Ўзбекистон ва Россия МОҚлари ҳамкорлик қилади

 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Тожикистонга ташрифини якунлаб, Москвага йўл олганди.

Россия пойтахтида Аҳмаджонов мамлакат Миллий олимпия қўмитаси президенти ва бир вақтнинг ўзида Халқаро олимпия қўмитаси вакили бўлган Александр Жуков билан учрашди. Жуков, шунингдек, Россия давлат думаси раҳбарининг биринчи ўринбосари ҳам ҳисобланади.

Учрашув чоғида ҳар икки мамлакат спорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиши масаласи бўйича меморандум имзоланди. Кун тартибидан ҳар икки мамлакат спортидаги муаммолар, камчиликлар ва ечилиши лозим бўлган масалалар юзасидан фикр алмашиш ўрин олганди. 

“Биз Россия спортининг бугунги кундаги ҳолати, ундаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида яхши биламиз. Тил масаласида тўсиқ йўқлиги учун ҳам россиялик спортчиларнинг халқаро майдонлардаги иштироклари ҳақида етарли маълумотга эгамиз. Шундан келиб чиқиб, ҳар икки томон ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашида қандайдир муаммолар бўлади деб ўйламайман.

Айни вақтда Россия спорти янги босқичга қадам қўйиш арафасида турибди. Ортда қолган муаммолар яхшилаб ўрганилган, таҳлил қилинган ва шундан келиб чиқиб, халқаро майдондаги натижаларни янада яхшилаш устида иш бошланган. Биз биламизки, бу ерда потенциали юқори бўлган спортчилар жуда кўп. Россия бежизга Олимпиада ўйинларининг умумжамоа ҳисобида пешқадамлардан бири ҳисобланмайди. Шундан келиб чиқиб, биз бу мамлакат спортининг яхши томонларини ўзлаштиришга ҳаракат қиламиз. Айниқса, енгил атлетика, сузиш, қишки спорт турлари, волейбол, гимнастика каби турларда улардан кўп нарсалар ўрганишимиз мумкин”, — дейди МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида Александр Жуков Россия спорти Ўзбекистон билан бажонудил ҳамкорлик қилишини таъкидлади. “Ўзбекистон томонининг қўллаб-қувватловини ҳис қилиш биз учун жуда ёқимли. Биргаликда бир қатор марраларга эриша оламиз деб ишонаман. Боиси Ўзбекистон иқтидорлар замини, унда салоҳияти юқори бўлган спортчилар жуда кўп”, — деди Жуков учрашув чоғида.

Меморандумга кўра Россия ва Ўзбекистон спортчилари биргаликда иштирок этадиган мусобақалар сони кўпаяди. Келишув фақатгина спортчилар миқёсида бўлиб қолмай, россиялик машҳур мутахассислар ўзбекистонлик мураббийларга ўқув-курслар, семинарлар ҳам ташкил этиб беради. Шунингдек, соҳа ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган адабиётлар, дарсликлар янги ташкил этилаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети учун ҳам берилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!