985

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар Африка қитъасининг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган Нигерия  терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Нигерия - Африка қитъасининг энг номдор терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Нигерия терма жамоасига 1945 йил асос солинган бўлиб, ушбу юрт вакиллари ўзларининг илк учрашувларини 1949 йил 8 октябрь куни Сьерра-Леоне терма жамоасига қарши ўтказишган ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Нигерия терма жамоасининг мундиаллардаги илк иштироки 1994 йил АҚШ яшил майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатига тўғри келади. Ўшанда улар "D" гуруҳида Болгария, Аргентина ва Греция терма жамоаларига қарши кураш олиб боришган. Дастлабки турда Болгарияни 3:0 ҳисобида енган Нигерия иккинчи турда Аргентинага 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бироқ, сўнгги турда 2:0 ҳисобида Греция мағлуб этилгач, нигерияликлар гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритишди ва навбатдаги босқичга йўл олишди. Аммо, улар бу босқичда мусобақанинг бўлажак финалчиси – Италия терма жамоасига тўқнаш келишди ва якунда 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Шу билан Нигериянинг жаҳон чемпионатларидаги илк иштирокига якун ясалди.

Орадан тўрт йил ўтиб жаҳон чемпионати учрашувлари Францияда ўтказилди. Нигерия терма жамоаси бу сафар ҳам “D” гуруҳидан жой олди. Ушбу гуруҳда шунингдек Болгария, Парагвай ва Испания терма жамоалари ҳам бор эди. Улар дастлабки икки турда Испания (3:2) ва Болгарияни (1:0) мағлубиятга учратишди. Шу тариқа муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини нақд қилган Нигерия сўнгги турда кутилмаганда Парагвайга (3:1) имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритган Нигерияга бу босқичда Дания терма жамоаси рақиблик қилди. Учрашув эса данияликларнинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Нигерия ўзининг иккинчи мундиалида ҳам курашни нимчорак финалда тўхтатди.

Нигерия терма жамоаси 2002 йил Япония ва Жанубий Корея майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионади “F” гуруҳидан жой олди. Бу гуруҳда Швеция, Англия ва Аргентина терма жамоаларига қарши баҳс юритган нигериялик футболчилар якунда фақатгина Швеция (1:1) билан дуранг қайд этишди ва бир очко билан гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди. Орадан тўрт йил ўтиб Нигерия Германияда бўлиб ўтган ЖЧ-2006 мусобақаларида эса саралашдан ўта олмади.

2010 йилги мундиал “қора қитъа” – Африкада ўтказилди. Нигерия терма жамоаси бу сафар мусобақанинг “B” гуруҳида Аргентина, Жанубий Корея ҳамда Греция билан баҳс юритди. Дастлабки икки турда Аргентина (1:0) ва Грецияга (2:1) ютқазиб қўйган нигерияликлар сўнгги турда Жанубий Корея (2:2) билан дуранг қайд этишди. Шу тариқа гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетган Нигерия учун Жанубий Африка мундиали муддатидан аввал ўз ниҳоясига етди.

Орадан тўрт йил ўтиб жаҳон чемпионатига Бразилия яшил майдонлари мезбонлик қилди. Нигериялик футболчилар бу сафар ҳам “F” гуруҳидан жой олишди. Улар бу босқичда Эрон, Босния ва Герцаговина ҳамда Аргентина терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Дастлаб улар Эрон билан 0:0 ҳисобида нурсиз дуранг қайд этишди. Кейинги турда эса Босния ва Герцаговина терма жамоаси 1:0 ҳисобида таслим этилди. Аммо, сўнгги турда азалий рақиб – Аргентинага (3:2) имконият бой берилди. Шу тариқа гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритган Нигерия нимчорак финалда Францияга 2:0 ҳисобида ютқазиб мусобақани тарк этди.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Нигерия Африка миллатлар кубогида илк марта 1963 йил иштирок этган. Бироқ, ўшанда улар мусобақанинг гуруҳ босқичидаёқ ўз юришларини тўхтатишга мажбур бўлишган. Шундан сўнг нигерияликлар кетма-кет 4та қитъа кубоги саралашидан ўта олишмади. Бироқ, 1976 ва 1978 йилларда кетма-кет икки марта мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритишди.

Ниҳоят 1980 йил ушбу мусобақага Нигериянинг ўзи мезбонлик қилди. Ўз мухлислари қаршисида тўп сурган Нигерия терма жамоаси якунда Африка миллатлар кубогининг бош совринини қўлга киритди ва ўз тарихидаги илк чемпионликни тантана қилди.

Шундан сўнг 1984, 1988 ва1990 йилги чемпионатларда нигерияликлар кумуш медалларни қўлга киритишди. 1992 йил эса улар яна бронза медаллари билан тақдирланишди.

1994 йил Нигерия футолида яна бир шонли йил бўлди. Боиси, улар бу сафар Тунис яшил майдонларида мусобақа чемпионлигини қўлга киритишди. Шундан сўнг нигерияликлар қаторасига икки бор (1996, 1998) ушбу мусобақада иштирок этмади. Кейин 2000 йил яна кумуш медалларини қўлга киритишди. 2002, 2004 ва 2006 йилларда эса Африка миллатлар кубогининг бронза медаллари яна нигериялик футболчиларга насиб этди.

2008 йил ярим финалга қадар етиб борган Нигерия 2010 йилги мусобақада бронза медалларини қўлга киритди. Орадан икки йил ўтиб 2012 йил Нигерия қитъа биринчилигининг саралашидан ўта олмади.

Аммо, 2013 йил Жанубия Африкада ўтказилган мусобақада Нигерия барча рақибларини тор-мор келтириб, ўз тарихидаги учинчи чемпионликни қўлга киритди. Шундан сўнг кетма-кет 2та (2015, 2017) мусобақа саралашидан ўта олмади.

Нигерия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1959 йил 28 ноябрь, Нигерия Дагомея 10:1.

Энг йирик мағлубияти: 1955 йил 1 июль, Олтин қирғоқ – Нигерия 7:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Винсент Эньеама (101).

Энг яхши тўпурар: Рашиди Йекини (37).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 5-ўрин (1994).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 82-ўрин (1999).

Салису Юсуф бошчилигидаги Нигерия терма жамоси мураббийлар штаби бундан бир неча кун олдин терма жамоанинг ЖЧ-2018да иштирок этиши мумкин бўлган 30 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Икечукву Эзенва ("Эньимба"), Фрэнсис Узохо ("Депортиво", Испания), Дэниэл Акпейи ("Чиппа Юнайтед", ЖАР), Деле Ажибойе ("Плато Юнайтед").

Ҳимоячилар: Абдуллахи Шеху, Уильям Трост-Эконг (барчаси – "Бурсаспор", Туркия), Тайрон Эбейи ("Ден Хаг", Голландия), Ола Айна ("Халл Сити", Англия), Ува Элдерсон Эчиеджиле ("Серкль Брюгге", Бельгия), Брайан Идову ("Амкар", Россия), Чидози Авазьем ("Нант", Франция), Леон Балогун ("Майнц", Германия), Кеннет Омеруо ("Касимпаша", Туркия), Стивен Эзе ("Локомотив", Болгария).

Ярим ҳимоячилар: Жон Оби Микел ("Тяньцзинь Тэда", Хитой), Огеньи Онази ("Трабзонспор", Туркия), Оньинье Уилфред Ндиди ("Лестер Сити", Англия), Огенекаро Этебо ("Фейренсе", Португалия), Жон Огу ("Хапоэль" Беэр-Шева, Исроил), Уче Агбо ("Стандард", Бельгия), Жоэл Оби ("Торино", Италия), Микел Агу ("Бурсаспор", Туркия).

Ҳужумчилар: Ахмад Муса (ЦСКА, Россия), Келечи Ихеаначо ("Лестер Сити", Англия), Мойзес Симон ("Гент", Бельгия), Виктор Мозес ("Челси", Англия), Одион Игало ("Чанчунь Ятай", Хитой), Алекс Ивоби ("Арсенал", Англия), Сими ("Кротоне", Италия), Жуниор Локоса ("Кано Пилларс").

Эслатиб ўтамиз, Нигерия терма жамоаси ЖЧ-2018нинг “D” гуруҳида Аргентина, Исландия ва Хорватия терма жамоаларига қарши баҳс юритади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

 

Sports.uz 2018