ЎФФ "Вест Хэм", "Боруссия Д" ва "Пахтакор" собиқ бош мураббийлари билан музокара олиб бормоқда

2585

ЎФФ

 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий жалб этиш бўйича бир неча хорижлик мутахассислар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати маълум қилмоқда. 

Хабарда қайд этилишича, номзодлар қаторидан Россия, Польша, Хитой ва БАА чемпионатларида фаолият олиб борган 49 ёшли руминиялик Дан Петреску ҳамда Франция, Сербия, Украина, Россия чемпионатида ҳаракат қилувчи кўплаб клубларда ишлаган 64 ёшли сербиялик Славолюб Муслин каби мутахассислар бор.

Шунингдек, Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда Москванинг “Динамо” каби клубларидаги фаолияти орқали ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш бўлган 50 ёшли черногориялик мутахассис Миодраг Радулович ҳам номзодлар қаторидан жой эгаллаган.

Шу билан бирга, италиялик 52 ёшли мураббий Анджелио Алессио (“Наполи”, “Ювентус”, “Челси” клублари ва  Италия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган), германиялик 54 ёшли Бернд Шторк (“Штутгарт”, “Вольфсбург”, “Боруссия” Дортмунд клублари, шунингдек, Қозоғистон, Венгрия терма жамоаларини бошқарган) ва хорватиялик Бранко Иванкович (Эрон миллий терма жамоаси, шунингдек, “Ал-Иттифоқ”, “Ал-Ваҳда”, “Персеполис” клубларида бош мураббий сифатида фаолият юритган) билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.  

Бундан ташқари, Англиянинг “Вест Хэм” клуби собиқ мураббийи Славен Билич, “Наполи”, “Интер”, “Уотфорд” каби клубларни бошқарган италиялик 56 ёшли мутахассис Вальтер Маццари, “Фейнорд”, “Боруссия” Дортмунд, “Гамбург” клублари ва Голландия, Саудия Арабистони каби терма жамоаларда фаолият юритган голландиялик мутахассис Берт ван Марвейк ҳам музокаралар олиб борилаётган мутахассислар орасида мавжудлиги қайд этилган.