1251 0

Саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришни бошлайди. Таништирувни мезбон мамлакат – Россия терма жамоасидан бошлаган эдик. Бу сафар русларнинг гуруҳидаги фаворит ҳисобланган Уругвай терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Дунёдаги энг совриндор жамоа

Уругвай терма жамоаси 1916 йилдан буён КОНМОБЕЛ аъзоси ҳисобланади. 1923 йилда эса ФИФАга аъзо бўлди. Ушбу терма жамоа сайёрамизнинг энг совриндор терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Уругвайликлар икки карра Жаҳон чемпиони (1930 ва 1950), икки карра Олимпиада ўйинлари ғолиби (1924 ва 1928), 15 карра Жанубий Америка кубоги соҳиби ва шунингдек Жаҳон чемпионлари кубоги (1981) ғолиби ҳисобланишади.

Қизиғи, Уругвай Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан аҳолиси энг кам мамлакат ҳисобланади. Бу борада иккинчи ўринда уларнинг қўшниси Аргентина туради. Бундан ташқари Уругвай дунёдаги энг нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқа олган илк терма жамоа ҳамдир (жаҳон чемпионати, олимпиада ва қитъа биринчилиги).

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

ФИФА 1930 йилда илк марта футбол бўйича жаҳон чемионатини ташкил этди ва унга Уругвай мезбонлик қилди. Илк турнирга ФИФА ўзининг барча аъзоларини таклиф қилган эди. Бироқ, Уругвайдаги мусобақага фақатгина 13та терма жамоа ташриф буюрди (7та Жан.Америка, 4та Европа ва 2та Шим.Америка). 68 минг мухлис кўз ўнгида ўтган финал баҳсида Уругвай қўшни Аргентина терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди ва шу тариқа жаҳон чемпионатларининг илк ғолибига айланди.

Уругвайликлар бундан кейинги иккита мундиалда иштирок этишмади (1934 Италия ва Франция 1938). Орада Иккинчи жаҳон уриши сабаб жаҳон чемпионатлари ўтказилмади. Ва ниҳоят 1950 йилда тўртинчи мундиал бўлиб ўтди. Бразилия мезбонлигидаги мусобақада яна уругвайликлар ғолиб бўлишди. Улар бу сафар финалда майдон эгаларини 2:0 ҳисобида таслим этишди.

Швейцарияда бўлиб ўтган 1954 йилги жаҳон чемпионатида Уругвай терма жамоаси 4-ўрин билан кифояланди. Орадан тўрт йил ўтиб Швецияда ўтказилган мундиалда эса уругвайлик футболчилар саралашдан ўта олишмади ва ушбу мусобақанинг финал босқичида иштирко этишмади. 1962 йилги Чили мундиалида улар гуруҳ босқичидаёқ ўз юришларини тўхтатишга мажбур бўлишди. Ўшанда уларга собиқ Югославия, собиқ СССР ва Колумбия рақиблик қилган.

Англияда бўлиб ўтган 1966 йилги жаҳон чемпионати Уругвай учун яна омадсиз кечди. Улар гарчи гуруҳ босқичидан чиқа олишган бўлсада, 1/4 финал босқичда Германия Федератив республикасига 4:0 ҳисобида мағлубиятга учрашди. 1970 йилги Мексика мундиалига эса анчайин шаклланган терма жамоа ташриф буюрди. Уругвай мусобақанинг гуруҳ босқичида Италия, Швеция ва Исроил терма жамоаларига қарши баҳсларда иштирок этди ва 2-ўрин билан плей-оффга йўлланмани қўлга киритди. Уругвайликлар ушбу босқичда собиқ СССР терма жамоасига қарши кураш олиб боришди. Шиддатли кечган ўйин тақдирини қўшимча вақтларда Эспарраго томонидан ягона гол ҳал қилди. Шу тариқа ярим финалга қадар етиб келган Уругвайга азалий рақиби ҳисобланган Бразилия тўқнаш келди. Голларга бой кечган учрашув 3:1 ҳисобида бразилияликларнинг ғалабаси билан якунланди. Уругвай эса кейинчалик ўзи каби ярим финалда мағлуб бўлган Германия Федератив республикасига қарши 3-ўрин учун ўйинда иштирок этди ва 1:0 ҳисобида мағлуб бўлди.

1974 йилги Германия мундиалида эса улар гуруҳ босқичида ўз юрушларини тўхтатишди. Уругвай 1978 йилги Аргентина ва 1982 йил Испания мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатларида хатто саралашдан нарига ўта олмади. 1986 (Мексика) ва 1990 (Италия) йилги жаҳон чемпионатларида уругвайлик футболчилар бир ҳил натижани қайд этишди – 1/8 финал. Шундан сўнг Уругвай яна 2та жаҳон чемпионатида иштирко эта олмади (1994 АҚШ ва 1998 Франция).

Ниҳоят футбол ишқибозлари 2002 йил Япония ва Жанубий Корея мезбонлик қилган мундиалда яна Уругвай терма жамоасини кўришди. Аммо, улар Дания, Сенегал ва Франция терма жамоалари жой олган гуруҳдан навбатдаги босқичга чиқа олишмади. Германияда бўлиб ўтган 2006 йилги жаҳон чемпионатида яна Уругвай саралашдан ўта олмади. Ушбу натижадан керакли хулоса чиқарган уругвайлик футболчилар

2010 йил Жанубий Африка мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида анча фаол иштирок этишди. Мексика, ЖАР ва Франция терма жамоалари жой олган гуруҳда уругвайликлар 7 очко билан биринчи ўринни эгаллашди. Шундан сўнг Уругвай бирин кетин рақибларини таслим эта бошлади. Дастлаб нимчорак финалда Жанубий Корея (2:1) доғда қолдирилди, Ганага қарши кеяган чорак финал ўйинида эса ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди ва унда омад уругвайликларга кулиб боқди. Шу тариқа ярим финалга етиб келган Уругвай терма жамоасини Голландия тўхтатишга муваффақ бўлди - 3:2. Улар кейинроқ 3-ўрин учун ўтказилган Германияга қарши ўйинда ҳам ҳудди шу ҳисобда мағлуб бўлишди ва 4-ўрин билан кифояланишди.

Бразилияда бўлиб ўтган 2014 йилги мундиалда Уругвай “D” гуруҳидан жой олди ва Италия, Англия ҳамда Коста-Рика терма жамоаларига қарши кураш олиб борди. Гуруҳда кутилмаганда Англия ва Италия қолиб кетди, уругвайлик ва коста-рикалик футболчилар эса плей-офф йўлланмасига эга чиқишди. Бироқ, Уругвай терма жамоасининг мундиалдаги юриши ушбу босқичда Колумбия термаси томонидан тўхтатиб қолинди – 2:0.

Уругвай терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар:

Илк ўйин: 1901 йил 16 май Уругвай – Аргентина 2:3

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Максимильяно Перейра – 124та;

Энг яхши тўпурар: Луис Суарес – 50та;

Энг йирик ҳисобдаги ғалаба: 1927 йил 6 ноябрь, Уругвай – Боливия 9:0;

Энг йирик ҳисобдаги мағлубият: 1902 йил 20 июль Уругвай – Аргентина 0:6;

ФИФА рейтингидаги энг юқори кўрсатгичи: 2011 йил 2-ўрин;

ФИФА рейтингидаги энг паст кўрсатгичи: 1998 йил 76-ўрин;

ЖЧ-2018га борадиган футболчилар

Куни кеча Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Оскар Табарес ЖЧ-2018 учун 26 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилди.

Дарвозабонлар: Мартин Кампанья («Индепендьенте»), Фернандо Муслера («Галатасарой»), Мартин Сильва («Васко да Гама»).

Ҳимоячилар: Диего Годин («Атлетико»), Себастьян Коатес («Спортинг»), Хосе Хименес («Атлетико»), Макси Перейра («Порту»), Гастон Сильва («Индепендьенте»), Мартин Касерес («Лацио»), Гильермо Варела («Пеньяроль»).

Ярим ҳимоячилар: Наитан Нандес («Бока Хуниорс»), Лукас Торрейра («Сампдория»), Матиас Весино («Интер»), Федерико Вальверде («Депортиво»), Родриго Бентанкур («Ювентус»), Карлос Санчес («Монтеррей»), Жоржиан де Арраскаэта («Крузейро»), Диего Лаксальт («Женоа»), Кристиан Родригес («Пеньяроль»), Хонатан Урретавискайя («Монтеррей»), Николас Лодейро («Сиэтл Саундерс»), Гастон Рамирес («Сампдория»).

Ҳужумчилар: Кристиан Стуани («Жирона»), Макси Гомес («Сельта»), Эдинсон Кавани («ПСЖ»), Луис Суарес («Барселона»).

Эслатиб ўтамиз, Уругвай мусобақанинг “А” гуруҳида Миср, Саудия Арабистони ва мезбон Россия терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98