617

“Нефтчи” – “Пахтакор” (1:1) баҳсидан сўнг фарғоналиклар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик ва баҳс мана шундай кечишини билардик. “Пахтакор” билан баҳсда гол уриш учун барибир имконият юзага келиши муқаррар эди. Биз айнан мана шуни кутдик ва вазиятдан фойландик. Сўзим бошида, дарвозабонимиз Абдумавлон Абдужалиловга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Нафақат дарвозабонга, балки бугун жамоамизнинг бугунги ўйинлари учун миннатдорман. Йигитлар ҳозирги пайтда клуб ичидаги қийинчиликларга қарамасдан, барибир профессионал футболчи сифатида ўз касбига содиқ қолиб, майдонда борини бериб ўйнашмоқда. “Пахтакор”ни ютишни жуда хоҳлагандик. Сўнгги дақиқалардаги гол жуда аламли бўлди. Бироқ ҳозирги ҳолатимиздан келиб чиқсак, “Пахтакор” билан дуранг ёмон натижа эмас деб ўйлайман. Мана шундай муҳим баҳсда ўринбосарлар жамоасидан яна бир қанча ёш йигитлар Суперлигада дебют қилишди. Сўнгги йилларда “Нефтчи”нинг ёшлар борасида олиб бораётган сиёсати ўз мевасини бермоқда. Таркибимизнинг асосий қисми ёшлар жамоасидан етишиб чиққан йигитлар саналади. Шодиёр Хожиматов ва Миржамол Неъматов сингари ўринбосарлар жамоаси вакиллари илк бор Суперлигада дебют қилишди ва илк баҳс учун ёмон ўйин кўрсатишмади. Ундан ташқари Достон Турсунов ва Ҳусниддин Ғофуровлар бугун маълум сабабларга кўра баҳсда иштирок эта олишмади. Мазкур ўйинчилар ҳам “Нефтчи”нинг тарбияланувчилари саналади. Анвар Бердиев бугун 500-ўйинини ўтказди. Уни табриклаб қоламан. Ҳали Бердиевнинг майдонда ва унинг ташқарисида ёшларга берадиган сабоқлари бизга жуда керак. Тўғри “Нефтчи”нинг ҳозирги ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас. Бироқ мухлисларга шуни ишонтириб айта оламанки, бу кунларнинг тугашига ҳам оз қолди ва барчаси яхши бўлади. Меҳнат қилишда давом этамиз ва “Нефтчи” жамоасини бундай қийин вазиятдан чиқиб кетишига тўлиқ ишонаман. Шу қатори мухлислар ҳам жамоани ижобий кунлар кутаётганига ишонишларини хохлардим. Ҳаммаси шундайлигича қолиб кетмайди. Хар биримиз яхши кўрамиз “Нефтчи”ни! Мен хам “Нефтчи” жамоасини мухлисиман, футболчилар ҳам. Яна бир нарсани таъкидлашни истардим, ўша биз кутган яхши кунлар келишини ҳамма исташи керак. Умид қиламанки, қилаётган меҳнатларимиз албатта эртага ўз мевасини беради", - деб айтиб ўтди Ҳайдаров.

Анвар Бердиев: “Нефтчи” - “Пахтакор” беллашувига ўйинчиларни футболчи сифатида алоҳида тайёрлашни кераги йўқ. Шундоқ ҳам бу азалий қарама-қаршиликка спортчи катта шижоат билан чиқади. Авваллари ҳам “Пахтакор” – “Нефтчи” ўйини “Ўзбек Эльклассико”си сифатида кескин руҳда кечарди. Бугун ҳам шундай бўлди. Баҳс учун йигитларга раҳмат. Борини бериб ўйнашди. Ҳозир “Пахтакор”ни қандай кучга эга эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундан келиб чиқиб, дебютант ўйинчилар билан жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Очиғи, ютишни жуда истагандик. Бироқ бироз омад етишмади. Стадионга келган мухлисларга катта раҳмат. Гарчи натижалар ёқимсиз бўлаётган бўлсада, ўз содиқликларини кўрсатиб стадионга ташриф буюришмоқда. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. “Нефтчи” жамоасини бу вазиятдан олиб чиқиб кетишимизга кўзимиз етади.

Sports.uz 2018