Мундиал сари. Танишинг - Россия терма жамоаси

311

Мундиал сари. Танишинг - Россия терма жамоаси

Яна бир неча кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришни бошлайди. Таништирувни мезбон мамлакат – Россия терма жамоасидан бошлаймиз.

Собиқ СССР парчалангач Россия футболи янги даврга қадам қўйди. Ушбу терма жамоа алоҳида давлат сифатида ўзининг илк учрашувини 1992 йилнинг 16 августида Мексикага қарши ўтказди. Ўшанда Москвада кечган учрашув 2:0 ҳисобида россияликларнинг ғалабаси билан якунланган эди.

Россия терма жамоаси ўз тарихида илк марта 1994 йилда АҚШда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашган. Ушбу турнирда “Б” гуруҳида иштирок этган руслар Бразилия, Швеция ва Камерун терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Гуруҳнинг дастлабки ўйинида Россия Бразилияга 2:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Иккинчи учрашувда Швецияга 3:1 ҳисобида ютқазди. Аммо, гуруҳнинг сўнгги тур баҳсида россиялик футболчилар бор аламларини камерунликлардан олишди. Россия – Камерун 6:1. Ҳисобида 3 очко бўлган Павел Садирин шогирдлари мусобақани гуруҳ босқичидаёқ якунлашга мажбур бўлишди.

Шундан сўнг терма жамоа Англияда бўлиб ўтган Евро-1996да иштирок этди. Руслар “C” гуруҳида Италия, Чехия ва Германияга қарши баҳс олиб боришди. Икки мағлубият ва бир дуранг қайд этган Россия терма жамоаси гуруҳ босқичида қолиб кетди

Борис Игнатьев бошчилигидаги терма жамоа Францияда бўлиб ўтган ЖЧ-1998 саралашидан ўта олмади ва Россия терма жамоаси ушбу мундиалда иштирок этмади. Улар орадан икки йил ўтиб Бельгия ва Голландия яшил майдонлари мезбонлигида ўтган Евро-2000да ҳам қатнаша олишмади.

Шундан сўнг Олег Романцев терма жамоа бошқарувини ўз қўлига олди. Саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўта олган руслар 2002 йилги Япония ва Жанубий Корея мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида қатнашишди. Россия терма жамоаси бу сафар мундиалнинг “H” гуруҳидан жой олишди. Ушбу гуруҳдан шунингдек мезбон Япония, Бельгия ва Тунис терма жамоалари ҳам жой олишган эди. Россия илк учрашувда Титов ва Карпинларнинг голлари эвазига Тунис терма жамоасини 2:0 ҳисобида доғда қолдиришга эришди. Бироқ, кейингги икки учрашувда россиялик футболчилар Японияга 1:0 ва Бельгияга 3:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Шу тариқа уларга бу сафар ҳам плей-оффда ўйнаш насиб қилмади.

Улар учун кейинги йирик мусобақа Португалияда бўлиб ўтган Евро-2004 бўлди. Русларга бу сафар ҳам гуруҳдан чиқиш насиб қилмади. Улар “А” гуруҳида Испания, Греция ва мезбон Португалияга қарши ўйинларда фақатгина греклар билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд эта олишди. Уларнинг эртаги яна гуруҳ босқичида якунланди.

Шундан сўнг Россия терма жамоаси кетма-кет 2та (Германия ва ЖАР) жаҳон чемпионатида иштирок эта олмади. Бироқ, Гусс Хиддинк бошқарувидаги терма жамоа 2008 йил Австрия ва Швейцарияда бўлиб ўтган Европа чемпионатида анча муваффақиятли ўйин намойиш этишди. Улар мусобақанинг ярим финалига қадар етиб боришди ва тарихдаги энг катта натижасини қайд этишди.

Шундан сўнг Польша ва Украинада бўлиб ўтган Евро-2012да Россия терма жамоаси “А” гуруҳида иштирок этди ва Греция, Чехия ва Польшага қарши кураш олиб борди. Дастлабки ўйинда Чехияни 4:1 ҳисобида енган руслар, кейинчалик Польша билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди ва сўнгги турда грекларга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди.

Орада кетма-кет 2та мундиални ўтказиб юборган Россия терма жамоаси ва ниҳоят Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Италиялик машҳур мутахассис Фабио Капелло бошқарувидаги терма жамоа мусобақанинг “H” гуруҳида Жанубий Корея, Бельгия ва Жазоирга қарши ўйинлар ўтказди. Дастлаб кореяликлар билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган россияликлар гуруҳнинг иккинчи баҳсида Бельгияга 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Сўнгги турда эса Жазоир билан ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилди ва қора анъана яна давом этди. Россия термаси яна плей-оффга чиқа олмади.

Шундан сўнг 2015 йилнинг 7 августида терма жамоани яна маҳаллий мутахассис – Леонид Слуцкий ўз қўлига олди. Евро-2016 саралашидан муваффақиятли ўтган терма жамоа мусобақанинг финал босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. Россиялик футболчилар “B” гуруҳида Уэльс, Англия ва Словакия билан бир гуруҳдан жой олишди. Ушбу терма жамоаларга қарши ўйинларда фақатгина бир очко тўплаган Слуцкий шогирдлари гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди.

Шундан сўнг кўплаб танқидларга учраган терма жамоа тарқатиб юборилди. Станислав Черчесов терма жамоа бош мураббийи этиб тайинлангач, жамоани нолдан шакллантира бошлади ва таркибни аксарият қисмини янгилади.

54 ёшли мутахассис қўл остида мундиалга тайёргарлик кўраётган терма жамоа 2017 йил ўз тарихида илк марта Конфедерациялар кубогида иштирок этди. Гуруҳнинг дастлабки ўйинида Янги Зелландияни 2:0 ҳисобида енган руслар гуруҳнинг қолган икки учрашувида Португалия (1:0) ва Мексикага (2:1) ютқазиб қўйишди. Улар ўз майдонларида ўтган дастлабки йирик мусобақа шу тариқа гуруҳ босқичида қолиб кетишди.

Жаҳон чемпионатининг мезбони сифатида саралаш босқичида иштирок этмаган Россия қуръа натижаларига кўра “А” гуруҳида Саудия Арабистони, Уругвай ҳамда Миср термаларига қарши кураш олиб боради. Улар айни дамда ФИФА рейтингида 66-ўринни эгаллаб туришибди.

Россия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар:

Дастлабки ўйин: 1992 йил 16 август Мексикага қарши;

Энг йирик ғалаба: 1995 йил 7 июнь, Сан-Марино – Россия 0:7, 2015 йил 8 сентябрь Лихтейнштейн - Россия 0:7;

Энг йирик мағлубияти: 2004 йил 13 октябрь Португалия – Россия 7:1

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Сергей Игнашевич – 119та ўйин;

Энг яхши тўпурар: Александр Кержаков – 30та гол;

Энг яхши натижаси: Евро-2008да бронза медаль

Россия терма жамоасининг ЖЧ-2018 учун кенгайтирилган таркиби:

Дарвозабонлар: Игорь Акинфеев (ЦСКА), Владимир Габулов ("Брюгге"), Сослан Жанаев ("Рубин"), Андрей Лунев ("Зенит"), Маринато Гильерме ("Локомотив")

Ҳимоячилар: Владимир Гранат, Руслан Камболов, Федор Кудряшов (барчаси – "Рубин"), Илья Кутепов, Дмитрий Комбаров (иккаласи - "Спартак"), Роман Нойштедтер ("Фенербахче"), Константин Рауш ("Динамо"), Андрей Семёнов ("Ахмат"), Игорь Смольников ("Зенит"), Марио Фернандес (ЦСКА), Владислав Игнатьев ("Локомотив").

Ярим ҳимоячилар: Юрий Газинский ("Краснодар"), Александр Головин, Алан Дзагоев (иккаласи – ЦСКА), Александр Ерохин, Юрий Жирков, Далер Кузяев (барчаси – "Зенит"), Роман Зобнин, Александр Самедов, Денис Глушаков (барчаси – "Спартак"), Антон Миранчук, Алексей Миранчук (иккаласи – "Локомотив"), Александр Ташаев ("Динамо"), Денис Черышев ("Вильярреал"), Антон Швец ("Ахмат").

Ҳужумчилар: Артём Дзюба ("Арсенал" Тула), Фёдор Смолов ("Краснодар"), Фёдор Чалов (ЦСКА),  Антон Заболотний, Дмитрий Полоз (иккаласи – "Зенит").

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.