Намангада “Вилоят ҳокими кубоги-2018” мусобақаси якунланди

Наманган вилоятида ҳам "Ҳоким кубоги" мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Вилоят жамоаларига муносиб ёшларни танлаб олиш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мусобақада бу сафар 12 та жамоа ғолиблик учун баҳс юритди. Қатнашчилар дастлабки босқичда тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларга киришдилар. Гуруҳларда ғолибликни қўлга киритган жамоалар эса финал босқичда бош соврин учун курашиш имконига эга бўлишди.

Ҳал қилувчи босқичда “Навбаҳор”, “Қурувчи”, 15-ДИМИ ва НОЗК жамоалари даврали тизим асосида бир-бирлари билан баҳс олиб боришди. Кучли тўртликдан ўрин олган учрашувлар анча кескин ва муросасиз руҳда ўтганлигини айтиш жоиз. Айнан шу сабабли якунда “Навбаҳор”, 15-ДИМИ ҳамда НОЗК жамоалари бир хил олтитадан очко жамғаришди. “Навбаҳор Умид” футбол мактаби тарбияланувчилари иккита учрашувни йирик ҳисобда ғалаба қозонишгани сабабли тўплар нисбатига кўра ғолибликни қўлга киритишди. Иккинчи ўрин 15-ДИМИ жамоасига, насиб этди. Учинчи ўринни эса НОЗК жамоаси банд этди. Мусобақанинг тақдирлаш маросими 2 февраль куни ўтказилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!