Мундиал сари. Танишинг - Саудия Арабистони терма жамоаси

Саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришни давом этади. Бу сафар қитъадошларимиз ҳисобланган Саудия Арабистони терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Саудия Арабистони футбол федерациясига 1956 йилда асос солинган ва шу йилнинг ўзида ФИФАга аъзо бўлган. Саудияликлар ўзларининг илк учрашувларини 1957 йилнинг 20 октябрида Сурия терма жамоасига қарши ўтказишган ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Ушбу терма жамоа айни дамда ФИФА рейтингида 67-ўринни эгаллаб турибди.

 

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Саудия Арабистони терма жамоаси илк марта 1978 йилги жаҳон чемпионати саралашида иштирок этган. Бироқ якунда финал босқичида иштирок эта олмади. Ушбу юрт футболчиларига ўзларининг бешинчи уринишларида, аниқроғи 1994 йил АҚШда бўлиб ўтган мундиалда иштирок этиш насиб қилди. Ўшанда терма жамоани аргентиналик Хорхе Солари жаҳон чемпионатига олиб чиққан эди. Улар турнирнинг “F” гуруҳида Голландия, Бельгия ва Марокаш терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Эътиборлиси, саудияликлар гарчи илк турда Голландияга (1:0) имкониятни бой беришган бўлишсада, кейинги икки баҳсда Марокаш (2:1) ва Бельгия (1:0) устидан ғалаба қозонишиб плей-оффга йўлланмани қўлга киритишди. Бироқ, кейинги босқичда улар Швеция термасига 3:1 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этишди.

Шундан сўнг қитъадошларимиз кетма-кет 3та (1998, 2002 ва 2006) жаҳон чемпионатида иштирок эьтишди. Аммо, уларнинг барчасида гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди.

Айни мана шундан сўнг Саудия Арабистони қаторасига иккита мундиалнинг саралаш босқичидан ўта олмади. 2010 йилги Жанубий Африка ва 2014 йил Бразилия мезбонлигидаги жаҳон чемпионати шулар жумласидандир.

Ниҳоят ушбу терма жамоа ЖЧ-2018 саралаши Осиё минтақасида ўз гуруҳида 2-ўринни қўлга киритиб, тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқди.

Энди улар ЖЧ-2018нинг “А” гуруҳида Уругвай, Миср ва мезбон Россия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.

Қитъа биринчилигидаги натижалари

Саудияликларнинг қитъа миқёсидаги ютуқлари анча салмоқли ҳисобланади. Улар Осиё кубогида биринчи марта 1984 йилда (Сингапур) қатнашишди ва илк иштирокнинг ўзидаёқ бош совринга эга чиқишди. Орадан тўрт йил ўтиб Қатарда ташкил этилган мусобақада яна кубок Саудия Арабистони терма жамоасига насиб этди. 1992 йил Япония яшил майдонлари мезбонлигида ўтган қитъа биринчилигида улар яна финалда ўйнашди. Бироқ, бу сафар мезбон Япония термасига (1:0) имкониятни бой бериб қўйишди ва кумуш медаллар билан кифояланишди.

1996 йил Бирлашган Араб Амирликлари Осиё кубогига мезбонлик қилди. Қўшни давлатда ўтган мусобақада саудияликлар ўз гуруҳларида 2-ўринни қўлга киритиб, плей-оффга йўл олишди. Шундан сўнг дастлаб чорак финалда Хитой (4:3) таслим этилди. Ярим финалда Эронни пенальтилар сериясига кўра енган Саудияга ҳал қилувчи баҳсда яна майдон эгалари тўқнаш келишди. Муросасиз ўтган финал учрашувида Саудия Арабистони терма жамоаси пенальтилар сериясига кўра ғолибликни қўлга киритди.

Орадан тўрт йил ўтиб Ливанда ташкил этилган мусобақада ҳам финалга қадар етиб борган саудиялик футболчилар яна Японияга (1:0) ютқазиб қўйишди. 2004 йил Хитойда бўлиб ўтган навбатдаги Осиё чемпионати Саудия Арабистони футболи тарихидаги энг ёмони бўлди. Ушбу юрт вакиллари гуруҳда 1 очко билан сўнгги ўринда қолиб кетишди.

2007 йил Вьетнам, Индонезия, Малайзия ва Таиланд яшил майдонларида ўтказилган қитъа кубогида саудияликлар яна катта саҳнага чиқишди. Ўз гуруҳларида 1-ўринни қўлга киритган Саудия Арабистони терма жамоаси чорак финалда Ўзбекистон терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгди. Ярим финалда эса азалий рақиб Япония 3:2 ҳисобида доғда қолдирилди. Бироқ, улар ҳал қилувчи финал учрашувида кутилмаганда 1:0 ҳисобида Ироққа мағлуб бўлишди.

Шундан сўнг ўтказилган иккита (2011 Қатар, 2015 Австралия) Осиё кубогида Саудия Арабистони гуруҳда қолиб кетди.

Саудия Арабистони терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар:

Илк учрашуви: 1957 йил 20 октябрь, Саудия Арабистони – Сурия 3:1.

Энг йирик ғалабаси: 2015 йил 17 ноябрь, Шарқий Тимор  Саудия Арабистони 0:10

Энг йирик мағлубияти: 1961 йил 3 сентябрь, Миср – Саудия Арабистони 13:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Муҳаммад ад-Деайя (178).

Энг яхши тўпурар: Мажид Абдулла (67)

Жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижаси: 1994 йил 1/8 финал.

Айни дамда ушбу терма жамоага испаниялик мутахассис Хуан Антонио Пицци мураббийлик қилмоқда. У бундан бир неча кун олдин ЖЧ-2018 учун 25 нафар футболчидан иборат терма жамоанинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди.

Дарвозабонлар: Фауаз Ал-Карни, Ахмад Ал-Кассар, Волид Абдулла, Муҳаммад Ал-Овайс.

Ҳимоячилар: Усама Хавсави, Омар Хаусауи, Муҳаммад Жафали, Салим Ал-Досари, Муҳаммад Ал-Хабрани, Ёссир Ал-Шахрани, Ахмад Ал-Фраиди, Абдулла Ал-Хафит, Саид Ал-Моуалад, Мотаз Хаусауи, Мансур Ал-Харби.

Ярим ҳимоячилар: Яхё Ал-Шехри, Салман Ал-Моашер, Тайсир Ал-Жассим,, Абдулла Ал-Хайбари, Хусайн Ал-Могауи, Хассан Муат, Абдулла Отайф, Иброҳим Ғолиб, Наваф Ал-Обид, Муҳаммад Канно, Абдулафаттах Асири, Абдулла Ал-Хайбари.

Ҳужумчилар: Муҳаммад Ал-Салауи, Муҳаммад Ал-Кувайкиби, Муҳаммад Ал-Кувайкиби, Муханнад Ассири, Фахад Ал-Мувалланд.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини 14 июнь куни мезбон Россия терма жамоасига қарши ўтказади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!