1748

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар олтин кубокни ҳаммадан кўп қўлга киритган ва ушбу мусобақада узлуксиз қатнашиб келаётган ягона терма жамоа - Бразилия ҳақида фикр юритамиз.

Бразилия - дунёдаги энг омадли терма жамоа ҳисобланади. Айнан ушбу юрт вакиллари барча жаҳон чемпионатларида узлуксиз иштирок этиб келаётган ягона жамоадир. Бразилия ўзининг илк учрашувини 1914 йил 20 август куни Аргентинага қарши ўтказган ва 3:0 ҳисобида мағлуб бўлган.

Жаҳон чемпионатларидаги тарихи

Бразилия 1930 йил Уругвайда ўтказилган илк жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичида қолб кетди. Орадан тўрт йил ўтиб Италияда ташкиллаштирилган мундиалда эса улар 1/8 финалга қадар етиб боришди. 1938 йил жаҳон чемпионати Францияда ўтказилда ва бу сафар Бразилия бронза медаллари билан уйга қайтди.

1950 йилги жаҳон чемпионатига Бразилиянинг ўз мезбонлик қилди. Бу сафар натижа аввалгиларидан яхшироқ бўлди, бразилиялик футболчилар кумуш медаллари билан тақдирланишди. 1954 йил Швейцария жаҳон чемпионатини ўзида қабул қилди. Бразилия эса мусобақанинг 1/4 финалига қадар етиб борди.

Ниҳоят, Бразилия футболида тарихий кунлар етиб келди. 1958 йил Швецияда, орадан тўрт йил ўтиб эса Чилида (1962) ўтказилган мундиалларда бразилиялик футболчиларга тенг келадиган рақиб топилмади. Шу тариқа Бразилия кетма-кет икки марта жаҳон чемпионлигини тантана қилди.

Аммо, 1966 йилги Англия мундиалига амалдаги чемпион сифатида ташриф буюрган Бразилия кутилмаганда гуруҳ босқичида қолиб кетди. Бироқ, орадан тўрт йил ўтиб, яъни 1970 йил жаҳон чемпионати Мексика яшил майдонларида ўтказилди. Бу сафар ҳам бразилияликларга тенг келадиган рақиб топилмади. Финалда Италия терма жамоасини 4:1 ҳисобида таслим этган Бразилия олтин кубокни яна ўзи билан бирга олиб кетди.

Шундан сўнг 1974 ва 1978 йилги мундиалларда бразилиялик футболчилар 4- ва 3-ўринларни қўлга киритишди. 1982 ва 1990 йилги мусобақаларда гуруҳдан чиқишни уддалаган бўлса, 1986 йилги чемпионатда  чорак финалга қадар етиб боришди.

Ниҳоят орадан нақд 24 йил ўтиб, Бразилия яна катта саҳнага чиқди. АҚШда ўтказилган ЖЧ-1994да мусобақанинг “B” гуруҳида Швеция, Россия ва Камерун терма жамоаларига қарши кураш олиб борган Бразилия якунда етти очко билан гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритди. Нимчорак финалда уларга мезбон АҚШ термаси тўқнаш келди ва 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Кейинги босқичда эса Голландия 3:2 ҳисобида доғда қолдирилди. Ярим финалда эса улар гуруҳдоши Швецияга тўқнаш келишди. Гарчи гуруҳдаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланган бўлсада, бу учрашувда омад Бразилияга кулиб боқди - 1:0. Ҳал қилувчи баҳсда эса Бразилия Италияга қарши ўйин ўтказди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча бўлимларида ҳисоб очилмагач, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди ва унда омад бразилиялик футболчиларга кулиб боқди. Шу тариқа Бразилия ўз тарихидаги тўртинчи жаҳон чемпионлигини тантана қилди.

Орадан тўрт йил ўтиб Франция навбатдаги жаҳон чемпионатини ўзида қабул қилди. Бразилия эса бу сафар “А” гуруҳида Норвегия, Марокаш ва Шотландия терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Дастлабки икки турда Шотландия (2:1) ва Марокашни (3:0) енган бразилияликлар сўнгги турда кутилмаганда Норвегияга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Бироқ, шундай бўлсада ҳисобида 6 очко бўлган Бразилия гуруҳда биринчи ўрин билан плей-оффга йўлланмани қўлга киритди. Нимчорак финалда дастлаб Чили 4:1 ҳисобида тор-мор келтирилди. Кейин эса чорак финалда Дания голлар шоусида 3:2 ҳисобида таслим этилди. Ярим финалда эса Голландия пенальтилар сериясига кўра доғда қолдирилди. Аммо, финал учрашувида майдон эгалари ҳисобланган Франция терма жамоасига тўқнаш келган Бразилия кутилмаганда ўз дарвозасидан жавобсиз 3та тўп олиб чиқди ва кумуш медаллар билан чекланди.

Бразилияликлар учун 2002 йилги Жанубий Корея ва Японияда ўтказилган мундиал ҳам тарихий чемпионликлардан бирини тақдим этди. Мусобақанинг “С” гуруҳида Туркия, Коста-Рика ва Хитой терма жамоаларига қарши кураш олиб борган бразилиялик футболчилар ушбу баҳсларнинг барчасида ғалаба қозонишиб, гуруҳда биринчи ўрин билан нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритишди. Бу босқичда улар Бельгияни 2:0 ҳисобида енгишди. Кейинроқ эса чорак финалда Англия 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Ярим финалда гуруҳдоши Туркия 1:0 ҳисобида таслим этилди. Шу тариқа ҳал қилувчи финал учрашувига қадар етиб келган Бразилия бу ўйинда Германия қаршилигини синдиришга эришди. Якуний ҳисоб 2:0 бразилияликлар фойдасига. Бу билан Бразилия ўз тарихидаги бешинчи ва ҳозирча охирги бўлиб турган жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Шундан сўнг улар кетма-кет иккита жаҳон чемпионатида (2006 ва 2010) ўз юришларини 1/4 финалдаёқ тўхтатишга мажбур бўлишди.

2014 йилги мундиал эса Бразилия яшил майдонларида ўтказилди. Майдон эгаси сифатида мусобақада иштирок этган Бразилия бу сафар “A” гуруҳида Мексика, Хорватия ҳамда Камерун терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Хорватия (3:1) ва Камерунни (4:1) енган мезбонлар Мексика (0:0) билан дуранг ўйнашди. Шундай бўлсада гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган Бразилия нимчорак финалда Чилини пенальтилар сериясига кўра  мағлубиятга учратган бўлса, чорак финалда Колумбия 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Аммо, ярим финалда Германияга қарши бўлиб ўтган баҳс, бутун Бразилия футболи тарихида ўчмас из бўлиб қолди. Боиси, шу куни Бразилия Германияга 7:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Бразилия терма жамоасининг Америка кубокларидаги илк иштироки 1916 йилга тўғри келади. Қайд этиш лозимки ўшанда мусобақа Аргентина майдонларида ўтказилган  эди. Якунда Бразилия мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритди.

Бразилияликлар шу кунга қадар ушбу мусобақада жами етти марта (1916, 1917, 1920, 1942, 1959, 1976 ва 1979) бронза медалларини ўзиники қилиб олишган. 1921, 1925, 1937, 1945, 1946, 1953, 1957, 1959, 1983, 1991, 1995 йилларда эса улар финалда енгилишиб, кумуш медалларни қўлга киритишди.

1919, 1922, 1949, 1989, 1997, 1999, 2004 ҳамда 2007 йилларда эса Бразилия қитъа чемпионлигини қўлга киритди.

Бразилия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1975 йил 17 октябрь, Бразилия – Никарагуа 14:0.

Энг йирик мағлубияти: 2014 йил 8 июль, Бразилия – Германия 1:7.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Кафу (142).

Энг яхши тўпурар: Пеле (77).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 22-ўрин (2013 йил).

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Тите Россияда бўлиб ўтадиган мундиалда иштирок этувчи 23 нафар футболчидан иборат якуний рўйхатни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Алиссон, Эдерсон, Кассио Рамос.

Ҳимоячилар: Данило, Педро Жеромел, Марсело, Миранда, Маркиньос, Тиаго Силва, Филипе Луис, Фагнер.

Ярим ҳимоячилар: Каземиро, Фернандиньо, Паулиньо, Ренато Аугусто, Фред Родригес, Филиппе Коутиньо, Виллиан.

Ҳужумчилар: Неймар, Дуглас Коста, Габриэл Жезус, Тайсон, Роберто Фирмино.

Эслатиб ўтамиз, Бразилия терма жамоаси мусобақанинг гуруҳ босқичида Швейцария, Коста-Рика ва Сербияга қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Sports.uz 2018