1519

Барчамизга аён яна саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар мусобақа ғолиблиги учун асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилаётган амалдаги Европа чемпиони - Португалия терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Европа Бразилияси деб таъриф бериладиган Португалия терма жамоасига 1914 йилда асос солинган. Ўзининг илк учрашувини эса 1921 йилнинг 18 декабрь куни Мадридда Испанияга қарши ўтказган. Ўйин эса 3:1 ҳисобида майдон эгаларининг ғалабаси билан якунланган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Португалиялик футболчиларнинг 1966 йил Англияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига қадар мундиалда иштирок эта олишмаганини аксарият футбол мухлислари билишмаса керак. Ҳа, Англия мундиали Португалия терма жамоаси учун жаҳон чемпионатларидаги илк иштирок бўлган. Эътиборлиси, португалияликлар ушбу дебютни шунчаки ажойиб ўтказишди. Дастлаб гуруҳда Венгрия (1:3), Бразилия (3:1) ва Болгария (3:0) терма жамоаларига қарши ўйинларда ғалаба қозонилди. Кейин чорак финалда Шимолий Корея 5:3 ҳисобида доғда қолдирилди. Бироқ, Португалия ярим финалда мезбон, бўлажак чемпион Англия терма жамоасига 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Учинчи ўрин учун ўйинда эса собиқ Иттифоқ терма жамоаси 2:1 ҳисобида таслим этилди ва португалияликлар илк уринишдаёқ бронза медалларига эга чиқишди.

Шундан сўнг улар кетма-кет 4та (1970, 1974, 1978 ва 1982) жаҳон чемпионати саралашидан ўта олишмади. Ниҳоят 1986 йил Мексика яшил майдонлари мезбонлик қилган мусобақада Португалия иштирок этди. Уларга мусобақанинг “F” гуруҳида Марокаш, Англия ва Польша терма жамоалари рақиблик қилишди. Португалиялик футболчилар илк турда 1966 йилги аламли мағлубият учун инглизлардан муносиб реванш олишди – 1:0. Бироқ, гуруҳнинг қолган икки турида Польша (1:0) ва Марокашга (3:1) имконият бой берилди. Шу тариқа улар гуруҳнинг сўнгги ўрнида қолиб кетишди.

Ушбу мундиалдан сўнг Португалия терма жамоаси ўзининг жаҳон чемпионатларидаги кейинги иштирокини нақд 16 йил кутди. Португалиялик футболчилар Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтган 2002 йилги мундиалда иштирок этишди. Улар бу сафар “D” гуруҳида АҚШ, Польша ва мезбон Жанубий Корея терма жамоаларига қарши ўйинлар ўтказишди. Илк турда улар АҚШга 3:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Иккинчи ўйинда эса Польша 4:0 ҳисобида таслим этилди. Бироқ, ҳал қилувчи сўнгги турда Португалия мезбон корейсларга 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйди ва шу тариқа гуруҳда 3-ўринда қолиб кетди.

Орадан тўрт йил ўтиб португалияликлар Германиядаги мундиалига жиддий таркиб, жиддий мақсадлар билан ташриф буюрди. Улар бу сафар ҳам “D” гуруҳидан жой олишди. Бироқ, рақиблар умуман бошқа эди. Натижалар ҳам шунга яраша бошқача бўлди. Португалия ўз гуруҳидаги Ангола (1:0), Эрон (2:0) ва Мексика (2:1) каби терма жамоаларнинг барчасини мағлубиятга учратди ва 9 очко билан плей-оффга йўлланмани қўлга киритди. Улар бу босқичда Голландияни 1:0 ҳисобида енгиб, чорак финалга йўлланмани қўлга киритишди. Англия билан бўлиб ўтган муросасиз баҳсда ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди ва бунда омад португалиялик футболчиларга кулиб боқди. Шу тариқа ярим финалгача етиб келган Португалия терма жамоасига Зинедин Зидан бошчилигидаги Франция тўқнаш келди. Якунда эса учрашув 1:0 ҳисобида французларнинг ғалабаси билан якунланди. Португалия эса учинчи ўрин учун Германияга (3:1) қарши бўлиб ўтган ўйинда ҳам мағлубиятга учради. Шу тариқа Германия мундиали ўз ниҳоясига етди.

Кейинги тўрт йилликнинг энг йирик мусобақаси Жанубий Африка Республикасида ўтказилди. Португалия бу сафар “G” гуруҳида Бразилия, Котд’Иувар ҳамда Шимолий Корея терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Илк турда африкалик футболчилар билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган португалияликлар иккинчи турда Шимолий Корея дарвозасини жавобсиз етти бор аниқ нишонга олишди – 7:0. Сўнгги турда эса Бразилия билан ҳам 0:0 ҳисобида дурангга имзо чекишди. Шу тариқа гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритган Португалия плей-оффда бўлажак чемпион Испания терма жамоасига тўқнаш келди ва 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйди. Шу билан португалияликлар учун Африка қитъасида ўтган мундиал ҳам ўз ниҳоясига етди.

Орадан яна тўрт йил ўтди ва бу сафар жаҳон чемпионати Бразилия яшил майдонларида бўлиб ўтди. Португалия яна “G” гуруҳидан жой олди. Улар ушбу гуруҳда АҚШ, Германия ҳамда Гана терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришди. Илк турда бўлажак чемпион Германия Португалия дарвозасига жавобсиз 4та тўп киритиб, ғалаба қозонди. Кейинги турда АҚШ билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган португалиялик футболчилар сўнгги турга келибгина Гана устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бироқ, ушбу ғалаба уларни плей-оффга олиб чиқиш учун етарли бўлмади. Улар гуруҳнинг учинчи поғонасида қолиб кетишди.

Қитъа биринчилигидаги натижалари

Португалия илк марта 1984 йил Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионатида иштирок этди ва илк уринишнинг ўзидаёқ бу ерда ҳам ярим финалга қадар етиб кела олди. Аммо шундан сўнг улар 1988 (Германия) ва 1992 (Швеция) йилларда ўтказилган қитъа биринчиликлари саралашидан ўта олишмади.

1996 йил Англия яшил майдонлари мезбонлигида ўтган Европа чемпионатида эса улар чорак финалга қадар етиб боришди. 2000 йил Бельгия ва Голландияда ўтказилган Европа чемпионатида Португалия янада яхшироқ натижа қайд этди. Улар бу сафар ярим финалга қадар етиб келишни уддалашди.

2004 йил ушбу мусобақага Португалиянинг ўзи мезбонлик қилди. Гуруҳда Испания, Россия ва Грецияга қарши ўйнаган майдон эгалари якунда биринчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олишди. Чорак финалда азалий рақиб Англия тўқнаш келди ва бу сафарги ўйин ҳам сўнгги дақиқаларгача давом этди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунлангач, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Бу сафар ҳам омад португалиялик футболчиларга кулиб боқди. Улар ярим финалда Голландияни 2:1 ҳисобида таслим этишди ва ҳал қилувчи баҳсга йўлланмани қўлга киритишди. Бироқ, улар финалда Грецияга аламли тарзда мағлуб бўлишди – 1:0. Португалия ўз майдонида ўтган мусобақада кумуш медаллар билан чекланди.

Орадан тўрт йил ўтиб мусобақа Австрия ва Швейцария майдонлари ўтказилди. Бу ерда улар ўз юришларини чорак финалдаёқ тўхтатишди. 2012 йил Польша ва Украина мезбонлигидаги Европа чемпионати Португалия учун ёмон кечмади, аммо улар ярим финалда яна бўлажак чемпионга имкониятни бой беришди. Испания – Португалия 0:0 (пен.серияси 4:2).

Ниҳоят португалиялик футбол ишқибозлари бир умр орзиқиб кутган тарихий мусобақага Франция майдонлари мезбонлик қилди. Португалия Евро-2016да “F” гуруҳидан жой олди. Ушбу гуруҳдан шунингдек Венгрия, Исландия ва Австрия терма жамоалари ҳам жой олишган эди. Гуруҳда уччала учрашувда ҳам дуранг ўйнаган португалияликлар энг яхши учинчи ўрин қоидасига кўра плей-оффга йўлланмани қўлга киритишди. Ва ана шундан сўнг уларни тўхтатиб бўлмади. Дастлаб нимчорак финалда Хорватия 1:0 ҳисобида доғда қолдирилди, кейин чорак финалда Польша пенальтилар сериясида мағлуб этилди. Ярим финал баҳсида уларга Гарет Бэйл бошчилигидаги Уэльс терма жамоаси тўқнаш келди. Португалия эса хотиржамлик билан ғалабани илиб кетди – 2:0. Ниҳоят ҳал қилувчи ўйинда португалиялик футболчиларга мезбон Франция рўбаро келди. Қийин кечган учрашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозона олган Португалия ўз тарихида илк катта совринни қўлга киритди.

Португалия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1994 йил 18 ноябрь, Португалия – Лихтенштейн 8:0.

Энг йирик мағлубияти: 1947 йил 10 май, Португалия – Англия 0:10.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Криштиану Роналду (149).

Энг яхши тўпурар: Криштиану Роналду (81).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 3-ўрин (2010, 2012, 2014, 2017, 2018).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 43-ўрин (1998).

Бундан бир неча кун олдин Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ–2018 турнири учун 35 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Антони Лопеш («Лион»), Бету («Гёзтепе»), Руи Патрисио («Спортинг»).

Ҳимоячилар: Антунеш («Хетафе»), Бруно Алвес («Рейнжерс»), Седрик Соареш («Саутгемптон»), Жоао Демон («Интер»), Хосе Фонте («Далянь Ифанг»), Луис Нето («Фенербахче»), Марио Руи («Наполи»), Нельсон Семедо («Барселона»), Пепе («Бешикташ»), Рафаэль Геррейро («Боруссия Д»), Рикардо Перейра («Порто»), Роландо («Марсель»), Рубен Диас («Бенфика»).

Ярим ҳимоячилар: Адриен Сильва («Лестер»), Андре Гомеш («Барселона»), Бруно Фернандеш («Спортинг»), Жоау Марио («Вест Хэм»), Жоау Моутинью («Монако»), Мануэль Фернандеш («Локомотив»), Рубен Невес («Вулверхэмптон»), Сержио Оливейра («Порту»), Уильям Карвалью («Спортинг»).

Ҳужумчилар: Андре Сильва («Милан»), Бернарду Силва («Манчестер Сити»), Криштиану Роналду («Реал»), Эдер («Локомотив»), Гельсон Мартинс («Спортинг»), Гонсало Гедеш («Валенсия»), Нани («Лацио»), Паулинью («Брага») Рикардо Куарежма («Бешикташ»), Ронни Лопес (Монако).        

Эслатиб ўтамиз, Португалия мусобақанинг “Б” гуруҳида Марокаш, Эрон ва Испания терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Sports.uz 2018