ЎФА вице-президенти футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасини табриклади

1003

ЎФА вице-президенти футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасини табриклади

Миллий Олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Хитой Тайпейида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини табриклади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

“Хитой Тайпейида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, бронза медалларини қўлга киритганингиз билан Сизларни табриклайман! Олимпия терма жамоамизнинг Осиё чемпионатида юксак натижасидан кейин мамлакатимиз футзал бўйича ҳам Осиёда ўз ўрнига эга эканини исботлай олганингиз учун Сизларга катта раҳмат!

Бутун мусобақа давомида катта шижоат ва юксак ватанпарвалик намунасини кўрсатиб, баҳсларда бор кучингиз билан ҳаракат қилганингизни барча мухлислар гувоҳи бўлишди. Айниқса, бронза медаллари учун Ироқ терма жамоасига қарши кечган ўйинда таркибдаги барча футзалчилар иродали ўйин намойиш қилиб, Осиё чемпионатининг совриндорига айланганингиз барчамизни чексиз хурсанд қилди.

Эндиликда бўлғуси мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб, юртимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилишда давом этасизлар, деган умиддаман”, - дейди Умид Аҳмаджонов.