда доим тўпурарлар бўлади. Улар кўпинча турли йилларда турли футболчилар номлари билан боғлиқ бўлади. Дунё даражасига чиқиш учун ўз чемпионатингдан ташқари евро кубокларда ҳам жамоангни етаклай олишинг сенинг қандай ўйинчи эканингни билдиради. Мессидек футболчи учун чемпионатдаги тўпурарлик шон шуҳрат келтирмайди.

Месси ва Роналду баҳси Жаҳон Чемпионатидан кейин яна муҳокама қилинади. Ўшанда ҳам аргентиналик Португалия сардоридан устун кела олмаса, «қўш қироллик» футбол майдонида бир томонга устунликни берганидан далолат беради.

Эркин Ғайбуллаев